БЕПИСАНДЛИКЛАРДАН ТЎЙДИМ

Валерий НАЗАРОВ

 

“Бирдамлик” сайтининг май ойидаги сонларидан бирида “Янги қурилган бозорнинг Хива тумани ҳокими, унинг қариндошлари ва ҳокимлик амалдорлари томонидан талон-тарож қилиниши” сарлавҳали мақолам ёритилган эди. Мен, шу мақоламни давлат раҳбарлари ўқир, шундан хулоса чиқариб, туман ҳокими қилмишларигабарҳам берар, деб ўйлагандим. Шунинг учун бир ойдан зиёд кутдим. Лекин ҳеч қандай натижа чиқмади. Шу боис Хоразм вилояти фуқаролик судига туман ҳокими Д. Аллақулиевга қарши даъво ариза билан мурожаат қилдим. Қуйида мазкур даъво аризамни эътиборингизга ҳавола қиламан:

 

Хоразм вилояти фуқаролик судига

Даъвогар: Хоразм вилояти Хива тумани

Оқёп қишлоғи Шихлар маҳалласи

1-уйда яшовчи мулкдор

Валерий Матназарович Назаров

Жавобгар: Хоразм вилояти

Хива тумани ҳокимлиги

 

 

ДАЪВО АРИЗА

 

Хива тумани ҳокими М. Р. Мадаминов томонидан ҳокимликка берилган ариза қаноатлантирилиб, 2003 йил 9 декабрь санаси билан 1343-сонли қарор асосида Хива деҳқон бозори ҳудудида дўкон қуришга майдон ажратилиб, рухсат асосида ҳужжатлаштирилиб, фаолият кўрсатилаётган эди. 2010 йилда янги ҳоким Д. С. Аллақулиев бозор инфратузилмасини такомиллаштириш давлат қарорлари ижросини амалга оширув баҳонасини рўкач қилиб, мулкдорлар ҳуқуқларига беписандлик билан асоссиз равишда бозор майдончасига текислагич, ағдаргич механизмларини киритди. Ҳамма дўконларни бир ёқдан йиқиб, текислаб, ағдар-тўнтар қилди.

 

Ҳамма дўкон эгаларига йўлланма сифатида бир ариза лойиҳаси тузди.  Ушбу аризага кимда ким имзо қўйиб берса ва лойиҳада кўрсатилган барча шартларни зиммасига олса, бундан ташқари, янги проект асосидаги қурилиш  учун лозим бўлган чиқимотларни қаршилик кўрсатмай, “коса тагида нимкоса” тўласа унга ўрин ажратишини, розилик билдирмаса ўзидан кўришини,  ҳоким учун унинг қандайдир хусусий мулкини фарқи йўқлигини билдирди.

 

Ҳоким жаноблари шу мазмунда ихтиёрий мажбурлаштириш услубини овоза қилди. Танлаш, саралаш бошланди. “Қўйнидан тўкилса қўнжига” дейилгандек, барибир, илгариги дўконлар ўз эгаларига эмас, ҳокимият пиллапояларида хизмат кўрсатаётган  ҳокимга содиқ амалдорлар, қариндошлар, яқин ошналарга тақсимлана бошлади. Д. Аллақулиев ҳатто ўзини ҳам эсдан чиқармади. Танланганларга овоза қилмасдан яширин равишда тахминан 15 миллион сўмдан кредит олиб берди. 150-200 доллардан шапка эвазига. Ўзига 4 та, муовинларига 2 тадан савдо шаҳобчасини ҳужжатлаштирди.

 

Эгалик ҳуқуини қўлга киритган амалдорлар эса икки штатни олиб беролмаслигини пайқаб, дўкон ичидаги раста бўлмаларини майда ёлланма мулкдорларга ижарага бериб, яширин нақдини ойига 1000000 сўм қилиб белгилашган. Қарабсизки, мўмай даромад ўз-ўзидан келаяпти. Ҳоким ҳам, сафдошлари ҳам, қариндошлари ҳам хурсанд. Давлат томонидан тўланаётган маош устига қўшимча даромад. Шу ерда бир нозик томони бор. Ҳокимга ва малдорларига беркитилган дўконлар ўз номларига ҳужжатлаштирилмаган. Улар ёлланма сотувчилар номида.

 

Дўконларнинг эски эгаларига эса турли ташландиқ майдонлар, харидоргир бўлмаган бурчаклардан, хоҳлаши ёки хоҳламаслигига қарамай, ўрин ажратилди. Мана менинг 22.13.02. 02. 03:0080 рақамида кадастр рўйхатидан ўтган проекти қайд қилинган 20.02.2009 йилда 1356252 (бир миллион уч юз эллик олти минг икки юз эллик икки) сўмга баҳоланган дўконим учун Буюм бозори  деб кўз-кўз қилинаётган майдондан зўрма-зўраки ўрин ажратилди. Аммо у майдон икки-уч йилдан бери савдо қилишга ўнғайлаштирилгани йўқ. Уч йилдан бери қанча сувлар оқди, қанча фарзандлар дунёга келди ва қанча қариялар охиратга йўл олди.  “Э-э-э, бўлганича бўлар” деб юрган Д. С. Аллақулиевнинг хаёли эса охир бир кун яна бир “Ы операцияси”ни ўтказиб, мўмай даромад ишлашди.

 

Яқинда ҳоким ўша сарҳадга бориб, дўкон ўрнига эга бўлган савдогарларга мажлис ўтказиб, дўкон қурилиши ўз зиммангда, орқа ва олд йўларини асфальт қиласан, аукцион баҳосини тўлайсан ва ижара услубида номингга ҳужжатлаштирилади шартларини эълон қилди. Савдогарлар бунга рози бўлмай ғавғо кўтаришди. У ғавғога эътибор ҳам бермай, жуфтакни ростлади. Бу сарҳадда ҳам эски услубини қўламоқчи. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 7.30-моддасида, “Давлат органлари, жамоат бирлашмалари, мансабдор шахслар шароитдан келиб чиқиб, зарурат туғилганида, ҳар бир фуқарони қизиқишига монанд бўлган қарорлар, ҳужжатлар ва унинг талабига монанд материаллар билан таништириши лозим”,  дейилган.  Бизнинг раҳбарият эса “ўрага сичқон тушди, гулдир-гуп”ни ёқтиради.  Мен юқоридаги ҳолатлардан норози бўлиб, нохолисликлардан нолиниб, туман бошқаруви номига аризалар йўллаганман ва қониқарсиз жавоблар олганман. Жами: 6 дона. Ушбу ҳолатлар мажмуасидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг X боби 44,53-моддалари, ФКни 199, 206-моддалари ва ХПКни 23, 112, 114-моддаларини инобатга олиб,

 

С Ў Р А Й М А Н:

 

1. Менга бегоналаштирилиб, тортиб олинган дўконим ўрнининг қайтариб берилиши белгиланишини;

 

2. Дўконга эгалик фаолиятим бегоналаштирилгани сабабли тўхтаб қолган икки йиллик даромад маблағи жавобгардан ундириб берилиши белигалнишини;

 

3. Менинг шахсим шаъни маънавий беписандлик билан поймоллаштирилгани учун ҳоким кечирим сўрашини белгилашингизни. Чунки мен 66 ёшда бўлганим сабали беписандликлардан

тўйдим.

 

Хива тумани Оқёп қишлоғи фуқароси В. Назаров.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares