18 июль куни “Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати Хоразм вилояти фаолларининг ўзаро учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда кейинги пайтларда кўплаб вилоят фаоллари ҳаракатида юзага келган сусткашлик ҳолати сабаблари, фаолиятни такомиллаштиришнинг муҳим чора-тадбирлари, белгиланган вазифаларга масъулият билан ёндашув масалалари муҳокама қилинди.
Аввало вилоят бўйича раис Валерий Назаров камида ҳар ҳафтада бир марта тўпланиб, олдинги вазифаларнинг бажарилишини ва кейинги вазифаларнинг белгиланишини тўла таъминлаш, шу йўл билан турли жабҳаларда фаолликни кучайтириш зарурлигини, республика маркази (Малоҳат Эшонқулова) билан алоқани мустаҳкамлаш, сайтда эълон қилинадиган мақолалар сони ва сифатини ошириш лозимлигини таъкидлади.
Қолган фаоллар ҳам раиснинг фикрларига қўшилиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маданий-маърифий соҳалардаги камчилик ва нуқсонларни очиб ташлайдиган, ҳақиқатни очиқ-ойдин кўрсатиб берадиган мақолаларни ёритиш учун бор имкониятларини ишга солишларини айтдилар. Шундай қилиб, тез-тез учрашиб туришга келишиб олинди. Шунингдек, аъзолар сонини ошириш чора-тадбирлари белгиланди.
Бахтиёр МАҲМУДОВ, хоразмлик журналист.