МАВЛОНО БОБОРАҲИМ МАШРАБ ИЖОДИДАН

1. Ғазал

2. Зулқавофиъ

3. Мусаббаъ

***

ОҲИСТА-ОҲИСТА

Борурман остонасинга саҳар оҳиста-оҳиста,

Сурарман кўзларимга хоки дар оҳиста-оҳиста.

Ўтар бир-бир босиб ул шўх, боқмас бевафоликдин,

Эрур андоқ вафосиз умр ўтар оҳиста-оҳиста.

Кичикликдин, нигорим, аччиғ айтса, айб эрмасдур,

Ки васлида бўлур ширин самар оҳиста-оҳиста.

Жамолинг баркамол ўлди, бўлур бир-бир хатинг пайдо,

Баҳор ўлса ўсарлар сабзалар ҳиста-оҳиста.

Борур мискин бу Машраб гул юзингни кўргали, аммо,

Кўролмай гул юзунг йиғлаб турар оҳиста-оҳиста.

***

МЕНИ ЙЎҚЛАР КИШИМ БОРМУ

Намангондин кетар бўлсам, мени йўқлар кишим борму?

Ғариблиқ шаҳрида ўлсам, мени йўқлар кишим борму?

Қани қавму қариндошим, бу йўлда бўлса йўлдошим,

Кўзимдин оқизиб ёшим, мени йўқлар кишим борму?

Муҳаббат шарбатин ичтим, қазондек қайнабон тоштим,

Бу фоний дунядин кечтим, мени йўқлар кишим борму?

Тушубдур бошима савдо, рамузи ишқ(е)дин ғавғо,

Ўзига айлади шайдо, мени йўқлар кишим борму?

Турарга тоқатим йўқтур, юрарга ҳолатим йўқтур

Юракда ишқ ўти чўқтур, мени йўқлар кишим борму?

Қарорим йўқ турай десам, Намангонда юрай десам,

Жаҳонни сайр этиб кесам, мени йўқлар кишим борму?

Бу мискин зор Машрабни кўр, киши ҳолини билмайдур,

Бу ердин кетсам агар, бир, мени йўқлар кишим борму?

***

ЖОНИМА РОҲАТ

Эй ғунчаи навхези гулистони малоҳат,

Эй тоза ниҳоли чаманоройи назокат,

Зулфи сияҳинг фитна-у, холи хадинг-офат,

Йўлунгда тегар бошима минг санги маломат,

Мақбулсан эй дилбари хуш лаҳжа бағоят,

Ваҳ-ваҳ, на гўзалсан, на ажойиб, на қиёмат,

Ҳай-ҳай, на жафо қилса санам жонима роҳат.

Ул холики кунжи лаби жанона тушубдур,

Жон олмоқ учун кўзлари мастона тушубдур,

Хинду бачао мулки Сулаймона тушубдур,

Ул чоҳи захандонига бир дона тушубдур,

Чун Юсуфи Қанъонки бу зиндона тушубдур,

Ваҳ-ваҳ, на гўзалсан, на ажойиб, на қиёмат,

Ҳай-ҳай, на жафо қилса санам жонима роҳат.

Гулгунчаи нозик баданим, лолаъузорим,

Шамшод қадим, сийм таним, чашми хуморим,

Ҳусн(и) мулкин султони ўзинг – шоҳсуворим,

Кел олдима, жон садқа қилай сенга нигорим,

Ҳам сабру қарор қолмади, дилда мадорим,

Ваҳ-ваҳ, на гўзалсан, на ажойиб, на қиёмат,

Ҳай-ҳай, на жафо қилса санам жонима роҳат.

Ҳуснинг варақида ўқудим турфа ажиб хат,

Ёким ясамишлар табақи лаъли забаржад,

Рафторинг ила қоматинг, эй тўбийи хушқад,

Бир шеваи ноз айла, агар неку ва гар бад,

Жоним берайин зулфи сиёҳинга мужаррад,

Ваҳ-ваҳ, на гўзалсан, на ажойиб, на қиёмат!

Ҳай-ҳай, на жафо қилса санам жонима роҳат!

……

Даврон эли бу тарзи нигоҳингга тасаддуқ,

Оҳуи Яман чашми сиёҳингга тасаддуқ,

Жанонаи Чин зулфи дутоҳингга тасаддуқ,

Боғдод ила Рум тарфи кулоҳингга тасаддуқ,

Мен ҳам бўлойин рўйи чу моҳингга тасаддуқ,

Ваҳ-ваҳ, на гўзалсан, на ажойиб, на қиёмат!

Ҳай-ҳай, на жафо қилса санам жонима роҳат!

Ҳар дам мени бечора қилиб дод ила афғон,

Кўйингда юрубман неча йил бесару сомон,

Ул сарв(и) қадинг ёди-ла қумри каби нолон,

Қурбонинг ўлай, мунча мени қилма, пари, қон,

Сен жумла жаҳон сарвари жононаи даврон,

Ваҳ-ваҳ, на гўзалсан, на ажойиб, на қиёмат!

Ҳай-ҳай, на жафо қилса санам жонима роҳат!

*****

Матн терувчи С.Равоний.

Андижон.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares