“Қилмиш-қидирмиш, пешонасига бир мушт” деганлари рост экан-ай.
Узоқ улка Ўзбекистонда, Самарқанднинг Оқдарё туманида “Оқдарёнинг оқбилак хонимларига тезак ёқтираман” деган иддао билан бел боғлаб, енг шимариб ҳокимлик амалига киришган валломат Нурали Бердибоевнинг хурмачага сиғмайдиган қилғиликлари хусусида кўп ва хўп эшитгансиз. Ёдингиздан кўтарилдими? Унда хотирангизга соли қўяй:
Элга йиллаб электр бермай, токни тежагани учун Ўзбекистон ҳукуматидан Некция дейилмиш тулпорни туҳфа тариқасида эгарлаган худди мана шу ўзимизнинг ҳоким жаноблари Бердибоев бўладилар.
Мактаб ўқувчи-ю ўқитувчисидан тортиб, оғир оёқ аёллару юргакдаги гўдакга қадар – жамики Оқдарё аҳлини ўз ҳукмига солиб, эрта баҳорда йўл ёқалаб қавоқ уруғини қадатган, камига, уруғ тепасига яхна ичимликларнинг кесилган бокалажкасини “қалпоқ” қилиб кийдириб, бой бўламан, оқдарёликларнинг қорнини тўйғазаман деб керилган ҳам айнан мана шу Нурали бой бўладида, агар билсангиз!
Айнан мана шу Бербибоев деганлари Оқдарё савдогарларини чангида қолдириб кетадиган ко-оотт-та безнисмен Озодоойга 40 миллон сўм тортиқ қилиб, қўйнига кирган, бунинг куйигага ориятига чидай олмаган эри … ака раҳматлик ўзини осиб ўлдирган эди бир пайтлар….. Эсингиздами?
“Ким қилмагай, ким топмагай” деганларидек, Оқдарёда хор бўлаётган одамларнинг уволи, кун кўрмаётган элнинг қарғиши тутмай қоларканми, дейсиз? Тутади-да, албатта.
Ҳокимлик шоҳсупасига чиққан Нуралибой озмунча қарғиш олганми, ахир! Эҳ-ҳей, чамаласангиз, нафақат Оқдарёга, бутун оламга сиғмай кетади-ю!!!…
Мен бир кун бошим айланиб бу БЕК билан гаплашиб қолгандим. Дастурхон устида. Май ойлари эди., адашмасам.
– Одамлар товуқмия бўлиб қолган, – деди оғзидаги луқмасини чала чайнаган ҳоким ҳиқичиқ тутиб, – Қайсидир қишлоқда битта бойвачча чор-атрофдаги ўсмирларни йиғиб, урушда ўқ еган отасининг хотирасига хотира трунири – пудбол мусобақаси ўтказаётганмиш. Ютуққа битта говмиш сигир қўйилганмиш. Бориб қарасам, йўқ жойдан фудбол стодинони барпо қилиб, гала чурвақаларни тўплаб ўтирибди. Чатанига ўхшатиб бир тепдим бу бойваччаман деганининг! Ҳа, нима, рости-да, бу ёқда пахтани ягана қилиш керак, бегона ўтдан тозалаш, тагини чопиш, юмшатиш керак. Қанча иш қараб турган бир пайтда олапар итдек коптокнинг кетидан югургилашга бало борми?, – Ҳоким гапираяпти-ю, оғзидан кўпик аралаш чайналган овқат қолдиқлари дастурхон ўзра ёмғир бўлиб ёғилаяпти. “Шиширилган шардек бу бефаросатни ким ҳоким қилиб тайинлаган экан ўзи?” деган ўйда кўнглим айнаб, терс ўгрилдим.
– Хўп қипсиз, соз қипсиз, – ҳокимнинг қўлтиғига сув пуркади дастурхон атрофида ўтирган лаганбардорлар.
– Албатта-да, мен бўларканману, хато иш қиларканманми?, – деди лўттибозларининг қўлловидан илҳомланиб кетган Нурали Бердибойев кўкрагини кериб, – Пудбол-Пудбол ўйинини, тўпнинг кетидан югургилаш қилиғини ўйлаб топган у бойвачча қайдан мол топди ўзи? Мана, нимага аниқлик киритиш керак? Прокурор бовага айтиб, ютуққа қўйилган сигирни мусодара қилдириб юбордим. Ўзиниям обориб-обкелдим. Битта шортиги қолди, шўрликнинг. Қани, янаям копток тептираман деб одамларни ишидан чалғитиб кўрсин-чи?!!!
