Саиджаҳон Равоний: ҚОФИЯ САНЪАТИ

Саиджаҳон Равоний

 

Бугунги босмадан чиқаётган шеърий тўпламларни оласизми, “Ўзбекистон адабиёти ва санъти”, “Шарқ Юлдузи” каби адабий нашрларни оласизми, Интернетдаги ўзбекча сайтларни очасизми, уларда эълон қилинаётган забардаст халқ шоирлари-ю, бошланғич шоирларнинг шеърларини ўқисангиз, шеъриятимизга ўлат сингари ёйилган, какофонияни кўриб, юрагингиз санчийди.

 

Какофоник шеърлардан намуналар келтириб, кимнидир хафа қилиш ниятимиз йўқ. Шоир ахли… кўпроқ, ўзларини шоир дегувчилар, ўта нозик таъбдир. Шунинг учун, какофония нима эканини ва қандай сўзларни бир бирига қофия қилганда какафония хосил бўлишини айтиб ўтсак, тушунарли бўлади деган фикрдаман.

 

Хўш, какофония нима дегани?

 

Бу “симфония” сўзининг акси, инглизча (cacophonie) охангсизлик  ва уйғунсизлик маъносини берувчи сўз.

 

Масалан, шеърларда:

“қалб” сўзига “қари” сўзини;

“курсида” сўзига “дўстимдан” сўзини;

“холва” сўзига “хали” сўзини;

“довон” сўзига “даво” сўзини;

“эмас” сўзига “маст” сўзини;

“йўлбарс” сўзига “хавас” сўзини;

“ният” сўзига “қанд” сўзини;

“банд” сўзига “тубан” сўзини;

“сабаб” сўзига “сабо” сўзини (ва шу тариқа) қофия қлинган ҳолатлар – какафония деб аталади.

 

Яъни, масалан, “севинч” ва “хивич” сўзлари, ёки “муҳаббат” ва “мурабба” сўзлари (қанчалик охангдош бўлишмасин), бири бирига қофия бўла олмайди! 

 

Бундай қофияланган шеърларда, шеъриятнинг биринчи, энг мухим талаби бузилган бўлади. Зеро, шеърият қофиядан бошланади! Қофия шеъриятнинг ажралмас қисми. Шундай бўлган ва шундай бўлиши шарт!

 

Ҳеч қандай ўткир фикр, ҳеч қандай чуқур маъно, какофоник шеърни, хатто, қониқарли деб баҳоланишга, муаллифни эса юқори савияли шоир, деб тан олишга асос бўла олмайди!

 

Истиғно тариқасида, оч қофияликка йўл қўйилиши мумкин. Лекин бу истоғно бир фоиздан ошмаслиги керак. Бизнинг “замона шоирлар”имизда эса, аксинча, ашъорининг тўқсон тўққиз фоизини какофония эканини кузатамиз. Шеъриятимиз учун бу – уят!

 

Энди, бевосита қофия нима эканлигини ўрганиб чиқсак. Ўзбек тилининг (1981 йилги) изоҳли луғатида ҚОФИЯ – мисралар охиридаги охангдош, талафузи ўхшаш, сўзлар, бўғинлар, ёки бирикмалар, деб изоҳ берилган.

 

Афсуски, бу изоҳнинг “талафузи ўхшаш” деган қисми, нотўғри берилган. Чунки, қофия асосини РАВИЙ ташкил қилади. Бир мисрасида равий бор, бирида йўқ, ёки бир мисрасида бир ҳил равий, бошқа мисрасида бошқача равий бўлган шеърларнинг охиридаги сўзлар, қанчалик охангдош бўлмасин, қофия хисобланмайдилар.

 

Масалан, мумтоз шеъриятимизда “қомат” сўзига “омад” сўзини, ёки ўрни олмашган ҳолатда, қофия қилинганини тополмаймиз. Чунки, бу икки охангдош сўздан 1-чи келган сўзнинг охирги ундоши равийдир. Устозлар эса равийни бузишни ҳеч қачон ўзларига эп кўрмаганлар.

 

“Равий” арабча, “риво” сўзидан олинган, арғамчи маъносини билдирувчи сўз. Равий – гоҳ унли бўлсин, гоҳ ундош бўлсин, фақат бир дона ҳарфдан иборат бўлади.

 

Масалан, “наво”, “зебо”, “фазо” каби сўзларда унли “о” ҳарфи – равий;

“шуҳрат”, “иззат”, “сиҳат” каби сўзларда ундош “т” ҳарфи – равий;

“ватаним”, “масканим”, “борганим” каби сўзларда ундош “н” ҳарфи – равий.

 

Равийдан олдинги ҳарф тавжиҳ хисобланади.

Масалан, “хабар”, “асар”, “назар” каби сўзлардаги равийдан олдинги унли “а” ҳарфи – тавжиҳ;

“гул”, “пул”, “буткул” каби сўзлардаги равийдан олдинги унли “у” ҳарфи – тавжиҳ.

 

Равийдан кейинги ҳарфлар (тартиб ва сонига қараб) ридф, васл, ҳуруж, нафоз, мазид, нойира хисобланади. Масалан, “мард”, “дард” каби сўллардаги унли “а” ҳарфи – равий, қўш ундошлар “р” ва “д” – ридф;

“сабодур”, “дилрабодур” каби сўзлардаги унли “о” ҳарфи – равий, кейинги ундош “д” ҳарфи – васл,

унли “у” ҳарфи – ҳуруж, ундош “д” ҳарфи – мазид;

“аросидин”, “вафосидин” каби сўзлардаги унли “о” ҳарфи – равий, кейинги ундош “с” ҳарфи – васл, унли “и” ҳарфи – ҳуруж, ундош “д” ҳарфи – мазид, унли “и” ҳарфи – нафоз, ундош “н” ҳарфи – нойира.

 

Қофия турлари ичида икки ҳил мужаррад қофия тури бор. Бири, юқорида айтиб ўтганимиз каби тартибда. Бошқа тури эса, тажвиҳсиз, биргина равий мафжуд қофия. Масалан (мисранинг охиридаги): “шаҳло”, “барно”, “барпо” каби сўзларда тавжиҳ йўқ, фақат унли “о” равий бор.

 

Шуларнинг ҳаммаси, бир қилиб айтганда – қофия бўлади (қофиядан кейинги сўз ва бирикмалар, радиф хисобланади. Масалан, “келмади”, “бир келиб кетсун”, “бўлмаса бўлмасун, нетай” ва х.к.).

 

Қофия сўзидаги тавжиҳ (равийдан олдинги унли), баъзан, истиғно тариқасида ўзгартирилиши мумкин. Масалан, “дил“, “тил”, “йил” каби сўзларга, “эл”, “гул”, “йўл” “июл” каби сўзларни қофия қилиш мумкин. Бундай ҳолатларда, шеъриятнинг бадиийлиги ва сифати, деярли, бузилмайди.

 

Лекин хоҳ арузда, хоҳ туроқда (бармоқда), равий ва ундан кейинги келувчи воситалар, албатта такрорланиши шарт!

 

Ридфли қофия бир мунча ажралиб турувчи бўлгани учун, унда тўхталиб ўтамиз. Масалан, “севинч”, “овунч”, “сиранч” каби ридфли сўзлар (маснавий ёки қитъада) бир марта бири бирига қофия бўлиши мумкин. Лекин учликда ёки рубоийда ва бошқа шеърий жанрларда, бу каби сўзлар бири бирига қофия бўлолмайди.

 

1-чи ва 2-чи мисраларда “севинч” ва “тинч” сўзлари қофияланган бўлса, 3-чи, рубоийда 4-чи мисрада “овунч” сўзи уларга қофия бўлолмайди. Чунки, “севинч” ва “тинч” сўзлардаги ундош “н” ва “ч” ҳарфлар ридфдир, унли “и” ҳарфи равийдир. Равий эса, юқорида айтганимиздек, ўзгартирилмайди.

 

Ўзбек шеъриятида ўттиздан ортиқ қофия турлари ва қофиялаш усуллари мавжуд. Қофия ҳақидаги тасавуримизни мустахкамлашимиз учун, мумтоз шеъриятимиздан бир нечта намуна кўриб чиқамиз:

 

Алишер Навоийнинг “Лайли ва мажнун” ва “Сабъаи сайёра” достонлаидан парчалар:

 

1.

… Дардимға хаёлини табиб эт,

Жонима висолини насиб эт,

Ҳам хужраи ҳилқатим бузулди,

Ҳам риштаи тоқатим узулди.

 

2.

… Боқай деса доғи қуввати йўқ,

Боқмай деса, доғи тоқати йўқ.

Ҳайратда вахуш вахшатимдин,

Меҳнатда туюр меҳнатимдин.

 

Бу қофия санъатининг энг юқори даражаси бўлмиш, зулқофиятайин санъати. Эътибор берсак, мисраларда сўзлар икки маротабадан қофияланмоқда.

