Менинг отажоним Эргаш ака Бобожонов Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманига қарашли Ақшай қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли маҳалалардан бирида туғилиб ўсган. Олий маълумотли олим, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, доцент. Эл-юрт ғамини еб яшайотган инсонлардан бири.
Падари бузрукворим Эргаш ота Бобожоновнинг катта бир камчилиги бор: ноҳақликни кўрса жим қараб тураолмайди. Яна бир қусурлари, ҳали ҳануз Ҳукуматга ишонади, ҳукуматга суянади. Шунинг учун ҳам ўз ишига масъулиятсизлик билан ёндашаётган маҳаллий тўралар, порахўр, юлғич амалдорлар устидан адолат истаб Ҳукумтанинг юқори идораларига арз-ҳол қилгани-қилган.
Мен эртага қуёш шарқдан эмас, ғарбдан чиқади дейишса, инонишим мумкин, аммо “Балиқ бошидан сасийди” деганларидек, порахўрлик батқоғига ботиб бўлган Ҳукуматнинг юқори идораларида керилиб ўтирган мансабдорлардан ёруғлик чиқишига ишонмайман, аниқроғи, ишонмайдиган бўлиб қолганман.
Падарим Эргаш ота Бобожонов эса мендан фарқли ўлароқ, ўз қарашларига содиқ, ҳамон Ҳукуматга умид билан кўз тикаётган қариялардан бири. Улар 70 йиллик ишончу умидлари сароб бўлиб чиқишини истамаганлари учунми, билмадим, ҳамон Ҳукуматнинг адолат қилишини кутиб яшайди.
Эҳ, эсиз, бугунги кунда отажонимнинг айнан мана шу ишонувчанлиги, соддадиллиги, адолатсеварлиги бошига кўз кўриб, қулоқ эшитмаган мусибатларни солиб ўтирибди…
Гап шундаки, отам, отамнинг отаси, онаси, бутун қариндош уруғлари ўзимизнинг мана шу Тошлоқ туманидаги Навоий колхозида кўп қатори ишлаган, қишу ёз тер тўккан. Йиллар ўтиб, замон талаби билан колхозларга барҳам берилди. Бизнинг Навоий колхози ҳам тугатилиб, ширкат хўжалигига айлантирилди. Буруннинг одамлари колхозларнинг қудратини яхши билишади. Хусусан, бизнинг Навоий колхози ҳам юзлаб техникаларга эга бўлган трактор парки, минглаб қўй-қўзилардан иборат чорвачилик фермалари, товуқхоналар, колхоз идораси, маданият уйи, кутубхона, почта каби кўплаб биноларга эга бўлган . Ўз-ўзидан маълумки, Навоий колхози (яъни жамоа хўжалиги) тугатилиб, ширкат хўжалигига айлантирилгач, колхоз ўрнида бунёд бўлган ширкат хўжалиги колхозимизга қарашли жамики мулкнинг меросхўрига айланди. Бироқ, кўп ўтмай ширкат хўжалигига ҳам барҳам берилиб, унинг ўрнида кичик-кичик фермер хўжаликлари пайдо бўлди. Бу яхши, ҳеч бир эътирозимиз йўқ албатта.
Бироқ, гап шундаки, Навоий колхози ўрнига барпо бўлган ширкат хўжалиги низомининг бир бандида, “Мабодо ширкат хўжалиги тугатилса, унинг тасарруфида бўлган барча мол-мулк – чорва бўладими, товуқми, техниками, хўжаликка қарашли биноларми, барча-барчаси ким ошди савдоси йўли билан сотилиб ширкат аъзоларига пай шаклида улуш сифатида тақсимлаб берилади” дейилган эди. Буни қарангки, ширкат хўжалигимиз тугатилгач, Фарғона вилояти ва Тошлоқ туманидаги амалдорлар ширкат хўжалиги низомидаги юқорида зикр этилган ибораларни мутлақо унитиб қўйишди. Ҳар доимгидек, деҳқон шўрлик чапагини чалиб, тишининг кирини сўр-ии-ииб қолаверди.
Тугатилган хўжаликга тегишли бўлган бинолар, чорвачилик фермасидаги сигиру бузоқлар, эчки-ю улоқлар, товуқлар, трактор паркидаги саноқсиз техникалар белгиланган тартибдагидек ким ошди савдосида сотилмади дейсизми? Сотилди, албатта. Аммо ундан тушган маблағни, бир сўз билан айтганда, тугатилган ширкат хўжалиги тасарруфидаги барча мол-мулкларни маҳаллий амалдорлар деҳқонларга, ўз эгаларига пай улуши ҳисобида тақсимлаш ўрнига, баднафс жиғилдонларига урдилар.
Айнан мана шундай ҳақсизлик падари бузрукворим Эргаш ота Бобожоновни беҳаловат қилиб қўйган эди. Чунки, юқорида айтиб ўтганимдек, отам шунчаки оддий деҳқон эмас, қишлоқ хўжалиги илмини сув қилиб ичган олим, кандидат, фан номзоди. Фарғона влиояти ва Тошлоқ туман ҳокимлари, харомхўр амалдорлари деҳқонларни чув тушириши мумкиндир, аммо бу борада отамни лаққиллатишлари амри маҳол эди.
Тугатилган ширкат хўжалигининг мол-мулки маҳаллий амалдорлар томонидан талон-тарож этилганлигини кўриб, билиб турган отам жим қараб тура олмади. Тарқатиб юборилган хўжаликга тегишли бўлган мол-мулкни унинг барча ишчиларига пай шаклида улуш сифатида бўлиб берилишини сўраб, ариза ёзмаган идораси қолмади. Фарғона вилояти ва Тошлоқ туман ҳокимияти, қонун ижросини назорат қилишга масъул орган – вилоят ва туман прокуратураси борми, барчасига бир эмас, бир неча маротабалаб шикоят аризалар юборди. Қонун ижросининг мутасаддилари падарим Эргаш ота Бобожоновнинг ҳақли аризасини ҳаққоний ўрганиб, адолатли ҳал қилиш ўрнига, Фарғона вилояти ва Тошлоқ туман ҳокимиятининг вакиллари бизнинг Ақшай қишлоқ фуқаролар йиғинимизда ҳозиру-нозир бўлдилар. Улар отамнинг иштирокисиз, енг учида гуё маҳалла фуқаролар йиғинининг “йиғилишини ўтказишган”. Маҳалла фуқаролар йиғинининг мазкур йиғилиши кун тартибига, табиийки, отам Эргаш Бобожонов томонидан ҳукумат идораларига юборилаётган аризалар муҳокамаси қўйилган. Ниҳоят маҳаллий тўралар ўз муддаоларига эришганлар. Яъниким, Ақшай фуқаролар йиғини йиғилишининг “ Маҳалла фуқароси Эргаш Бобожоновнинг ҳукумат идораларига йўллаётган шикоят аризалари туҳмат, иғво ва ёлғондан иборат бўлганлиги сабабли, Ақшай маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси ҳукумат идораларидан Э. Бобожоновнинг бундан кейинги шикоят аризаларини текшириб кўрмасдан, беэътибор қолдиришларини сўрайди” деган мазмундаги қарорини чиқаришга эришганлар. Табиийки, отам Эргаш Бобожонов ўзининг Конституциявий ҳуқуқларини паймол қилувчи бундай қарорни инобатга олмади, ҳақиқат йўлида ҳаракатдан тўхтамади.
Ширкат хўжалигининг тугатилишига оид муаммо юзасидан маҳаллий ҳокимият ва қонун идораларидан қониқарли жавоб ололмагач, отам Ҳукуматнинг юқори идораларига, мамлакат Президентига, Ўзбекитсон Республикаси Бош прокурорига ариза йўллади. Мазкур аризасида отам Эргаш Бобожонов “Менинг ҳақиқат истаб ёзаётган шикоят аризаларим хўжалик мулкини талон-тарож қилган тўраларнинг қўлига қайтиб бормоқда. Бундай ҳаракатлари билан Ҳукматнинг юқори органлари бор масъулиятни Фарғона вилоят ва Тошлоқ туман ҳокимлигига юклаб қўйиб, жавобгарликни ўз зиммаларидан соқит қилмоқдалар, бунинг натижасида, порахўрлик ва таъмагирликка катта йўл очиб бермоқдалар. Қўлимда далилларим бор. Исбот-далилларимни текширув жараёнида илова қиламан”, дея таъкидлаган эдилар. Таъкидлайман, отам қишлоқ хўжалиги мутахассиси. Шу сабаб ҳам “колхоз”, “совхоз”, ширкат хўжалиги”, “фермер хўжалиги” деган хўжалигу жамоаларнинг ҳаддини олган олимлардан.
Отажонимнинг туман почта алоқа бўлими орқали буюртма хат шаклидаги шикоят аризаларининг жўнатилганига кўп бўлган. Аммо Ҳукуматнинг юқори идораларидан мутлақо сас-садо йўқ эди. Денгиздаги сокинликдан сўнг довул туради деганлари рос экан.
Шу йилнинг 27 июль куни эрталаб соат тахминан 10.00 лар эди. Отам Эргаш Бобожонов Тошлоқ туман Янгийўл зонасида жойлашган танишининг дўконида фуқаролар билан ҳамсуҳбат бўлиб ўтирган бир пайтда Ақшай қишлоқ фуқаролар йиғинининг участка нозири Азиз Аҳмаджонов исмли учатка нозири фуқаро формасидаги икки нафар ўзини таништирмаган номаълум шахслар билан дўконга кутилмаганда бостириб келиб, падарбузрукворимга ўта қўпол муомалада бўлди. “ Бобой, ҳозир сени олиб кетамиз! Биз билан судга борасан! Сени суд қилишади! Энди барча ёз-чизларингга, кирдикорларингга жавоб бериш вақти келди!”, дея 71 ёшли отам Эргаш Бобожоновнинг қўлларини қайириб, эшик томон судрадилар. “Судга олиб кетасанлар? Нима, мен жиноятчиманми? Қандай жиноятга қўл урган эканман?” дея ҳеч нарсадан бехабар отамнинг тўсатдан безориларча қилинаётган бундай муомала ва ҳаракатдан қон босими ошиб, 160 га чиқиб кетди. Юраги ўйнаб, қанд касали хуруж қилиб, “сахири” 11 га кўтарилиб кетди. Қарйиб бехуш ҳолга келган отамни кўрган дўкон мудири Эркиной опа Амриддинова участка нозирига қарата “Азизбек, домла билан битта маҳалладансизлар. Шундай улуғ, рўза кунларида қарияни хўрлашга уялмайсизларми? Нега домлага зўғум қилаяпсизлар? Қани қўлларингда домлани мажбурий тарзда судга олиб кетиш ҳақидаги ҳужжат, борми, кўрсатингларчи?” дедилар. Бироқ участка нозири Азиз Аҳмаджонов ҳеч бир ҳужжат тақдим этаолмагач, ноилож шаштидан тушишга мажбур бўлди. . Қон босими ошиб кетган отамни Эргашой Амриддинова билан суяб-қўлтиқлаб йўлнинг шундоққина у томонида жойлашган хусусий шифохонага етаклаб бордик. У ерда отамга тез тиббий ёрдам кўрсатилди. Аҳволи оғирлиги сабабли, ётиб даволанишлари учун шифохонага ётқизилди.
Эртаси куни мен Ақшай қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли милиция таянч пунктига бориб, участка нозири Азиз Аҳмаджоновни топдим. Аслида у нима сабабдан отамни судга судраклаганлигига, қай судга қай бир айби учун мажбурий тарзда олиб кетмоқчи эканлигига аниқлик киритиш мақсадида уни саволга тутдим.
– Дадангизни судга олиб бориш ҳақида тепадан кўрсатма бор, буни сизга кўрсатаолмаймиз, – деди участка нозири.
– Нимага энди мажбурий тарзда олиб борилиши керак экан? Ахир то шу кунга қадар отамга бирор маротаба судга чақирув қоғози келмаганку? Қай бир судга олиб боришингиз керак эди? Фуқаролик бўйичами ё жиноят ишлари бўйичами? Нега энди? – сўрадим ҳеч нарсага тушунмай?
– Эргаш Бобожоновнинг устидан Ўзбекистон республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40 чими-ей, 41 чимией, хуллас, бир моддаси билан маъмурий иш қўзғатилган экан. Отангиз бўлар-бўлмас ёлғон, туҳмат ва иғво хатлар билан Ҳукумат идораларини алдашга, чалғитишда айбланади. Отангизнинг Республика Бош прокурори номига ёзган шикоят аризаси ҳал қилишлик учун Фарғона вилоят ҳокимиятига қайтарилган экан. Фарҳона вилоят ҳокимияти Эргаш Бобожоновнинг шикоят аризасини экспертларга тақдим этишибди. Экспертларнинг “Эргаш Бобожоновнинг Республика Бош прокурори номига ёзган шикоят аризаси туҳмат, бўҳтон ва иғводан иборат” деган хулосаси бор. Туман ички ишлар бўлими экспертларнинг ана шу хулосасига асосланиб, отангизга нисбатан маъмурий иш очган, – деди участка нозири Азиз Аҳмаджонов
– Нега унда бирор маротаба отамни вилоят ҳокимиятига чақиртиришмаган, нимага прократура чорламаган. Нега, Тошлоқ туман ички ишлар бўлими отамни бир бор ҳам терговга чақирмаган? Устидан маъмурий иш қўзғатилганлиги ҳақида нима учун отамга эълон қилинмаган, айблов хулосаси қўлига берилмаган? – сўрадим ундан титраб.