Ўз қудратидан ҳузурланган каландимоғ ҳоким коптокдек қорнини селкиллатиб, беўхшов ҳиринглади…
– Чакка қипсиз-да, ака, мамлакатимиз раҳбарининг болалар спортини ривожлантириш тўғрисида бир қатор фармонлари бор. Бу фармонларнинг ижросига ўзингиз билмаган ҳолда тўсқинлик қилиб қўйибсиз-ку?, – гап бошладим ярим чин-ярим ҳазил аралаш тагдор оҳангда, – Буёғи қандоқ бўлди энди. Эшитган қулоққа ёмон. Сиёсатга қарши кетиб қолибсиз-ку? Отага етиб борса, сизни …
Гапим чала қолди.
– Эйй-ййй, мухбир опа, – афтини аллатасин бужмайдирган ҳоким гапимни оғзимдан олди, – Тепадагилар биздан пудбол сўрамайди, план сўрайди, план! Қолесарса, Оқдарёда бола спортини ривожлантириш юзасидан ишлар беш кетаяпти. Бу ишни мактаб раҳбарларига топширганман. Ишонмасангиз, ҳисоботларни кўришингиз мумкин. Замимни чақиртирайми, қоғозларини келтиришсинми?
– Йўқ, шарт эмас, сизга ишонмай бўларканми?, – дедим шоша-пиша. Индамасанг, ёлғон, бўлмағур гаплар билан тўлдирилган қоғозлари билан дастурхонни ҳам безайдиган чўти бор ҳоким жанобалирнинг.
Нурали Бердибоевни ўшанда бир бор кўрган, гаплашганим бор. Ул жанобнинг танаввул қилиш жараёнини эса, гапирмай қўя қолай, бир ҳафта туз тотмай юрасиз. Ҳеч Корейс сериалларни кўрганмисиз? Айниқса, тарихийларини. Ундаги иштаҳа билан овқатлана туриб, оғзини тўлдириб гапираётган комик актёрларнинг ижросини-чи? Кўрмаганмисиз? Унда, албата, бир кузатинг, хўпми? Ўшанда оғиз тўла лўқма билан гапирмоқлик, оғиздан туфук ўрнига овқат сачратиб, кекирмоқлик нима эканлигини аниқ-таниқ тасаввур қиласиз. Ва яна бўлар бўлмасга тиш ковлаш, тиш ковагидан чиққан чиқиндини лабининг бир чети билан жамоа ўтирган дастурхонга баҳузур туфлаб қўйиб, камига тиш ковланган чўпчани азизу авлоё билиб, дастурхон устига, неъматлар ёнига ҳеч бир истеъҳоласиз, беҳижолат қўя билиш… ОО-ооо, энди бу дахшат! Бағоят “фуҳму фаросатли” инсоннинг иши, қилғилиғи бу, бундан бошқа нарса эмас….
Қалай, Оқдарё ҳокими Нурали Бердибоев жанобларининг портретини чизиб бердимми, бера олдимми? Афсус, рассом эмасман-да… Дарвоқе, яна ўтлаб кетдим, чамаси, узр, хотиротлар тизгини хаёл қурғурни банди қилди-да…
Хуллас, ўз ҳокимлик фаолияти давомидаги қатор мажлис, йиғин ва анжуманларда бир қанча фермер, раису мактаб директорларининг оч қорнига тепиб, накоут қилиб келаётган “спорт устаси”, “қора белбоғ соҳиби”, Оқдарё халқини дўппослаш, ҳақоратлаш бўйича Ўзбекистон, йўғ-э, жаҳон чимпиони Нурали Бердибоевни куни кеча Яратганнинг ўзи накоут қилибди. Йўқ, ҳовлиқманг! Жонини олиш учун Азроилни юбормабди, ҳартугул. Шунчаки фалаж қилиб қўйибди. Оллоҳнинг карами кенг, афтидан, гуноҳларига тавба қилиб олиш учну имкон берган кўринади. Нима эмиш, Нурали Бердибоев қўл-оёқсиз, тил-жағсиз, тушакка михланиб ётганмиш.
Таассуфки, ҳокимнинг бундай кўргулигидан ҳеч бир кимса қилт этмади, кўнгли ачишмади….
Ҳа-аа-ааа, ким қилмагай, ким топмагай деб мана шунга айтсалар керак-да….
Нимасини айтасиз, Ўзбекистонда Худо уриши керак бўлган Ҳокимлар сони қатор-қатор ҳали….
Орзигул ХУДОЁРОВА
“Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати Самарқнад вилояти бўлими фаоли