
Ғазаллар:
1. Нигорим
2. Арзу ниёз
3. Ниқоб ичра
4. Висолинг орзуси
5. Эй нозанин
6. Фурқат ғазалига мухаммас
***
НИГОРИМ
Сайр айла гулшан ичра бир-бир босиб, нигорим,
Яшнаб менга кўрингил бир йўли, гулъузорим.
Нозингни қўйгил энди, оч парда оқ юзингдин,
Муштоқ ўлиб кўрарга кўп ошти интизорим.
Васлинг майин хумори жисмимни қилди беҳол,
Ҳолимга бир назар қил, эй кўзлари хуморим.
Шамъи рухингни нури бирла кўзим ёритгил,
Айлай фидо йўлингда мен ҳарна йўқу борим.
Эл берса нисбатимни Мажнунга, йўқ ажабким,
Занжири зулфинг ичра банд ўлди жони зорим.
Тушкач кўзим юзингга гоҳида, эй қуёшим,
Зарра каби танимда қолмас менинг қарорим.
Маҳжуринга демишсан: ким этмиш они шайдо,
Кўб айлама тағофул, сен олдинг ихтиёрим.
***
АРЗУ НИЁЗ
Ваҳки, ҳаргиз тингламассан, айласам арзу ниёз,
Ҳеч асар қилмас сенга тунлардаги сўзу гудоз.
Қумридек ёнимда нечун «Ҳу» чекарсан, демаким,
Жон аро унмиш ниҳоли қоматинг, эй сарвиноз.
Айрилиғ шоми аро асло туганмас ҳасратим,
Дарҳақиқат, ул қаро сочингни васфидур дароз.
Нолишимдан боғ аро булбул навоси бўлди паст,
Тор эди жон риштаси, жисмим бўлиб андоқки соз.
Ёлборуб кўйингга борсам, кўз учида боқмадинг,
Билмадимким, бу на истиғно эди, мунча ароз.
Лутф ила бир йўл агар кулбам сари қўйсанг қадам,
Ифтихор эрди менингчун, бўлгай эрдим сарфароз.
Нотавон бўлди бу Маҳжуринг тараҳҳум айлабон,
Бодаи васлинг ила бўлгил анга сен чорасоз.
***
НИҚОБ ИЧРА
Менга ушшоқ аро қилдинг тағофул сарҳисоб ичра,
Не журмим бор эдиким, қолмишам нозу итоб ичра.
Очулмай бурқаъинг, парвона бўлмишдур қуёш, чунким,
Кўринур шамъдек рухсора фонуси ниқоб ичра.
Менга мубҳам эди зулфингда кўнглимдек паришонлиғ,
Чу фаҳм этдим, юзинг тобидин эрмиш печу тоб ичра.
Ёшим дарё каби мавж ургони андинки, сақларман,
Хаёли гавҳари зотингни бу чашми пуроб ичра.
Лаби лаълингни холин шавқидин гар куймади бағрим,
Нечун доғ ўлди ҳар ён нуқталардекким, китоб ичра.
Нетонг, майхонанинг ринди бўлиб, завқу сафо тобсам,
Кўрингай акси ҳуснинг соғари саҳбойи ноб ичра.
Насими васлидин лутф ила Маҳжуринг сори эстур,
Очилсун бир йўли дил ғунчаси, қолмай хуноб ичра.
***
ВИСОЛИНГ ОРЗУСИ
Висолинг орзуси кўнглими ошуфтаҳол этмиш,
Юзингни ҳасрати кўзда сиришким рангин ол этмиш.
Алифдек қоматингким, гулшани жон ичра унмишдур,
Чаманга зийнатафзо сарвдек бир навниҳол этмиш.
Салоҳ аҳли қошинг тоқига сажда этса, тонг эрмас,
Тонуб меҳробни тоатга, эмди интиқол этмиш.
Лабингдин ком олғон тобкай умри жовидонийким,
Сочунгни-зулмат, оғзинг-чашмаи оби зулол этмиш.
Ҳилоли жом ила, соқий, тариқат аҳлига май тут,
Тариқи ишқда саҳбони муғ пири ҳалол этмиш.
Хаёл айлаб, сени кўнглим қуши кўйинг сари учгай,
Мижангдин тийралар етгач, ўзига пару бол этмиш.
Ўзунг еткурмасанг қутлуғ қадам кулбамга мастона,
Хуморим дарди бу жисмимни ғоят бемажол этмиш.
Нечук билдинг рамузи ишқ, деб Маҳжурдин сўрма,
Белу оғзингни фикрин диққати нозук хаёл этмиш.
***
ЭЙ НОЗАНИН
Эй нозанин, жамолинга бўлдум хумор ман,
Нозингни қўй, висолинга кўб интизорман.
Тушти кўзим юзинг сори, эй Лайли, то бу дам,
Мажнун каби куюб, сенга кўб беқарорман.
Ҳусн аҳлининг аросида Ширин нигорсан,
Севгини тоғида сенга Фарҳоди зорман.
Аҳд айласанг садоқату меҳру вафога сен,
Жоним фидо, бу дунёда мен токи борман.
Базм ичра сен қадаҳ тутиб соқийлиғ айласанг,
Соз айласам, наво била сози дуторман.
Бир марҳамат назар била боқғилки, сен учун,
Меҳнатлара шу дамгача бўлдим дучор ман.
Маҳжурингни унутмаки, лутфинг умид этиб,
Ошиқларинг сафи била мен бир қаторман.
***
ФУРҚАТ ҒАЗАЛИГА ТАХМИС
Нечук қон йиғламай, тушдим йироқ гул юзли ёримдин,
Борурман ғурбат ичра ажралиб хешу таборимдин,
Тушиб бошимга савдо, қолмади сабру қароримдин,
Фиғонким, гардиши даврон айирди ўз диёримдин,
Ғамим кўб, эй кўнгил, сен бехабарсан оҳу зоримдин.
Муҳаббат тоғида ҳолим чу Фарҳод ўлди андоқким,
Ишим ҳижрон ўтида оҳу фарёд ўлди андоқким,
Фалак кул қилди жисмим узра бедод ўлди андоқким,
Ғуборим ишқ водийсида барбод ўлди андоқким,
Биёбонларда Мажнун тўтиё излар ғуборимдин.
Тилаб васлин етолмасдан бўлибдур хаста аҳволим,
Юрак бағрим эзиб нолиш била ўткай маҳу – солим,
Ғаму қайғу ҳужумидин дамодам ўзгарур ҳолим,
Қизил қондир сиришким, заъфарондир чеҳраи олим,
Мени ким кўрса, фарқ этмас хазон бирла баҳоримдин.
Бу севги даштида жон, шубҳасиз, тандин жудо бўлғай,
Тилак шул, жисму жоним ёр кўйида фидо бўлғай,
Кўмилсам бўсағосин остида, лутфи Худо бўлғай,
Муҳаббат дардида ўлсам, ўтиб умрим адо бўлғай,
Қамишлар ўрниға меҳригиё унгай мозоримдан.
Бўлиб бемори ишқи, ҳаргиз ўрнимдин жилолмасман,
Мадорим йўқлиғидин кўйининг азмин қилолмасман,
Бўлиб Маҳжури сарсонман, ўзимга ҳеч келолмасман,
Адашган кимсадек Фурқат, қаён борғум билолмасман,
Қачон бўлғайки, топкайман хабар ёру диёримдин.
***
Матн терувчи С.Равоний,
Андижон, 15 07 2012