
Аввало, Акромхўжа Муҳиддиновнинг жойлари жаннатдан бўлишини Аллоҳдан тилаймиз. Оиласига, яқинларига Аллоҳ таоло сабр-бардош берсин!..
Аммо бу ўлим, кишини қаттиқ ва давомли ўйларга банди қилиб қўювчи ўлимдир…
Ўз кунини ўзи кўриб, елиб югуриб оила боқиб, Малоҳат ёзганидай, қўлидан келгунча ноҳақликка қарши курашиб, мақолалар ёзиб юрган Акромхўжа Муҳиддиновдай одамнинг ўлими кимга керак бўлиб қолди?
Наҳотки, бу бирдамликчиларни ҳам қўрқитиб қўйиш учун чиқарилган ҳукм бўлса? Балки жаҳолат ёки безориликнинг даҳшатли кўринишидир?..
Балки…
Фожиа тафсилотлари, сабаблари тергов, суриштирув ишлари ва Инсон ҳуқуқлари фаолларининг саъйи ҳаракатлари туфайли аниқланар… Аммо мени бошқа нарса, ўзбекларимизнинг, Ўзбекистон фуқароларининг шу жумладан, тез ёрдамчиларнинг воқеа-ҳодисаларга хоинона совуққонлиги, бепарволиклари даҳшатга солади…
Йўқ, бу нормал жамият эмас. Агар нормал жамият одамлари орасида шу хил воқеа содир бўлса, аввало тез ёрдам етиб келарди. Жуда бўлмаганда атрофдагилар биринчи ёрдамни бериб, шу ҳудуддаги тиббиёт масканига олиб боришга кўмаклашишарди. Аммо бундай бўлмаган. Акромхўжа Муҳиддиновнинг аёллари (Бирдамликнинг Ўзбекистондаги бошлиғига айтганидек) тез ёрдамга бир эмас,минг мараталаб қўнғироқ қилган, аммо ҳатто телефон гўшагини ҳеч ким кўтаришмаган?
Бу нима?
Атайлаб шундай қилишганми ёки тез ёрдам ташкилотида ишлайдиганлар бошқа ёққа кўчиб кетганми?
Одамларчи?
Одам борми ўзи у ерда?
Чавақланган Акромхўжа акага ёрдам бериш бир муштипар аёлга қолиб кетганининг ўзи даҳшатли жиноятдир. Жамиятнинг жиноятидир.
“Жон ҳолатда эримни судраб-суяб катта бетонка йўлга олиб чиқдим. Бир соатлар чамаси машина тўхтатишга уриндим”, дейди бечора аёл. Қарангки, ҳатто машиналар тўхтамабди. Акромхўжа аканинг аёли машина тўхтатиш учун йўлда кўндаланг ётишга мажбур бўлибди…
Инсоф қолмабди, одамларда, деб юборгинг келади, кишини. Назаримда Акромхўжа Муҳитдиновни шу атрофдагилар, балки тез ёрдамда ишлайдиганлар ҳам танийди!
Ҳуқуқ фаоли, бирдамликчи эканини билади: айнан шу учун, ёрдам берсалар ўзларига гап тегиши мумкинлигини ўйлаб, индамай кетишганмикин?..
Наҳотки, шоирлардан бирининг: “Мен бу халқнинг кимлигини биламан, тўраларга думлигини биламан…
Агар есанг бирини сихга териб, бошқасининг жимлигини биламан”, дегани рост бўлса?! Агар шундай бўлса, ҳамма жойда ўзбекнинг хор-зор бўлгани, унинг виждонли фарзандлари юртдан бош олиб чиқиб кетгани қонуниймикин, деган даҳшатли хаёл хотирга келади. Ёки, одамларнинг кўзлари кўр бўлиб қулоқлари том битганми?..
Дарвоқе, ўша шоир яна: “Яшаса бўлади, бу тупроқда ҳам, кўзлар сўқир бўлса, қулоқ кар бўлса”, деб ҳам ёзган…
Ундай бўлса, Ўзбекистон сўқирлар ва карлар юртига айланибдими?
Кимлар уни шу аҳволга солган?..
Хуллас, Акромхўжа Муҳиддиновнинг ўлими битта оиланинг ва яқинларининг эмас, ўзбек халқининг фожиасини кўрсатувчи мудҳиш воқеадир.
Бирдамликнинг Қозоғистондаги фаоллари номидан.
Ботир Норбой.