Хабарингиз борми, йўқми, Ўзбекистон Миллий телерадиоканали раиси Алишер Хаджаев ёз бўлди дегунча, хотин-қиз ходамларни тартибу инсофга чақириш мақсадида уларга калта юбка-ю очиқ-сочиқ либосларни кийишни таъқиқлаш борасида фармони олий чиқарадилар.
Ушба йилда ёз ўта жазирама бўлганлиги сабаблими, ва ё тарки одатлиги боисиданми, ҳартугул фармону қарорларга қарамай, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида фаолият юритиётган хотин-қизларнинг Алишер Хаджаевнинг амрига итоат қилишлари қийин кечди.
Буни қарангки, эгнига енгсиз куйлак илиб ишга равона бўлган “Ҳарбий – Ватанпарвалик тарбияси дастурлари” бош муҳарририятининг режиссёри Шаҳноза Набижонова кимсан – “Yoshlar” телеканали директори Хайрулла Нуриддиновнинг дамига йўлиқди.
– Бу қанақаси? Енгингга мато етмай қолганми? На қарорга истоат қиласанлар, на тартиб-интизомга? Бу ер эркакларни йўлдан оздирадиган ишратхона эмас, ишхона! Одамга ўхшаб кийиниб келсанг ўласанми? Раҳбариятга бўйсунмадингми, ишдан ҳайдаласан! Битта буйруқ билан ўзим думингни тугиб қўяйми, ё ўз ҳоҳишинг билан ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёзасанми? Айт?!, – деб ўкриди “эшик оғаси” вазифасини утаётган Хайрулла Боқижонович.
Мен сизга айтсам, Шаҳнозахон ҳам ён берадиган ходамлар хилидан эмас. Шахсан раис Алишер Хаджаев жанобларининг ўзи билан салом-алиги борлардан бири. Шундай экан, Хайрулланинг гапини “ермиди”, “ҳазм” қилрамиди? Йўқ-да.
– Кўзинг фақат мени кўриб қолдими, эшак?! Нега менга ёпишасан?! Енгсиз куйлак кийганлигим учун ишдан бўшатадиган бўлсанг, у ҳолда, аввал “Yoshlar” телеканалидаги барча аёлларнинг баҳридан ўтишингга тўғри келади?! Ўзинга тегишли жувонлар шортикда келсаям, индамайсан, тамшаниб ўтирасан, мен каби эрликлар кийса, айб қилиб қолдингми, ҳайвон!!!, – деганча Шаҳноза Хайрулла Нуриддиновга қарата “дод-вой” қилиб қолса бўладими?
Оддий бир режиссёр – ходими Набижонованинг “Ҳайвон!” дегани “Yoshlar” телеканали директорининг жон-жонидан ўтиб кетди.
ТВ биносининг кириш йўлагида бўлди жангу жадал, бўлди томоша. Бири-биридан паст келай демайди, денг. Ғазабдан титраб-қақшаётган Хайрулланинг ҳам оғзидан боди кириб-шоди чиқди. Шаҳноза ҳам қарз бўлиб қолгани йўқ. “Муттаҳам” ҳам деди, “Хотинбоз!”, Суюқ!”, “Нокас!”, “Пасткаш, оёғим етган жойгача бораман, кунингни кўрсатаман, махлуқ, порахўр!” ҳам деди. Хуллас, ҳақоратли сўзлар лўғатидаги ишлатилмаган иборанинг ўзи қолмади, ҳисоби. Текин томошабинларни айтмайсизми?! Чиптасиз “театр”га ишқибозлар ҳозиру нозир!
Оқибат: раҳбар раҳбар-да! Бу даҳанаки жангда барибир Хайрулла Нуриддиновнинг қўли баланд келди. Енгсиз куйлак киядиган “беодоб” ходима зўрлаб кадрлар бўлимига етаклаб келинди ва Шаҳноза Набижоновага мажбурий тарзда “ўз ҳоҳиши билан ишдан бўшаш ҳақида” ариза ёздирилди.
Шу билан текин томошанинг биринчи қисми тугади. Бир режиссёрнинг ишдан ҳайдалгани-ю, “Yoshlar” телеканали директори Х. Нуриддиновнинг аёвсиз ҳақоратлар эшитиб, журналистлар олдида мулзам бўлгани қолди.
Табиийки, енгсиз куйлакка ишқибоз бўлганлиги учунгина севимли ишидан мусавво бўлган режиссёр Шаҳноза Набижонова бундан бир йил илгари “Yoshlar” телеканалида “тўпалон” кўтарган икки журналист – М. Эшонқулова ва С. Амоновалар билан алоқа боғлаб, Х. Нуриддиновнинг кирдикорларини, “кетини” очишга киришиб кетди.
Ҳа-аа, қўрқмас экансан-а, қўрқмас экансан. Жуда қўрқасан-да! Ҳа, нима, ҳар йили битта “ёзувчи, аризачи” ходим чиқиб “Yoshlar” телеканалининг авра-астарини ағдариб турса кимга ҳам ёқарди дейсиз? Табиийки, бу “тепадагилар”га ҳам, Хайрулла Боқижоновичнинг ўзига ҳам хуш келмаслиги аниқ. Шаҳноза баҳона ковуши тўғри бўлиб қолишидан ҳайиққан Хайрулла Нуриддинов “тўс-тўпалон”дан бир ҳафта ўтиб, Шаҳноза Набижоновага “элчи” юборди. Чопар ҳам бегона эмас, ўзимиздан – “Yoshlar” телеканали касаба уюшмаси қўмитаси раиси Жалолиддин Ботиралиев.
Жалолиддин-ку, Шаҳнозани ишга қайтариб, оғзини ёпиш, тинчитиш борасида зиммасига топширилган вазифани аъло даражада уддалаган эди-я, бироқ ўқимаган барибир ўқимаган экан-да. Ана у 9-синфни тугатган бош муҳаррир Элмира Мамажонова бор эди-ку, ўша барча ишни “бузиб” қўйди.
Жалолиддин Ботиралиев Шаҳнозани авраб-алдаб ишхонага чақиртириб, ҳовуридан тушириб, “Сизни мана, биз, “Профком” ҳимоя қилади, ишонаверинг. Ҳеч нарсадан ташвишланмай, эртадан ишга киришинг” дея кўксига уриб, таҳририят кулбасига кузатиб қўйганди. Ўз навбатида Шаҳноза Набижонова ҳам шаштидан анчагина тушиб қолган эди-я.
Бироқ, бу пайтда қалтис ишга қўл урган – қарғишу ҳақорат-ла “Yoshlar” телеканали директори Хайрулла Боқижоновичнинг пўстагини қоққан Шаҳнозага барча ходимлар ҳадиксираб, ёвқараш қилишга бошлаганди. Рости-да, “бетгачопар” ходима билан салом-аликни қуйиқ қилиб, бошқалар ҳам Нуриддиновнинг қора рўйхатига тушсинми? Шаҳноза билан яқинлашиб ўлибдими, калласини ебдими улар! Аммо-чи, гарчи қўлида дипломи бўлмаса-да, ҳиммат кўрсатган, бош муҳаррир даражасига кўтарган ўз ҲОЖАСИ Хайрулла Нариддиновга “тил теккизган” Набижоновани “Ҳарбий Ватанпарвалик тарбияси дастурлари” бош муҳарририятининг бош муҳаррири Элмирахон Мамажонова ҳечам кечираолмади, унинг қилиқларини умуман ҳазм қилолмади.
Шу боис кўришга кўзи, отишга ўқи бўлмай турган бир пайтда эшикдан кириб келган Шаҳноза Элмираойнинг кўзига қора қарғадек кўриниб кетди денг. Шунда бош муҳаррир хоним шотирларидан бирига “Ана у нусхага айтинглар, таҳририятга кириб ўтирмасин. Бориб, ҳов йўлакда қўйилган ўриндиқларга чўксин, кўзимга кўринмасин. Йўқса, бир бало қилиб қўйишим мумкин бу жиблажибонни!” дея фатво берди.
Бош муҳаррир Мамажонованинг югурдак маъмурларидан бу каби ҳақоратомуз иддаони эшитган Шаҳнозанинг нақд тепа сочи тикка бўлди. Алам ва аччиқ устида ўзини минг бир нағма билан ишхонага қайтариб, етаклаб келган “профком” Жалолиддин Ботиралиевнинг ҳузурига қандай етиб борганини ҳам билмай қолди.
– Жалол ака, ёз-чизни, тортишувни қўй, Эшонқулова билан Амонованинг куни бошингга туғади, дедингиз. Кўндим. Ишга қайт, ишдан бўшаш ҳақидаги аризангни бурда-бурда қилганмиз, дедингиз. Йўқ, демадим. Биласиз, мен бир эмас иккита институтни тугатган мутахассисман. Ана у 9 синфни зўрға тамомлаган мегажинингиз, Элмираой ким бўпти?! Хайруллага пора топиб келиб бериб, бош муҳаррир бўлса бўлибди-да.! У Нуриддинов учун бош муҳаррир бўлиши мумкин! Аммо мен учун у ҳеч ким эмас! Нега энди мактаб кўрмаган бир саводсиз мени ўз иш хонамга кириб ўтириш имкониятидан маҳрум қилар экан?! Нега менга буйруқ беради, кўзимга кўринма, хонага кирма дейди?! Шунақами ҳали?! Мени ҳақоратлатиб қўйиш учун ишхонага қайтарганмидинглар?! У ҳолда мен кетдим. Қачонки ёзма равшида ишга чақирснагларгина қайтаман! Акс ҳолда, ўзларингдан кўринглар! Ҳоларингга вой!!! Мени ёзма равшида ишга таклиф қиласизлар, алоҳида хона ва компьютер билан таъминлайсизлар. Ана шундан кейингина ўртадаги низони унитаман. Йўқса, мен ҳам то охиригача бораман!, – дея қўлини бигиз қилиб, шарт қўйган Шаҳноза Набижонова “Yoshlar” телеканалини тарк этди.
Режиссёр Шаҳноза Набижонова билан бўлган кўнгилсиз тўқнашувнинг келиб чиқиши мумкин бўлган оғир оқибатларини бартараф этолмай, айни кунларда “Yoshlar” телеканали директори Хайрулал Боқижоновичнинг боши гаранг, дили хуфтон….
Эслатиб ўтамиз, режиссёр Шаҳноза Набижонова “Yoshlar” телеканалида эфирга узатилаётган “Кичик гинерал” кўрсатувининг муаллифи, режиссёри ва бошловчиси ҳамдир. Оилали, беш нафар ўғилнинг онаси бўлса-да, қувноқлиги сабабми, ўзи ҳали кўзларга қизчадек кўринади.
– Шаҳноза қизалоқдек кўрингани билан бошида эри бор. Унинг тароввотидан Хайруллага фойда йўқ. Шунинг учунам енгсиз кийгани кўзига хунук кўриниб қолган-да. Эрсиз ёки бева бўлганида бошига шу балолар тушмаган бўларди. Раҳбарларнинг ноғарасига ўйнаб, жилпанглайдиганлар чўмилиш костюмида келсаям билинмайди, уларнинг гаплари гап. Нима қиламиз энди, шу каби камситишлар, айримачилигу зуғумлар остида ишлаб ётибмиз-да, – дейди номини сир сақлашимизни сўраган “Yoshlar” телеканали ходимларидан бири.
Хайрулла Боқижонович қандай йўл тутаркин энди? “Оч қорним, тинч қулоғим” қабилида иш тутиб, енгсиз кийган “қулоқсиз”ни ўз ишига қайтарармикин… ёки… Воқеалар ривожини кузатамиз-да….
“Yoshlar” телеканалидаги воқеа тафсилолартини Дилфуза Ҳайдар қизи тилидан оққа кўчириб олувчи Ҳолис ХОН.