БАЙРАМИНГИЗ МУБОРАК!

         Мана,  бир   ой   мобайнида  Яратганнинг  фарзларидан  бирини   бажариб, муборак кунга   ҳам   етиб   келиб   қолдик. Шундоқ  улуғ    кунда  афсус  билан   айтамиз-ки, кейинги   бир   йил   мобайнида  баъзи   бир   сафдошларимиздан   айрилдик. Наманганлик  олим, устозимиз  Алижон   Обидов, “Бирдамлик”Ҳаракати ахборот марказининг Фарғона вилояти мухбири, драматург, ҳукукбон Иномжон Турсунов, “Бирдамликнинг аъзоси ва маслаҳатчиси Абдуманноб Пўлат,  Янгийўллик    сафдошимиз  Акрамхўжа   Муҳиддинов  ва бизларни   ҳаракатларимизни  қўллаб   қувватлаб   келган  баъзи дўстларимиз  бугун орамизда   йўқ.  Елкамизда   қўшимча   вазифалар   турибди. Бундан   буён, барчамиз  орзу   қилган   кунларга   тезроқ   етишмоқ   нияти   ила,  бу   оламни   тарк   этган  дўстларимиз учун   ҳам   икки   ҳисса   кўпроқ   ишлашимизга   тўғри   келади.

 

       Бир   ой   мобайнида,   қўлимизни   дуога   очганимизда,  Яқин   Шарқ мамлакатларида,  озодлик    йўлида   қурбон   бўлган   биродарларимизни   оҳиратлари обод   бўлишини  Оллоҳдан   сўрадик. Курашни   давом   эттираётган   дўстларимизни   эса тезроқ   мақсадларига   етишлари   учун,  дуо   қилдик.  Бундай   курашлар  золимлар зулмидан   жабр   тортаётган   бошқа   халқларга   ҳам   насиб   этсин.

 

        Пайғамбаримиз   Муҳаммад-алайҳиссаллом   “  Агар   одамлар   золимни   халққа қарши   қилаётган  жабрини   кўра-била   туриб     уни   тийиб   қўймасалар,  унинг касофатидан  Аллоҳ   таоло   ҳаммага   баробар  азоб-уқубат   юбориши   мумкин”   деган эдилар.  Яна:  “Ҳақсизликни   кўра-била   туриб   жим   турган  кимса,   тилсиз  шайтондур” дедилар. Сиз   билан   биз   ҳам   “Тилсиз   шайтон”   бўлмасликка   ҳаракат қилаётган  кишилардирмиз. Барчаларимизни   мана  шундай   эзгу   ишларимизни   амалга ошишига Оллоҳ   мададкор   бўлсин. 

 

 Дўстларим!   Фарғона   водийсида   фолият   олиб  бораётган  “Бирдамлик”чилар номидан,   барчангизни  Ийд- Рамазон   ҳайити  билан   чин   қалбимдан   табриклайман. Илоҳим, янанги   шу   кунларгача   қаторимиздан  ҳато   бўлмай,   соҳу  саломат  бўлайлик. Омин!

 

                                                  Носир   Зокир.  

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares