ХИВА ТУМАНИ ҲОКИМИНИНГ ХИВАЧА ҚАБУЛИ

Валерий НАЗАРОВ

 

Хива тумани ҳокими Д. С. Аллақулиев 2005 йил июнь ойида ҳокимликка тайинланган. Ўша пайтда собиқ вилоят ҳокими Ислом Бобожонов томонидан олдинги Хива тумани ҳокими М. Мадаминов ишдан кетказилиб, қайсидир хизматлари эвазига у ҳокимликка қўйилган. Халқдаги миш-мишларга қараганда, Д. Аллақулиев И. Бобожоновнинг омбор бўйича ҳисоб-китобчиси бўлган. Яъни вилоят ҳокими ҳисобига тушган совғалар (мукофотлар)ни сотиб-совуб, нақдларини катта чўнтакка жойлаб, ҳисбоини юритган экан.

 

Киссаси яширин омонат касса экан. Бир марта ўша аввалги вилоят ҳокими ҳисобига тушган мукофот тушум – парранда тухумини КамАЗга жойлаб, қўшни Туркманистон ҳудудига яширин ўтказишга бош-қош бўлаётганида чегарачилар томонидан ушланиб, Хоразм телевиденияси “Криминал хабарлар” кўрсатувида намойиш қилинган. Ушбу нисбатга монанд уни вилоят ҳокимлиги пойгакларидан соқит қилиш зарурати туғилиб, “Қўйнидан тўкилса қўнжига” дейилганидек, Хивага ҳоким қилиб гап сўзларни тинчитган.

 

У Хивага ҳоким бўлиб тайинланганда ҳокимлик даражасидаги бурч ва масъулиятлар, дастурлар мажмуалари регламентига кўниколмай,юқоридан белгиланаётган тадбирлар, ҳар ҳафтадаги халқни қабул қилиш кунлари давоматларидан безор бўлиб, ҳатто ишдан кетишга розилик аризасини ҳам топширганди. Вақти келганда, унинг ҳомийси вилоят ҳокими Ислом Бобожонов ҳам ишдан кетди. Натижада Д. Аллақулиевнинг аризаси ҳам эътибордан четда қолди. Бошқа ишга ўтиш имкон ипи узилди.

 

Энди у ҳокимликдан кетса, кўнгилдагидек лавозим йўқлиги сабабли, ҳоким бўлиб ишини давом эттиришга қарор берди ва иш тартибини ўзига мослаштира бошлади.  Республика ҳукумати дастурида бўлган фуқароларни қабул қилиш кунларини вақт тиғизлигини баҳона қилиб, ойда бир мартага ўзгартирди. Ундаям халқдан яширин, қабул кунини гоҳ ўтказиб, гоҳ йўққа чиқарди. Халқнинг норозилик туғёни ошгани, юқорига аризалар кўпаяверганидан кейин ҳамда Хоразм вилояти ҳокими лавозимига юридик нуқтаи назари кенг деб ҳисобланаётган Пўлат Бобожонов тайинланганидан кейин ҳукумат дастурлари тартиботи бирмунча изга тушгандек бўлди.

 

Бироқ барибир, ҳийлаи шаръий яъни шу эски дастур Хива тумани ҳокимлигида давом этмоқда. Қабул номига ўтказилади. Ҳоким қабул залига кириб ўтиради. Қабулга келганлар рўйхати тузилади. Бироқ халқнинг кўпчилиги қабулга киролмай кутиб ўтираверади. Чунки қабулга ҳокимият хизматчилари ва бошқа казо-казолар навбат кутиб ўтирмасдан, ўзи чақирди, деб, ёки бошқа ҳукумат заруратлари баҳонасида бўзчининг мокисидай кириб чиқаверадилар.

 

Уларнинг охири йўқ. Ўзи 3 соатлик қабул. Унгаям ҳокимнинг ўзи кечикиб, соат  16-17ларда келади ва 1-, 1,5 соат қабул ўтказилиб, киролмай қолган халқ умумлаштирилиб, залга киритилиб, ҳар кимга арзини айтиши учун 1-1,5 дақиқа вақт ажратилиб, тўлиқ англашилиб ёки англашилмай, ҳокимнинг амри вожиб, “Ҳа” деса розилик (чунки таниш-билишлар томонидан олдиндан пишитилган), “йўқ” деса тўқмоқлик, уни қайта кўндириш қийин.

 

Мен мана икки марта қабулга кирдим. Йўқ, дедими, йўқ. Унинг шаштида гумонлик умуман йўқ. Ноилож ишга суд орқали аниқлик киритишга қарор қилдим. Ундаям ё пикка, ё чикка. Чунки Сариқ ит Шоқолнинг тоғаси деб эскилар бежиз айтишмаган. Амалдорлик курсисига ўтирган баъзибир шахслар айшини суркиллатиб қолишни назарда тутади. Халқнинг мушкулотлари билан унинг нима иши бор. Замони келса, айшини суради. Тескари келса, сабаблари ҳам айтилмай ғойиб бўлади. Халқ эса ўз мушкулотлари билан қолади. Лекин, ўғирлик 3 кун ёки қинғир иш қирқ йилдан кейин ҳам билинади, дейилганидек, халқнинг кўзи мингта ва қинирликлар фош бўлиб, ёмондан доғ қолади.

 

Валерий НАЗАРОВ, “Бирдамлик”нинг Хоразм вилояти бўйича раиси.  

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares