Шу кунларда ярим тунда, Ўзбекистон марказий телевидениеси орқали ёзувчи Ойбекнинг “ Навоий” асари асосида, бундан 30 йиллар олдин тайёрланган шу номдаги телесериал намойиш этилмоқда. Ушбу асарнинг бир кўриниши менинг диққатимни тортди. Фитна билан вазир Навоийни Ҳиротга қувғин қилдириб, унинг ўрнини эгаллаган Мажидиддиннинг яқинларидан бири, ҳазратнинг содиқ шогирди Султонмуротга қуйидаги мазмунда таклиф билан мурожаат этади: – Султонмурод, Оллоҳ томонидан сизга берилган иқтидор чексиздир. Келинг, биргалашиб, Подшоҳ жаноблари номларидан бир китоб ёзайлик. Подшоҳим олдиларинда чексиз ҳурматға эришар эдик. Нима дейсиз? Султонмурод бу таклифга шундай жавоб беради: – Бировнинг номидан китоб ёзиб виждонимни ютмоқчи эмасмен! –
Телесериални шу ерини кўриб, ҳозирги кунда мустабид Президентларга китоб ёзиб бераётган кимсалар эсимга тушиб кетди. Улар ҳам ушбу телесериални кўраяптилармикин? Кўришаётган бўлса, озгина бўлса ҳам виждонлари қийналяптимикин? Ундай десам, бундай кимсаларда виждон бўлса қийналадида. Аксинча улар – Ана уша замонларда ҳам, Ҳукмдорларга китоб ёзиб берадиганлар бор эканку! – деб, ўзларини жирканч виждонларига таскин берсалар керак.
Телесериалнинг яна бир жойи эътиборимни жалб этди. Мажидиддин атрофидаги гумашталарини йиғиб, уларга шу мазмунда гапиради: – Алишер Наовой Ҳиротда туриб Подшоҳи олийга шундай мактублар ёзаяпдики, уни ёзишича мамлакат ҳаробага айланиб, адолатсизлик ҳукм сураётган эмиш. Буни олдини олмасак, эртага Навоий қайтиб келса, ҳаммамиз ҳароб бўламиз. Душман анойи эмас. У ўта ақиллидур-
Телесериални мана шу жойини кўриб мухолифатчилар эсимга тушиб кетди. Тавба! Уша даврларда ҳам, халқнинг ёнини олиб, хақиқатни айтганларни ҳукумдор доиралар душманга чиқаришган эканда! Аслида душман ким? Ҳукмдорни, атиги сиёсат учун кўкларга кўтариб мақтаётганларми? Ёки уни танқид қилаётганларми? Буни ажратиш осон. Фақт коммунистик ғоялар билан тўлиб кетган ҳум каллани озгина ишлатиш керак ҳолос. Ундай десам, бундай ғоя билан суғорилган каллани ишлатиб бўладими! Бундай каллани очиб, ичига демократия деган ғояни жойламоқчи бўлсангиз, бундай калла бунақа ғояни қабул қилмайди. Бас шундай экан, бундай калладан вақтида воз кечган яхшироқдур.
Носир Зокир