– Билмадим. Билганларим шу. Қолган саволларингизни судга берасиз? – деди участка нозири бепарво елка қисиб.
Участка нозири билан бўлган суҳбатдан сўнг вилоятда бормаган, қоқмаган эшигим қолмади. Суриштира-суриштира билдимки, отам Эргаш Бобожонов томонидан республика Бош прокурори номига ёзилган шикоят аризаси Фарғона вилоят прокурори Фарҳод Зуфаровнинг қўлига тушган. Ўз навбатида отамнинг шикоят аризаларини вилоят прокурори “Аризачи Эргаш Бобожоновнинг устидан жиноий иш қўзғатилсин” деган “фишка” билан Тошлоқ туманининг янги прокурори Шуҳрат Тўхтаматовга “копток” қилган. Участка нозири айтганидек, экспертларнинг “Э. Бобожоновнинг шикоят аризалари иғводан иборат” деган хулосасига кўра, Тошлоқ туман прокурори Шуҳрат Тўхтаматов падарибузрукворимга нисбатан ЎзРес. МЖтКнинг қайсидир моддаларига (қай бир модда эканлиги ҳамон номаълум. Қўлимизда айблов хулосаси йўқ!) асосан маъмурий иш қўзғатишга муваффақ бўлган. Адашмасам, отамни ёлғон ахборот тарқатишда айблашга уринишмоқда. Ва прокурор Шуҳрат Тўхтаматов “дело”ни Тошлоқ туман ички ишлар бўлимига “оширган”. Бироқ, Тошлоқ туман прокуратураси ҳам, Ички ишлар бўлими ҳам мазкур иш юзасидан, “Ёзган аризангиз бизга келган, сизнинг устингиздан маъмурий иш қўзғатилган” деб отам Эргаш Бобожоновни ҳатто бир бора ҳам хабардор қилишмаган. Ҳеч қандай суриштирув, дастлабки тергов ишлари ҳам олиб борилмаган…. Кутилмаганда эса, отажонимни судга судраш саҳнаси….
Отам Эргаш Бобожоновнинг аҳволи оғирлашиб, касалхонага ётиб қолганини билган суд, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари бир неча кун тинчиб қолишганди.
Аммо ҳаял ўтмай, 2 августь куни маҳкамадагилар яна ғимирлаб қолишди. Шу куни эрталаб соат тахминан 9.00 ларда Ақшай қишлоқ фуқаролар йиғини участка нозирлари бошлиғи Шуҳрат Турдалиев милиция формасидаги ўзини таништирмаган номаълум ходимлар билан касалхонага бостириб кириб, судга чақирув қоғозини тақдим этмасдан туриб, шифохонада, тўшакда бетоб ётган бемор падарим Эргаш Бобожоновни таҳқирлаб, камситиб, судга олиб кетишга чоғланишди. Бироқ отам “Ҳеч қаерга бормайман. Аввалига менга судга чақирув қоғозини тақдим этинглар” деб талаб қилиб туриб олдилар. “Майли, чақирув қоғози керак бўлган экан, чақирув қоғози-да”, дея мийиғида истеъзоли кулганча участка нозирларининг БЕГИ Шуҳрат Турдалиев қоғозини келтириш илинжида ортига қайтди. Кўп ўтмай, Шуҳратбек судьянинг имзоси қўйлимаган, муҳир урилмаган оддий бир парча сохта судга чақирув қоғозини келтирди. Табиийки, бундай “чақирув қоғози”дан отам ҳам, мен ҳам қаноъат ҳосил қилмадик. Таассуфки, суд соат 10.00 га белгиланган, участка нозири эса мазкур “чақирув қоғози”ни, ҳа, дарвоқе, сохта чақирув қоғозини отам Эргаш Бобожоновнинг қўлига роппа-роса соат 10.25 да тақдим этмоқда. Бу ҳам майли-я, қон босими кўтарилиб, касалхонада даволанаётган беморни судга жалб қилиш мумкинми? Отам қандай жиноят қилдики, беморлигига қарамасдан, судга судрасалар? Бундан ташқари, қон босими кўтарилиб, қанд касаллиги хуруж қилган кишини маҳкамага тортиш ўринлимикин? “Бобой, ана энди “патта” қўлингизда. Судга борсангиз ҳам борасиз, бормасангиз ҳам борасиз” деди Шуҳрат Турдалиев ғуддайиб.
