КАРИМХОННИНГ ҚАДАМИ ҚУТЛУҒ КЕЛМАДИ…

Тарихдан маълумки, бир хил одамларга тахт-тож ёқмайди. У подшо бўлиши билан турли кўнгилсизликлар, уруш ва жанжаллар, бахтсизликлар кетма- кет юз бераверади… Бу хил одамлар ҳақида халқимиз: “Фалончининг қадами қутлуғ келмади”, дейишади.

И. Каримов ҳокимиятни бошқараётганига сал кам чорак аср бўлди. Шу давр ичида халқимизнинг меҳнаткаш, жафокаш вакиллари, оддий аҳолиси, талабалари ва ўқувчилари ёруғ кун кўрмади…

Давлатни бошқаришнинг номақбул усуллари қўллангани учун миллионлаб ўзбекистонликлар узоқ ва яқин хорижда: Кореяда, Россияда, Қозоғистонда ишлаб, олган маошларини уйларига юбориб, амал тақал оила боқмоқдалар. Уларнинг қанчадан-қанчаси бахтсиз ҳодисларнинг қурбони бўлишди, айримлари турли сабаблар билан она юртига қайтолмай, борган жойларида хор-зор бўлиб юришибди. Дубайда, Россияда, Арабистонда ўзбек аёллари фоҳишаликка тортилган. Бу ҳол юрт ичида ҳам давом этмоқда. Норасида болалар пахта чопиғида, теримида ишлатилмоқда ва ҳокоза!

Соғлом мухолифат эса, Каримхон зулмидан хорижга кетган, юртга қайтишга рухсат йўқ. Аксинча уларнинг юртда қолганларига фаолият олиб боришга йўл қўйилмайди, яқинларига турли тазйиқлар ўтказилмоқда.

Юртда қолган фуқаролар арзимаган маошга тирикчилик қилишмоқда, юрт ичида ҳам мардикорлар кўпайгандан кўпайиб бормоқда…

Нафақахўрларнинг аҳволи унданда бадтар. 50, 60 минг сўм (қорабозор баҳосида 20, 25 доллар ) нафақа олишади. Бунинг ҳам бир қисми пластик карточкаларга ўтади ва газга, чироққа, унга, бунга, деб босиб қолинади.   

Шундай аҳволда яшаётган халқнинг айрим “халоскорлари”, тўғрироғи ялоқхўрлари “Худога шукур, юртимизда тинчлик, бу президентнинг хизмати, тинчликни сақлаб тургани учун И. Каримовга Нобел мукофоти бериш керак”, дейишганини эшитганмиз.

Ҳолбуки, ўша И.Каримов президент бўлгандан бери қон тўйилмаган, терактлар юз бермаган, халқимизнинг вакиллари жабру жафо чекмаган йили йўқ…

1990-92 йилларда Фарғонада, Наманганда, Паркентда, Тошкентдаги Талабалар шаҳарчасида айбсиз кишиларнинг, талаба ёшларнинг қонлари тўкилди. 1999, 2000 йилларда Тошкентда, Тошкент вилоятининг, Бухоронинг турли жойларида бўлиб ўтган терактлар сабаб қанчадан қанча одам қурбон қурбон бўлди. 2005нинг 13 майида Андижонда  юзлаб кишиларнинг қонлари дарё бўлиб оқди…

Шу орада турли диний ташкилотларга аъзоликда айбланган минглаб ёшларимиз қамоқларга ташланди. Улардан аксарияти қамоқлардаги қийноқлар сабаб ногирон бўлиб қайтишди. Эмин Усмон, Шовриқ Рўзимурод, Қаҳрамон Ҳамид сингари ўнлаб, балки юзлаб йигитларнинг қамоқдан ўликлари келди. Мамадали Маҳмудов, Мурод Жўраев, Аъзам Фармонов, Аъзам Турғун, Солижон Абдураҳмонов сингари ёзувчи ва шоирлар, арбоблар, ҳуқуқ ҳимоячилари 15, 20 йилдан бери қамоқларда ётишибди. Қамоқдагиларнинг қамоқ муддати тугашига қарамасдан ҳар хил ҳийла найранглар билан, фалон қонунни бузди, деган ёлғон айблар билан, маҳбусларнинг йилига йил қўшишмоқда. Каримхон даври халқимизнинг энг бахтсиз, энг қаро кунларидир…

2014 йили И. Каримовнинг президентлиги ниҳоясига етади. Бундан буёғига, Ўзбекистон Конституцияси бўйича унинг ўз номзодини президентликка номзодлар рўйхатига қўйишга ҳеч қандай ҳаққи йўқ.

 

Тоҳир Тошкандий.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares