
Яратганнинг марҳамати билан заминимиз серқуёш. Унда битган неъматларни ўзга ердан топиб бўлмайди. Дунёнинг ҳеч бир ерида мева-ю қовун-тарвузлар бизники каби ширин эмас. Бозорларимизни тўлдириб турган ана шу ноз-неъматларни етиштиришнинг ўзи бўлмайди, албатта. Айниқса, уларни зараркунандалардан асраш йилдан йилга қийинлашиб бормоқда.
Қовунчилик билан шуғулланадиган танишимнинг айтишича, у полизига ҳафтада икки марта кимёвий ишлов бераркан. Шундай қилмаса қовун-тарвузларни зараркунанда ҳашаротлар тешиб, ейиш учун яроқсиз ҳолга келтириб ташлашади. Меваларга ҳам шу тариқа кимёвий ишлов бериб турилмаса бўлмайди.
Сепилаётган заҳарли кимёвий дорилар соғлиқ учун зарарли эканлиги ҳаммага маълум. Шу тарзда одамзод ўзини ўзи заҳарлаяпти. Табиат мувозанатини бузиб, тўқайзор-у ўрмонларни йўқ қилгани учун жазосини олаяпти.
ЯХШИ МЕВА БОҒЛАШМАДИ
Ўзбекистонда мустақилликдан кейин боғдорчиликка кўпроқ эътибор қаратилиб, Хоразм воҳасида ҳам боғ-роғлар кўпайди. Бироқ шуниси ачинарлики, кейинги йилларда боғлар кўнгилдагидек ҳосил бермаяпти. Мевали дарахтларнинг баҳорда қийғос очилга гулларининг ҳаммаси ҳам мевага айланмаяпти.
Сабаби шуки, воҳада гулларни чанглантирувчи асаларилар камайиб кетган. Ўта покиза ва нозик жонзот бўлган асалариларнинг яшашлари учун шарт-шароит етишмайди. Улар ахлатхоналар, ахлат ташланадиган жойлар ёнида кимёвий дорилар билан ишлов бериладиган далалар ва боғлар яқинида яшай олишмайди.
Бахтиёр МАҲМУДОВ, хоразмлик журналист