Ёдгор Обид
Уйғоқ яшаш қийин мудроқ дунёда,
Биродар, нетайлик, шу кунга қолдик.
… Дардимиз муаллақ бўм-бўш ҳавода,
Тўлғондик, тебрандик, аламдан толдик…
Уйғоқ яшаш қийин мудроқ дунёда,
Кўксингда оташлар ёндирар ёмон.
Орзулар сарсари мангу маъвода,
Умидлар чирқираб излайди имкон.
Уйғоқ яшаш қийин мудроқ дунёда,
Токи бошлар узра қотил жаҳолат…
Англатмоқ истасанг – бошинг балода,
Нигоҳлар- қаҳрли. Нигоҳлар- нафрат.
Уйғоқ яшаш қийин мудроқ дунёда,
Биродар, бунчалар бешафқат дунё.
Қочиб кетолмадик арши- аълога,
Нима қилсак – қилдик, яшадик ахир…
Уйғоқ яшаш қийин мудроқ дунёда,
Нетайлик, қисматга битилган экан…
Синмаса руҳимиз шундоқ аснода-
Юз очар орзуга айланган маскан.
Уйғоқ яшаш қийин мудроқ дунёда.




