
Мана 2012 йил ҳам ярмидан ошди. Шу давр мобайнида Хоразм вилоятида бир қанча ижобий ўзгаришлар юз берди. Халқнинг турмуши бирмунча юқори кўтарилди. Вилоятда порахўрлик, текинхўрлик, халқни алдовни тобора ҳаддидан ошириб, айшу ишратга берилган амалдорларнинг озгина бўлса-да таноби тортилди. Адолат мезони текислаштирилди. Халқнинг дардини англаб кенг фикрлаши натижасида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи интеллектуал салоҳияти етарли бўлган П. Бобожоновнинг 6 ой раҳбарлигида тартибот бирмунча изига тушди.
Тартиботни назарга илмай, хўкиздай семириб, пишқириб кетган туман ҳокимларининг шашти пасайди. Газ, электр қуввати таъминоти изга тушди. Газ, электр қуввати учун пул тўламай, мағзавани халқ елкасига ағдараётганлар устидан тўғри ҳисобот юритилиб, қарз ҳаволалар пасайди. Кези келганда айтиш лозим: “водопровод” трубалари сувсиз ҳолатидан ер тагида чириб битаяпти. Шунга ҳам эътибор берилса, халқ тақдири бирмунча яхшиланиб, экологик касалликларга дучорликдан фориғлик бўларди.
Россияга ишлашга бориб қайтган йигитларимиз тўлиқиб, ривожланиб, барвасталикни ўзларига жо қилишаяпти. Бу йил Амударё тўлиб оқди. Хоразмга сув келди ва деҳқоннинг кўнгли тўлди. Экинлар вақтида суғорилиб, ривож олмоқда. Сув ҳаётга албатта соғломлик ато қилади. Сув мўл келса, деҳқоннинг омбори емишга тўлади. Бу ўз бурчини садоқат билан адо қилаётган инсонларнинг ҳаракатлари меваси деб биламан.
В. НАЗАРОВ, “Бирдамлик”нинг Хоразм вилояти бўйича раиси.