ИСМАТ ХУШЕВ
Оқланмаган ишонч қиссаси (ёхуд «Президент эркаси»нинг хотиралари)
Иккинчи китоб
Ўғлим Исломбекка
Йигирма уч ёшга тўлибсан, ўғлим
Сенинг отдош бобонг ҳануз элда шоҳ.
Менинг хорижларда – шикаста кўнглим,
Ватан соғинчидан – юрагимда оҳ…
Неларни ўйлайсан, дилингда не ғам,
Ўксик нигоҳингда, ўғлим, нима ўй?
Бизни юртимиздан қувган зотлар ҳам,
Бир кун Ватангадо бўлгай, билиб қўй…
Ожиз ва нотавон отангни кечир,
Кечир – беролмадим порлоқ истиқбол.
Мендан юз ўгирди – омад ва тақдир,
Мендан юз ўгирди – Эрк ва Истиқлол.
Бугун ҳайқирмоққа ожиздир тилим,
Қаро куни тушди бошимга итнинг.
Қоматингга боқиб зор қақшар дилим:
Нега Ватани йўқ шундай йигитнинг…
11-боб
ИСЛОМ АКАНИНГ БИРИНЧИ ОТДОШИ
Ҳокимият тизимида ишлай бошлаганимдан кейин ҳам норасмий ташкилот вакиллари билан алоқани узмадим. Мен уларга тўғрисини айтдим: «Мен Ислом Каримовнинг сиёсатига ишондим, шу кишининг қўлида ишлайман. Сизлар билан ҳам конструктив ҳамкорлик қиламан».
Кези келганда шуни айтиш лозимки, Ислом Каримов ҳокимият бошига келгандан кейин мендан бошқа яна бир қанча мухолифат фаоллари унга ишониб, у билан ҳамкорлик қилишга, командасига ўтиб ишлашга рози бўлишди.
Аввал Эркин Воҳидов, Шукрулло, Темир Валиев, Усмон Азимовлар, кейинроқ 1992 йилдан эса Бек Тошмуҳамедов, Аҳмад Аъзам ва бошқалар ҳукумат тизимларидаги турли лавозимларда ишлай бошлашди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Шукрилло ва Темир Валиевлар Президент Кенгашининг аъзоси этиб тайинланган бўлсалар-да, “Бирлик” ҳаракати билан ҳам ҳамкорликни узмагандилар.
Атоқли ўзбек ёзувчиси Ойбек домланинг ўғиллари Бек Тошмуҳамедов “ВАК”нинг раиси бўлганларида ҳам, ундан кейин ҳам ҳамиша мухолифат сафида бўлдилар.
Қизиғи шундаки, орадан беш олти йил ўтар-ўтмас, Эркин Воҳидовдан бошқа ҳамма “собиқ мухолифатчилар” турли баҳона-ю сабаблар билан ўз эгаллаб турган лавозимларидан бирин-кетин озод қилиндилар.
Ҳа, Ислом Каримов ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаб, одамлар ишончини қозонишда дўстдан ҳам, душмандан ҳам ўринли фойдаланиш маҳоратига эга экан.
Шу ўринда менинг Ислом Абдуғаниевичга муносабатим ўша пайтларда қанчалик самимий, беғараз эканлигини кўрсатадиган бир мисолни айтиб ўтмоқчиман.
«Ҳаёт ва иқтисод» журналига эндигина бош муҳаррир этиб тайинланган пайтимда ташкилотнинг фаоллари пойтахтда митинг ўтказиш учун Тошкент шаҳар ижроия қўмитасига ариза берганди.
Аризага беш киши: Муҳаммад Солиҳ, Аҳмад Аъзам, мен ва яна икки киши имзо қўйгандик. У пайтлари митинг ўтказиш учун олдиндан ижроқўмга ариза бериларди. Мен ҳам норасмий ташкилотнинг фаоллари қаторида имзо чеккан эдим.
Демак, мен ўз позициямни очиқ-ойдин айтганимдан кейин ҳам улар мени сафларидан чиқариб ташламаган эдилар. Чунки гапларим, ҳаракатларим самимий эканлигига ишонишарди.
Ўшанда шаҳар ижроқўмининг раиси, назаримда, Шоабдураҳмонов деган киши эди. У киши илгари Тошкент метросининг раҳбари бўлган. Муҳаммад Солиҳ номзоди СССР халқ депутатлигига қўйилган пайтда айнан шу киши округ сайлов комиссиясининг раиси эдилар. Жуда юмшоқ фъелли, итоатгўй бу одам кейинчалик Адҳам Фозилбеков бу лавозимга келгач, яна ўз қадрдон метросига бошлиқ бўлиб кетади…
“Бирлик”чилар шаҳарда кўпминг кишилик митинг ўтказмоқчи бўлганлиги тўғрисидаги хабар Ислом Абдуғаниевичга етказилади. Ислом ака Ўзбекистонда эндигина иш бошлаган, Фарғона воқеаларининг акс-садолари ҳали босилмаган, республикадаги сиёсий вазият беқарорлашиб турган бир пайт эди.
Бундай қалтис шароитда ортиқча ҳис-ҳаяжон ёмон оқибатларга олиб келиши, оломон қуюшқондан чиқиб кетиши мумкин эди. Шу боис митинглар ёпиқ бинода ўтказилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Лекин аризада очиқ майдонда митинг ўтказилиши айтилган эди.
Агар аризага имзо қўйган кишилардан бирортаси: «Очиқ майдонда эмас, ёпиқ бинода, хусусан, газета корпусининг мажлислар залида митинг ўтказилишига рухсат беришингизни сўрайман», деб аризани қайта ёзиб берса, кейинги ариза инобатга олинар экан.
Ўзбекистон журналистлари томонидан Москва матбуотида Фарғона фожеаларининг бир томонлама ёритилиш сиёсатига қарши ўтказилаётган бу митингдан ҳукумат ҳам манфаатдор эди, албатта.
Митинг бўлишидан бир неча кун олдин Мирсаидов мени ёқлаётганини айтиб қолишди.
Бир учрашганимизда Шукрулла Раҳматович: «Ислом ака илтимос қиляпдилар, шу митингни ёпиқ бинода ўтказсаларинг яхши бўларди», деди.
Мен Ислом аканинг номини эшитиб дарҳол аризани қайта ёзиб бердим.
Албатта, норасмий ташкилотнинг бошқа фаоллари менинг ўзбошимчалигимдан қаттиқ норози бўлишади. Бирпас тўполон қилишади.
Аммо, ғишт қолипдан қўчган эди – ҳаммаси қонун бўйича бўлаётганди.
– Бўпти, бундан кейин ариза ёзсаларинг мени аралаштирмайсизлар, – деб таскин берганман уларга…
Хуллас, митинг ёпиқ бинода ўтказилди. Йиғилиш минбарида Аҳмаджон Мухторов (Ўзбекистон журналистлар уюшмаси раиси), Рубен Сафаров (“Правда Востока” газетаси бош муҳаррири), Анвар Усмонов (Москвадаги “Учительская газета” нинг Ўзбекистон бўйича мухбири ), Аҳмад Аъзам ва мен қатнашган эдик. (Сурат берилади)
Хийла бақир-чақир бўлганди.
Ўшандан кейин айтишларича, Ислом ака мендан жуда миннатдор бўлган эканлар.
Тўғри, “Бирлик” фаоллари кейинчалик мендан ўпкалаб юришди. Бироқ мен уларга ўз позициямни очиқчасига айтганим учун ҳам мени сотқинликда айблай олишмасди.
«Токи Ислом ака республикада биринчи шахс экан, мен у кишининг командасида бўламан», деб қайта-қайта айтганман уларга.
Адолат юзасидан айтмоқ жоизки, Ислом Абдуғаниевич биринчи секретарь бўлиб келгач, норасмий ташкилотларга ҳам секин аста эркинликлар бера бошлади.
Улар телевидениедан чиқиб сўзлаш имкониятига эга бўлдилар, эфирда улар учун махсус вақт ажратилди.
Лекин мухолифатчилар бу имкониятлардан қандай фойдалана олганликлари – бу энди бошқа масала.
Улар телевизор экранидан бир икки маротаба кўринишди, холос.
Биринчи бор 1989 йил 10 сентябрь кунги митингни қолдирилганини халққа эълон қилиш учун (Абдураҳим Пўлатов), иккинчи бор эса, ўзъаро носоғлом муносабатларини соғломлаштириш ва ё ойдинлаштириш учун (Эркин Воҳидов ва Аҳмад Аъзам) зангори экрандан мухолифат вакиллари злароқ кўриниш беришганди
Улар билан музокаралар олиб борилди, баъзи бир ҳукумат йиғилишларига норасмий ташкилотларнинг вакиллари ҳам таклиф қилина бошланди.
Афсуски, улар мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ўрнига ўзаро гуруҳбозлик жангларига берилиб кетдилар.
Бундан руҳланган ҳукумат биринчи маротаба 1989 йилнинг 17 октябридаги митингни калтаклаш билан тарқатишга муваффақ бўлди.
Нишонов даврида ҳам норасмий ташкилотлар тазйиқ остида эди, лекин ҳеч қачон уларга ҳукумат куч ишлатишга ботинмаганди…
Майли, буёғи алоҳида мавзу бўлади. Мавзудан узоқлашмайлик. Ҳозир бошқа нарсани айтмоқчиман.
1989 – йилнинг 2 – август куни менинг иккинчи фарзандим дунёга келди.
У ҳам Қулаҳмад Ризаев раҳбар бўлган 1-шаҳар шифохонасида туғилди.
Туғруқхонага бориб қувонч билан қайтганим ҳамон эсимда.
Чунки мен тўнғич қизим Ҳулкаримдан кейин орзу қилиб юрганим – ўғил кўрган эдим. Ўғлимга муносиб исм қидира бошладим. Умид қўйсаммикан…
Бирдан Шукрулла Раҳматович йўқлаб қолди. Шошиб ҳузурига бордим.
Қабулхонага кираверишда ишлар бошқармасидаги Хайрулла Рахматуллаев ва Туйғун Аъзамовлар “ўғлингизнинг номини “Ислом” қўйиб яхши қилибсиз”, деб мени табриклашди.
Мен ҳайрон бўлдиму, лекин сир бой бермадим. Ўзим негадир бу ҳақда ўйлаб кўрмаган эканман. Бирдан кўнглим ёришиб кетди.
– Исматжон, табриклаймиз! Илойим, умри билан берган бўлсин! – деди Шукур ака мени шодон қаршиларкан. – Хўш, исмини нима қўймоқчисиз? – деб сўради кулимсираб.
– Аниқ бир тўхтамга келганим йўқ. Сиз нима деб маслаҳат берасиз, – дедим қувлик билан.
– Исматжон, қизиқ йигит экансиз-ку! Ўғлингиз ўз исми билан дунёга келибди-ку! Албатта “Ислом” қўямиз-да! Унга яна қанақа муносиб исм керак?! Мен ҳатто Ислом акамга бу ҳақда айтиб ҳам қўйдим. Шошманг, ҳозир ўзингиз гаплашасиз, – деб телефон трубкасини кўтардилар-да: -Ислом ака, мана, Исматжоннинг ўзи ҳам етиб келди. Икки оғиз гаплашасизми? Анави митингни ёпиқ бинога кўчириб бергани учун Сизнинг номингиздан раҳмат айтиб қўйдим. Хўп, ҳозир. Мана.
Шукрулла Раҳматович давлат герби бўлган оғир трубкани трубкани менга бердилар.
– Ассалому алайкум, Ислом ака! – дедим ҳаяжонланиб.
У киши ҳам митинг тинч ўтгани учун раҳмат айтдилар. Лекин ўғлимнинг исмини Ислом қўйишимга дастлаб розилик бермадилар.
– Ўзим бу ишга янги келган бўлсам, ҳали ҳеч нарса қилишга улгурганим йўқ. Бошқа чиройли исмлар кўп-ку! – дедилар.
– Ислом ака, Сизнинг ҳаётингизга мен ҳавас қиламан! Худо хоҳласа, ҳали буюк мақсадларингиз ҳам рўёбга чиқади. Ўғлим ҳам қайсидир жиҳатлари билан сизга ўхшашини ният қилганман. Илтимос, йўқ деманг!
– Ният қилган бўлсангиз, майли, розиман. Келинимизни менинг номимдан табриклаб, саломлар айтиб қўйинг! – дедилар Ислом ака. – Чақалоқнинг майда-чуйда маъракаларини ўтказаверинг, Шукур акангизга айтаман ёрдам қилади, лекин суннат тўйини ёдимга соласиз. Келинга албатта салом айтинг! – деб таъкидладилар.
– Раҳмат, Ислом ака! – дедим. – Шукрулла ака ҳам Сиздан ниҳоятда миннатдор…
– Шукрулла акангизга айтиб қўйинг, кўнглини бир жойга қўйиб ишлайверсин! Худо хоҳласа, яхши гаплар, яхши ишлар ҳали одинда турибди, – деди Ислом Абдуғаниевич. – Хайр, саломат бўлинглар!
Шундай қилиб, республикамизда биринчи бўлиб мен – 1989 йилнинг 2 – август куни туғилган ўғлимнинг исмини «ИСЛОМ» деб қўйганман.
Ислом Абдуғаниевичнинг розилиги билан ўғлимга шундай исм қўйдим.
Ҳа, мен Ислом аканинг биринчи отдоши – ўғлим борлиги билан фахрланардим.
Болалигидан бахт ва иқбол орзу қилиб, бахтсизлик ва хақсизлик гирдобида ўсиб улғайган, адолат ва диёнатга ошно кўнглим дунёга келган фарзандимнинг у кишидек эл назарига тушган одам бўлишини ният қилиб, яхши орзу умидлар билан Ислом деб атаган эдим.
Лекин, минг афсуски, йиллар ўтиб бу орзу-умидлар саробга айланди…
Бугун орадан шунча вақт ўтиб ўйлаб кетаман, нега, нима учун мен Ислом Каримовга бу қадар чексиз ихлос қўйдим, ишондим?
Бутун умрим ва ҳаётимни бахшида этдим. Нега?
Эҳтимол, бошқалар фақат орқаваротдан билишар, аммо мен кўпгина раҳбарларни, лидерларни яқиндан танир эдим. Афсуски, улар орасида миллатнинг бошини қовуштирадиган том маънодаги ЮРТБОШИни кўрмаганман.
Тўғри, улар ҳалол инсонлар эди, ўз ишларини яхши билишарди.
Лекин миллатни бирлаштириш учун яхши инсон, малакали мутахассис бўлишнинг ўзи камлик қилади.
Тарихнинг бурилиш нуқталарида халқни янги истиқбол сари олиб ўтиб кетиш ҳеч қачон осон бўлмаган.
Фақат ҳақиқий раҳнамогина миллат бирлигини сақлаб қолади ва ёруғ кунларга қатъиян ишонади.
Жамият устқурмасини бузиб, вайрон этиб ташлаш унчалик қийин эмас.
Лекин вайроналар устида янги бино – янги жамият барпо этиш ниҳоятда мушкул вазифадир…
Не бахтки, тақдир бизга ана шундай улуғ бир инсонни берган эди. Бу – Ислом Каримов эди!
Бир куни халқона шоиримиз Тўра Сулаймон: «Ислом акани буюк бир зотнинг руҳи доимо қўллаб-қувватлаб туради» деган эди жойнамозини йиғиштириб ўрнидан турар экан.
Ўшанда ҳалол бир инсон – Тўра Сулаймон – намоз пайтида ҳам юртбошимизни ўйлаганидан, юртбошимиз тўғрисида қайғурганидан асло ажабланмагандим.
Ишончим комилки, ўша пайтларда минг-минглаб ҳалол инсонлар, мўъмин-мусулмонлар Ислом акани жойнамоз устида дуо қилардилар.
Илло, халқнинг дуосини олган инсон ҳеч қачон кам бўлмайди деб бошқалар қатори мен ҳам унга меҳр қўйган бўлсам, не ажаб!
Мен Ислом Каримовни ана шундай жасоратли, миллатпарвар ва ҳавас қилса арзийдиган йўлбошчи деб билардим. Унга ишонардим! Унга сиғинардим!
Лекин, минг афсуски маълум вақт ўтиб менинг ва менга ўхшаш у кишига ишонган ва ихлос қўйган миллионлаб одамларнинг бу покдомон ва нафис туйғулари, покиза ва муқаддас ишончлари паймол бўлди, топталди, тахқирланди!
Бугун бу сатрларни ёзиш мен учун қанчалар оғир ва изтиробли эканини Сиз тасаввур қила олармикансиз?
(Давоми бор)