 

Бобурнинг ғазалида, яъни, мумтоз мақомларимиздан бири “насри баёт”да қофия тизми куйидагича:

 

Ҳазон яфроқ янглиғ гул юзинг ҳажрида сарғардим,

Кўриб раҳмайлагил,  эй лола руҳ, бу чеҳраи зардим.

 

Сен, эй гул, қўймадинг саркашлигингни сарв(и)дек харгиз,

Аёғингға тушуб барги хазондек мунча ёлбордим.

 

Латофат гулшанида гул киби сен сабзу хуррам қол,

Мен арчи даҳр(и) боғидин хазон афроқидек бордим.

 

Хазондек қон ёшум, сориғ юзумдин эл танаффурда,

Ба ҳар ранге, биҳамдиллаҳ, улусдин ўзни қутқордим.

 

Не толеъдур мангоким, ахтари бахтим топилмайди,

Фалак аврокини ҳар нечаким дафтардек ахтардим.

 

Улуснинг таъну таърифи манго, Бобур, баробардур,

Бу оламда ўзимни чун ямон яхшидин ўткардим.

 

Кўриб турибмиз-ки, бу ғазал қофияларида ундош “р” ҳарфи равий. Равий ҳеч қайси мисрада ўзгармаган. Лекин равийдан олдинги унли “а” ҳарфи – тажвиҳ ўрнига, 3, 4, 5-чи байтларда унли “о” ҳарфи ишлатилган. Бу билан асарда бадиийлик ҳам, техник талаб ҳам бузилмаган. Агар равий ва ундан кейинги воситалар бузилганда, бу ғазал ҳар жиҳатдан бир пулга қиммат ёзмага яйланарди, ва бизгача етиб ҳам келмасди, тасодифан етиб келса-да, унга ҳеч қайси бастакор бундай мумтоз куй басталамаган бўларди.  

 

Аксар, қофияда нўноқ шоирлар, “хозирги замонда тилимиз ўзгарган, унда тўлиқ қофияда ёзишнинг иложиси йўқ, ижтимоий муаммоларни кўтариб бўлмайди, шеърда мухими қофиямас, мухими мазмун”, деб ўзларини ва ўзига ўхшашларни оқлайдилар. Бу ҳаммаси бекор гап.

 

Бугун тилимиз бойиса бойиган-ки, камбағаллашмаган. Шоирлар ўзлари сўзга камбағаллашганлар! Сабр-тоқат билан изланишга камбағаллашганлар! Бунинг исботига, Убайдиллоҳ Завқийнинг “Мунча кўп” мухаммасини намуна келтиришимиз мумкин:

 

МУНЧА КЎП

 

Золим фалак бисотида озор мунча кўп,

Инсонни шарафли номида хор мунча кўп,

Ҳар кўчаларда қашшоқ ила зор мунча кўп,

Тарҳи жаҳон биносида бадкор мунча кўп,

Хўқанд аро балоға гирифтор мунча кўп.

 

Ҳамрозу дўст топилса-ю, жонлар фидосидур,

Орзум шуким: камина кўнгул муддасидур,

Хуш сухбати мажруҳи дилим давосидур,

Кўзима бул айни шифо хоки посидур,

Йўқ андоғ анисим, илло ағёр мунча кўп.

Илму ҳунарлар ўрниға пулдор тўнг бўйин,

Уч-тўрт йиғилиб қилишур ит киби ўйин,

Эҳсони ғарибга йўқ, шохона қилур тўйин,

Айтса ҳеч адо бўлмас минбад феълу хўйин,

Ғуссаи хасрат айласам, асрор мунча кўп.

Ким ташна ёр учун, кимда икки-уч харам,

Биров бевана-у, бировда боғу эрам,

Биров сўзи зулфиқор, бировни қадди хам,

Ғаддор фалак, доим ишинг бўлди бешу кам,

Каждор замона, доғули маккор мунча кўп.

Завқий, ким айди, мунча хасрати дароз қил,

Сўзни муҳтасар айлаб, иборатни оз қил,

Ким зимистон кўнгулларни баҳору ёз қил,

Қад рост туриб, сўз била элни сарафроз қил,

Айтай десанг, муносиби ашъор мунча кўп.

 

Завқийнинг бу мухаммаси 10 банддан иборат. Биз уни қисқартириб, 5 бандини намуна келтирдик. Лекин шундан ҳам кўриб турибмиз-ки, шеърият қонунларини бузмаган ҳолда, ҳар қандай мавзуни кўтариш мумкин. Шунинг учун, ялқовлик ва калтабинлик қилмасдан, яъни, шеъриятни ўзимизга мосламасдан, ўзимизни шеъриятга мослаб, ижод қилайлик!

***

Андижон

29 07 2012 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares