«Бирдамлик” фаоли Гулҳаё Бобожонова қаерда…

8 августь куни Ўзбекистоннинг куч ишлатар тизимлари томонидан тутқинликга олинган “Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати Фарғона вилояти бўлими етакчиси Гулҳаё Бобожонова кечки соат 19.00 ларда “Мени Фарғона шаҳрида суд қилишди. 5 сутка қамашмоқчи” деганича бедарак кетганди.

Г. Бобожонованинг туғишганлари қаторида маслакдошининг тақдиридан ташвишга тушган “Бирдамлик” ҳаракати фаоллари ҳам тунни нотинчликда ўтказди. Сафдошининг кимларнинг исканжасида, қай аҳволда эканлигига аниқлик киритиш мақсадида 8 августдан 9 августга ўтар кечаси “Бирдамлик”чиларнинг телефонлари тин билмади.

– Ниҳоят, тунги соат 24.00 лардан ўтганда Гулҳаё Бобожонованинг турмуш ўртоғи  Ҳабибулло акадан телефон қўнғироғи орқали  хабар келди, – дейди “Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати Ўзбекистон бўлими етакчиси Малоҳат Эшонқулова, – Сафдошимизнинг турмуш ўртоғига кўра, айни дамда Гулҳаё Бобожонова Фарғона шаҳар маҳкамасида 8 августь куни кечга яқин судга тортилган ва суд қарорига кўра унга қамоқ жазоси  тайинланган.  Ҳабибулло аканинг билдиришларича, улар аввалига, рафиқасини излаб тунда Фарғона шаҳар ички шлар бошқармасида бўлган.

“У ерда 15 суткага қамалганларнинг қароргоҳи ёниб кетганлиги сабабли, таъмирда экан. Шу сабабли, 15 суткага қамалганларни вилоятнинг турли туман ИИБларига жўнатишибди. Шуни аниқлаб билдимки, Гулҳаёни Қува туман ички ишлар бўлимининг подвалига олиб кетишган экан. Бу хабарни эшитиб, Қува туманига йўл олдим.  У кун бўйи туз тотмаганди. Гулҳаёга егулик, нон-сув олиб Қува туман ички ишлар бўлимига келдим.

Бу ердаги ички ишлар ходимларининг гапларига қараганда, ҳақиқатдан ҳам хотинимни шу ерга келтиришган экан. Аммо  у билан кўришишга рухсат беришмади. Ҳатто олиб келган егуликларимни ҳам қабул қилишмади. Гулҳаё то тонгача нима еб, нима ичади энди? Оч эди.” дея хабар берди Ҳабибулло ака. “Суд қарорини кўрдингизми? Унга қандай айблов қўйилган экан?” деган сўровимга  суҳбатдошимдан “Йўқ, била олмадим. Қарор участка нозирида экан. Ярим тун. Участка нозирлари ҳам уй-уйларига кетишганми, кўринишмайди.  Қарорни кўраолмадим ҳам, ўқий ҳам олмадим” деган жавоб  олдим.

“Бирдамлик” халқ ҳаракати етакчиси Гулҳаё Бобожонова айни дамда Қува туман ички ишлар бўлимининг ертўласида сақланмоқда. Суд қарори то Гулҳаёнинг турмуш ўртоғи Ҳабибулло аканинг қўлига етиб бормагунга қадар, Г. Бобожонова қай бир гуноҳи учун қай бир кодекснинг қай бир моддасига асосан жазога тортилганлиги ҳам, унга неча сутка қамоқ жазоси тайинланганлиги ҳам сирлигича қолади, – деди М. Эшонқулова суҳбатимиз сўнгида.

Гулҳаё Бобожонова тақдири  Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ўта қўпол равишда бузилаётганлигининг, фуқароларнинг  конститутсиявий ҳақ ҳуқуқлари ҳар он, ҳар дақиқада ҳуқуқ поспонлари томонидан  оёқ ости қилинаётганлигининг   инкор этиб бўлмайдиган далидир.

 

“Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати Ўзбекистон бўлими Матбуот маркази

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares