
“Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракати ҳозиргача, марказда нечта тадбир ўтказган бўлса, бирортасига, турли тўсқинчиликлар оқибатида бориш насиб этмади. Мен кўп йиллик тажрибаларимга таяниб бу тўсиқларни ёриб ўтиб кетишим мумкин эди. Лекин сафимизга янги қўшилган фаолларимизни бирортасига тазйиқ ўтказилса, улар қўрқув асносида чекиниб, қилиб турган ишимизга ҳам зарар етишини ўйлаб, шу кунгача эхтиёткорлик билан иш қилиб келдим. Чунки вилоятимиз маркази ва туманларида нечта йиғилиш қилган бўлсак бирортасига тўсқинлик бўлмаётган эди-да. Шуларни ўйлаб мулоҳаза билан иш тутиб келаётган эдим. “Бирдамлик” раҳбариятининг бу сафарги савобли тадбирига нима қилиб бўлса ҳам сафдошларим билан боришга қарор қилдим.
Тадбир яқинлашган сари назорат кучайиб борди. Бормасликка даъватлар ҳам бўлди. Ҳеч қайсисига эътибор бермадим. Баъзи туманлардаги фаолларимизга ўзларини алоҳида боришларини тушинтирдим. Ҳозирча уларнинг ҳолатини тўлиқ аниқлашга улгурмадим. 10- Август куни мен, матбуот котибимиз Адҳам Отабоев, “Ташаббускор аёллар” гуруҳимизни раҳбари Рухсора Валихонова уччаламиз Наманган шаҳридаги Тошкентга қатновчи ҳусусий машиналар марказига бориб, бир машинага ўтирдик. Бизнинг сафимизга яна бир йўловчи ҳам қўшилди. Намангандан чиқиб Тўрақўрғон постига борганимизда бизни тўҳтатишди. Ажабланарлиси бизга индамай ҳайдовчидан ҳужжатларини билан юришини сўраб, уни бир ўзини ичкарига олиб кириб кетишди. Ярим соатлар ўтгач, ҳайдовчи шошиб чиқиб: – Акалар уйдан қўнғироқ бўлиб қолди. Мен Тошкентга бормайман- дедида тезликда, бизларни постга ташлаб, кетиб юборди. Тушиндикки яна марказга боришга ҳаракат қилсак, шу ҳолат такрорланади. Уша ерни ўзидан ташкилотимизни Ўзбекистон бўлими раиси Малоҳат Эшонқуловага қўнғироқ қилиб уччаламиз бирма-бир вазиятни тушинтирдик. – Вазиятга қараб иш қилинглар- деди Малоҳат. Кейинчалик билсак, тадбирга ўзоқдан Хоразм вилоятидан икки киши, Тошкент шаҳри фаолларидан 8 киши келибди холос.
Мен бир нарсага ҳайронман. Бизни ташкилотимизнинг шиори “Ўзбекистонда зўравонликсиз демократик жамият қуриш”дир. Агар шундай тинч йўллар билан иш олиб борувчи ташкилотларнинг шундай тадбирлар ўтказишига йўл берилмасликка ҳаракат қилишлар давом этаверса , эртага бизларни ўрнимизни жангари ташкилотлар эгалламаслигига ким кафолат беради? Аҳир 10 Август кунги тадбирга борганимизда биз нима қилишимиз мумкин эди? Бундай ишларга қаршилик қилаётганлар Ўзбекистонни жахон оммаси олдидаги обрўйини ўйлайдиларми- йўқми? Чунки бугунги воқеалар дунёга тарқалади. Дунё оммаси Демак Ўзбекистонда тинч йиғилишлар ҳам ўтказиш мумкин эмас экан- деган фикрга боради-ку! Бу Ўзбекистон обрўсига зарар етказмайдими? Қолаверса Ўзбекистон Конституциясида, маҳсус боб билан, фуқороларни тинч йиғилишлар ўтқазишлари кафолатлаб қўйилган. Мана шу бош Қомусни бузиб, тинч йиғилишларга тўсқинчилик қилишга ҳаракат қилаётганлар фақат ўз манфаатларини ўйламай мана шулар ҳақида ҳам ўйлаб кўрсалар яхши бўлади.
Носир Зокир.