КИРИШ
Ушбу мақолани ёзишимга, аввало, бир тасодифий воқеа туртки бўлди. Шу тасодифий воқеани аввал қисқача айтиб берсам.
Ҳамма шаҳарларда каби, бизнинг шаҳримизда ҳам, эски китоблар билан савдо қилувчи ёймачилар бор. Бир ойдан зиёд аввал, бир тротуар четидаги, шундай китоб ёймалардан бирини томоша қилиб турганимда, ёши 45-50 лардаги, икки киши келиб, бири сотувчидан:
– Ака, “Шайбонийнома” борми? Сотилиб кетмадими? Яқинда кўриб кетгандим, – деб қолди. Сотувчи:
– Бўлса, шу ерда бўлади, қаранглар, – деди.
Икков келган одам, ёйилган эски китобларни кўздан кечира бошлашди. Ўзларига керакли китобни қидириш чоғида, улар бир-бирлари билан кескин охангда бахслашарди. Бири:
– Хозир топаман… бу достон, – деса, иккинчиси:
– Э, роман бу! Тилвизорда киносиям бўган, кўрмаганмисан? Бобир билан Шайбонихон роса жанг қилишади-ку? – деб жавоб қилди. Унга буниси:
– Э, чаласавод, бу шеър қилиб ёзилган достон! Муҳаммад Солиҳ ёзувчимас, шоир! Шайбонийхонни у “Бирлик”ни (!) бошлиғи бўлишидан олдин ёзган, – дейди…
Улар китобни топишолмади, ва бахсни давом этишганча, кетишди. Икковларининг саводхонлик даражасини хисобга олганда, бахсга аралашишдан наф йўқ эди…
Кейин, ўша кунларда www.uzbekistanerk.com веб-сайтда Салай Мадаминов ҳақида, унинг укаси Мақсуд Бекжон “Миллат шоири” сарлавхали мақола эълон қилиб қолди. Ўша кунлардаёқ (китоб ёймасидаги воқеа таъсирида), М.Бекжоннинг мақоласига раддия рухида, мен, Муҳаммад Солиҳ ҳақидаги мазкур мақолани ёзган эдим.
Лекин муқаддас Рамазон ойи кириб қолганди. Жанжалкашликда, ва С.Мадаминов Прагада ўтказган йиғилишига нисбатан хасадгўйликда айбланмаслик учун, бу мақолани бир ой кечикиб эълон қилмоқдаман.
Айтишим жоиз, мазкур мақолам сиёсий фаолиятга нисбатан, кўпроқ адабий ахкомларга тааллуқли, ва С.Мадаминовни обрусизлантириш, ёки, унинг ва тарафдорларининг ибораси билан айтганда, унга “тош отиш” мақсадда эмасман.
Лекин адабиёт соҳасида, С.Мадаминов муаллифликка оид ҳуқуқий ва маънавий мезонларни қўпол равишда бузаётганлигига жамоатчилик эътиборини қаратишни ўз бурчим, деб билдим. Шу билан бир қаторда, ҳақиқий Муҳаммад Солиҳ ким эканлигини, имконим доирасида, элга таништиришни зарур, деб топдим.
Вақт ажратиб, мақоламни ўқиб чиқмоқчи бўлганингиз учун, олдиндан раҳмат! Ҳолисона фикр билдирасиз деган умиддаман. Марҳамат!
МУҲАММАД СОЛИҲ
Муҳаммад Солиҳ (тўлиқ исми: Нур Саид ўғли Муҳаммад Солиҳ) шоир, сиёсатчи ва замонасига монанд, диний олим, 1455 йили Хоразмда туғилган.
Бобоси Амир Шоҳ Малик темурийлар сулоласида катта амирлардан бўлиб, Улуғбек Мирзога васийлик ва мурабийлик қилган.
Отаси Нур Саидбек тимурийлар Улуғбек Мирзо, Жуғи Мирзо ва Абусаид Мирзоларнинг саройларида давлат ишларида хизмат қилган. Байқаро Ҳусайний 1469 йили Хирот тахтини эгаллаб, Абусаид Мирзонинг яқин амирлари қатори, Нур Саидбекни қатл этдирган.
Бу боисдан Мухаммад Солиҳ темурийларнинг душманига айланган ва у Шайбонийхон томонига ўтиб, умрининг оҳиригача қўлида қалам ва қилич билан темурийларга қарши курашган. У Шайбонийхоннинг давлат ишларида ва харбий юришларида доимий маслахатчиси бўлган.
Муҳаммад Солиҳ ижод борасида Шайбонийхон саройида “амирул умаро малик уш-шуаро” (амирлар амири, шоирлар шоҳи) мақомига эришган. Бизгача етиб келган асарларидан 76 бобли, 8902 мисрадан иборат “Шайбонийнома” асаридир. Бу асар бир ёқлама, тарафкашлик (тенденциозлик) билан ёзилган.
“Шайбонийнома” бир ёқлама ёзилганлигини, ундаги қуйидаги парчалардан билиш мумкин:
…
Бу жамоатки, кўрарсан ҳоло,
Тана тирно билан бошлаб ғавғо,
Ичадурлар кеча кундуз бода,
Дину иймон соридин озода.
Атодин бордур ўғул нохушнуд,
Атони ўғул этой дер нобуд.
…
яъни, бу темурийларнинг достонда ўрин олган кўплаб таърифлардан намуна. Шайбонийхонни эса Муҳаммад Солиҳ:
…
Тангрининг сояси Шайбонийхон,
Ким ани қўйди халифа раҳмон,
Барчанинг яхшилиги онинг қошида,
Барчанинг давлати онинг бошида.
…
Ўзга хонлар каби мажлис қурмас,
Айшу ишлар саридин дам урмас.
Бода ичмоқ сори бўлмас мойил,
Бир замон ишимдин эрмас ғофил.
…
каби мисралар билан мадх этади. Зеро, Шайбонийхонни илмга ўта берилган, тангрининг зикри билан кеча-ю кундуз машғул, беозор, раҳмдил ва кечирувчан хукмдор сифатида таърифласа-да, Қарши ва Андижонни икки ойлаб, Самарқандни олти ой қамал қилиб, очлик ва ташналикдан силласи қуриб, овкат ва сув излаб чиққанларни ушлаб, масхаралаш, бошқаларни қўрқитиш учун, уларнинг кулоқ ва бурниларини кестиришга буйруқлар берган. Достонда Самарқанд қамали шундай таърифланган:
…
Ташқари меваю ошлик бисёр,
Ҳарна лашкарга керак, бор-тайёр.
Ташқари боғлар ичра анҳор,
Ичкари сувсиз улус йиғлаб зор.
…
Шайбонийхон Ургенчни қамал этганда, одамларни очликдан ит, эшак ва, хатто, ўз фарзандларини ейишгача олиб борган. Достондаги:
Эшаку ит эти дори бўлди,
Давр кўрғонда бу тавр эврулди.
…
Едилар ёшгина ўғлонларни,
Жуъдин қутқарибон жонларни.
…
каби мисралар, Шайбонийхонни шафқатсизликда бошқа хонлардан фарқ қилмаслигининг, Мухаммад Солиҳни эса, интиқом туйғуси туфайли, нохолис қалам юритганлигининг эътирофи келиб чиқмоқда.
Бироқ, Мухаммад Солиҳнинг “Шайбонийнома” асари қай руҳда ва қай мақсадда ёзилганлигидан қатъий назар, бу асар нафақат ўзбек адабиётида, балки, жаҳон адабиётида дурдона асарлардан биридир. Зеро, у нихоятда юқори бадиий услубда, санъаткорона ёзилган. Бундан ташқари, “Шайбонийнома” ўзбек адабиётидаги биринчи тариҳий (хроник) достондир. Унда, ўша даврнинг жараёнлари акс эттирилган бўлиб, бугунги кунда, тарихшунослар учун мухим таянч манбаълари бўлиб келмоқда.
Булардан ташқари, Муҳаммад Солиҳ ҳақида Алишер Навоийнинг “Мажолис-ун-нафоис”, Заҳириддин Бобурнинг “Бобурнома”, Хондамирнинг “Тарихи Рашидий”, Алифбек Озарнинг “Оташқада”, Сомийнинг “Музаккир-ул-аҳвоб” асарларида сўз юритилган. Уларда ва яна бошқа баёзларда унинг (“Шайбонийнома” достонидан ташқари) ижодидан кўплаб намуналари келтириган. Муҳаммад Солиҳ форсийда ҳам олий савияда қалам тебратган.
Бинобарин, келиб чиқмоқдаки, ҳар жиҳатдан Мухаммад Солиҳ ўз замонасининг забардаст шоирларидан бири бўлиб, ўзбек адабиётида муносиб ўз ўрни ва ўз муаллифлик ҳуқуқларига эга, улуғ сиймодир!
***
САЛАЙ МАДАМИНОВ
Ўтган асрнинг саксонинчи йилларнинг охирида, адабий мезонларга нисбатан, кўпроқ, сиёсий тамойилларга мувофиқ танилган, шоир Салай Мадаминов ҳам “Муҳаммад Солиҳ” тахаллуси билан ижод қилиб келмоқда. Тўқсонинчи йилларнинг бошида, давр жараёнлари С.Мадаминовни сиёсий саҳнага олиб чиқди. У бир-мунча дунёвий сиёсий фаолият юргазиб, Ўзбекистондаги амалдаги хокимиятга мухолиф арбоб сифатида ном қозонишга, ҳақли равишда сазовор бўлди.
Бироқ сиёсатнинг нуктадон жиҳатларидан камхабар С.Мадаминов, кўплаб мағлубиятларга учраб, мухожиратга юз тутишга мажбур бўлди. 1993 йилдан бир-неча хорижий давлатларда кун кечирди. Айни вақтда Туркияда яшаб, адабий ва сиёсий фаолиятини давом этмоқда.
Лекин хокимият учун курашда С.Мадаминов эндиликда, дунёвий тамойиллардан воз кечган ҳолда (ўзи буни тан олмай), диний ғоялар остида фаолият юргазиб, шоирлик хусусиятларини (ўнлаб қатла ошириб) ўз тарғиботига ишлатиб келмоқда.
Манзум асарларининг тахлилидан, ўрта меъёрдан қуйи баҳога лойиқ бўлса-да, С.Мадаминов ўзи ва унинг сиёсий маслакдошлари, уни даҳо шоир сифатида тақдим қилишга уриниб келишмоқда.
Яқинда С.Мадаминовнинг укаси Мақсуд Бекжон “таниқли”, “иқтидорли”, “буюк”, “улуғ” каби сифатларни ҳам акасига кам кўриб, уни “миллат шоири” атаб, акасини, бир йўла миллатнинг елкасига миндирибгина қўйибди!
Акасига бу “сано” бениҳоя хуш ёқиб, зора, “укам сал ошириб юборибди”, деб жамоатчилик олдида, бир оз камтаринлик ифода қилиб ҳам қўймади. Аксинча, лом-лим демай, С.Мадаминов, ўзига номақул фикр айтганларни ердан олиб ерга уриб, сайтларда чиқишларини давом этди.
Ўз мақоласида М.Бекжон, акаси “миллат шоири” эканлигини исботлаш учун, “програм шеър” ибораси билан, қуйидаги “шеър”ни намуна келтирибди:
Мен сўзларни енгиб яшайман,
Ишим шундай – сўзларни енгмоқ.
Қорни тўқ,
Боши бўш
Мешчан сўзларни
Агар сен ҳам енгмоқчи бўлсанг,
Уларни айтма бир иложини топ.
Лаззатлана бил,
Айтмай, чидаб, яшаганингдан,,,
…”Булар-чи?” дейсанми?
Бу сўзлар-мени енгган сўзлар,
Илож йўқ…
…
Бу “програм шеър”ни, камина кимга ўқиб берса, шеъриятдан узоқ, чаласовод кишилардан ҳам, “вей, бунақа шеърни манам ёзоламан” каби хитоблр янгради!
Ака-укалар хафа бўлмасинлар-у, лекин бу каби “програм шеър”ларнинг ўнлаб тўпламларини чиқарганда ҳам, ҳеч ким миллат шоири бўлолмайди!
Сирасини айтганда, кейинги юз йилликдаги ўзбек шоирларнинг (истеъдоди ва замонасини акс этиш тамоилидан) одилона рўйхати тузилса, биринчи ўн ўринни Ҳабибий, Чўлпон, Маҳжурий, Зулфия, Ниҳоний (Ҳамза), Рауф Парфи, Ғофур Гулом, Ҳамид Олимжон, Эркин Воҳидов, Туроб Тулалар эгалласалар-да, С.Мадаминов юзликдан ҳам жой ололмаган бўларди.
Шундай бўлса-да, Салай Мадаминов ўз қобилиятига яраша бадиий ижод қилишга ҳам, сиёсий фаолият юргизишга ҳам ҳақлидир. Лекин С.Мадаминов, ҳуқуқий ва маънавий тамоилларга мувофиқ, “Муҳаммад Солиҳ” адабий тахаллусдан фойдаланишни бас қилиши керак!
Муҳаммад Солиҳнинг асарларини ўзиники қилиб бевосита кўрсатмаса-да, билвосита бунинг акси бўлиб чиқмоқда. Яъни, аҳолининг маълум қатламлари, Муҳаммад Солиҳнинг “Шайбонийнома” достонини Салай Мадаминов ёзган, деб тасаввур қилиб келмоқда. Яъни, халқ, 15-16 асрларда яшаб ижод қилган Муҳаммад Солиҳни хозирда яшаётган Салай Мадаминов деб ўйламоқда.
Бинобарин, Салай Мадаминов Муҳаммад Солиҳнинг шуҳрат ва обрўсига носазовор эга бўлиб келмоқда. Ҳамма нарсани ўз номи билан атасак, бу ошкора плагиатликдан ўзга нарса эмас!
Жаноб С.Мадаминов ўзи, мазкур мақолага бир нима дейишдан аввал, ўзига ўзи:
– Агар “Алишер Навоий” деб, кимдир бугун ўзига адабий ва ёхуд сиёсий тахаллус қўйиб олса, бу қандай баҳоланган бўларди?!, – деб савол берсин, ва ўзи холисона жавоб берсин.
У қандай жавоб беришидан қатъий назар, биз:
– Алишер Навоий номини эгаллашга ҳеч ким ҳақли эмас каби, Муҳаммад Солиҳнинг номи ҳам эгаллашга ҳеч ким ҳақли эмас, – деймиз!
***
С.Равоний.
22 08 2012
***
Илова изоҳ:
… Сирасини айтганда, кейинги юз йилликдаги ўзбек шоирларнинг (истеъдоди ва замонасини акс этиш тамоилидан) одилона рўйхати тузилса, биринчи ўн ўринни Ҳабибий, Чўлпон, Маҳжурий, Зулфия, Ниҳоний, Рауф Парфи, Ғофур Гулом, Ҳамид Олимжон, Эркин Воҳидов, Туроб Тулалар эгалласалар-да, С.Мадаминов юзликдан ҳам жой ололмаган бўларди…
Мазкур банддаги айтиб ўтилган шоирлардан кимнидир, кимдир, “маддоҳий” деса-да, Алишер Навоий ҳам Султон Байқаро Ҳусайнийга бағишлаб, қасида битганлигини унутмайлик.
Лекин С.Мадаминовни “Муҳаммад Солиҳ” тахаллуси билан (изоҳсиз) тақдим этувчи ОАВ вакиллари ҳам, мустақил сайтлар сохиблари ҳам, плагиатликни қўллаб-қувватловчилар сирасига биринчи навбатда кирадилар.