Отам ҳам ўз сўзида қатъий эмасми, “Мен бетобман. Судга бораолмайман. Сабабим узрли. Судьяга айтинг, ишни бошқа кунга қолдирсинлар” деб яна оёқ тираб туриб олди. Бироқ, отамни қуршаб олган 4 нафар участка нозири “Агар судга бормасангиз, биз сизни куч ишлатиб, зўрлик йўли билан судга олиб боришга мажбурмиз” дея дағдаға қилишди. Падарим Эргаш Бобожонов: “У ҳолда яна суд биносига қайтишингизга тўғри келади. Қозидан мени мажбурий тарзда судга олиб бориш тўғрисидаги қарорни келтириб кўрсатинг”, деди ИИБ ходамларига хотиржамлик билан. Ноилож яна ортга қайтишга мажбур бўлган участка нозирларининг КАТТАКОНИ Шуҳрат Турдалиев тушликдан кейин, тахминан соат 15. 30 ларга бориб, Жиноят ишлари бўйича Қўштепа туман судининг “судга мажбурий тарзда жалб этиш” тўғрисидаги қарорни келтирди. Шундагина билдикки, Жиноят ишлари бўйича Тошлоқ туман суд судьялари меҳнат таътилида бўлганлиги сабабли, отам Эргаш Бобожоновнинг иши Қўштепа туман судида кўрилиши белгиланган экан.
Хуллас, ўша куни соат 16.00 ларда отамни участка нозирлари судга судраб кетишди. Суд бошланди.
Отам суддан “Мен ўзимга ҳимоячи – адвокат олишим зарур” деб талаб қилганди, ҳартугул, суд истагини қаноатлантиришни лозим деб топди.
Отам Эргаш Бобожоновга нисбатан очилган маъмурий иш юзасидан суд иши 6 августь куни соат 10.00 да Қўштепа туман суди судьяси раислигида Тошлоқ туман маҳкамаси биносида ўтказилиши режалаштирилди.
Нима учун мен отам билан боғлиқ бўлган бу фожиани миридан-сирига қадар ҳижжалаб ёздим, биласизми? Отам Эргаш Бобожонов нафақат олим, балки кўп йиллик ҳуқуқ ҳимоячисиҳамдир.
Падарибузрукворим Эргаш Бобожоновнинг Ҳукумат идораларидаги олчоқ амалдорларнинг, муттаҳам мансабдорларнинг таъмагирлиги, порахўрлиги, ўз касбига совуққонлиги, мансаб ваколатини суиътемол қилаётганлигини далолатловчи юқори органларга ёзган шикоят аризалари 3000 донадан ортиб кетган. Бу деган гап, айни кунда Ўзбекистон Ҳукуматининг турли идораларида ишловчи 3000 дан ортиқ амалдор отамга – Эргаш Бобожоновга тиш қайраган!
Отамнинг ягона айби – адолат истагани, ҳақиқат қидиргани, адолат талаб қилгани. Бу эса маҳаллий ҳокимият идораларининг порахўр, юлғуч амалдорларига хуш келмаётир. Шу боис ҳам айнан ҳукумат идоралари ходимлари отамни – Эргаш Бобожоновни руҳан синдириш, жисман ўлдириш илинжида жиноий тил бириктириб, жиноий гуруҳ тузиб, руҳий босим, таҳдид ва таъқиблар бўронида буғишга, йўқ қилишга бел боғлаб, енг шимариб астойдил киришганлар. Бугун судда отамга қандай жазо тайниланади, жаримами, ё қамоқ, бу ёлғиз Яратганга аён!
Ҳукумат идораси амалдорлари бир нарсани, отажоним томонидан ёзилган шикоят аризалар текширилмасдан, инобатсиз қолдирилишини истайдилар. Чунки отамнинг шикоят аризаси катта-катта емхўр корчалонларнинг қинғирликларини фош этиб қўйиши муқаррар. Ҳукумат одамлари худди ана шундан, айблари очилиб қолишидан ҳайиқадилар.
Шу боис ҳам Ўзбекистонда адолат истаб ариза ёзган аҳолининг аҳволига маймунлар йиғлайди…. Дод демай, порахўрликка муккасидан кетган амалдорларнинг дастидан дод демай бўларканми?….
Гулҳаё БОБОЖОНОВА
“Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати Фарғона вилояти бўйича етакчиси.