ЭСКИ ҲАММОМ, ЭСКИ ТОСМИ?..

Биз, гарчи ёшимиз бир жойга бориб қолган ва асосан туркий халқларни яқинлаштириш, бугунги кунда энг кўп қийинчиликларга учраётган мардикорларга маънавий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш йўналишида ишлаётган бўлсакда, шу кеча кундузда Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси теварагида бўлиб ўтаётган ҳангомаларга бепарво қарай олмадик… Бу ҳодисалар бизга ўтган асрнинг 90 йилларида Ўзбекистонда бўлиб ўтган тазйиқ ва қатоғонларни эслатди. Бизни ўша пайтлари тинимсиз равишда назоратда ушлашгани, иш ва яшаш жойларимизда ҳам тинчлик беришмагани учун биримиз бола чақаларимиз норозилигига қарамасдан, иккинчимиз, болаларимизни ҳам олиб, турли муддатларда Ўзбекистонни тарк этгандик…

 

Ўшанда ҳам, худди 2012 йил 11 июнда бирликчилар билан, 12 июнда  бирдамликчилар билан бўлгандай шу хил тазйиқлар, қатоғонлар: фаолларни уйларидан чиқармаслик, пикет ёки митинг жойига борганларни ИИБларга олиб кетишлар, сайёр судлар бўларди… Аммо қатоғонлар шаклида ўхшашлик бўлса ҳам мазмунида фарқ бор! Айтайлик. у пайтлар асосан ўз тилининг давлат тили мақомини олиши, юртининг мустақиллиги учун курашаётганларни шўро арбоблари тазйиққа олишарди: бугунги мустақил Ўзбекистонда эса, миллатини қатлиом қилганларга муносабат билдиришни истаганларга ўзларини шу миллатнинг ҳомийси деб билганлар йўл беришмаяпти. Қирғизистоннинг Ўзбекистон элчихонаси олдида ўтиши керак бўлган пикетга икки кун қолганда, Бирдамлик ҳаракатининг Фарғона водийси координатори Носир Зокирнинг уйига фуқаро формасидаги шахслар (Наманган шаҳар ИИБ майори Икромжон Муҳаммедов, милиция подполковниги Аббосхон Қосимов)нинг бостириб кириши ва Тошкентга бормасликни талаб қилиши, Ҳаракатнинг  Хоразм вилоят бўлими етакчиси Валерий Назаровни10 июнь куни  Тошкентга йўлга чиққанида шаллақи хотинлар “ёрдамида” ички ишлар бўлимига олиб кетишгани, Бирдамликнинг  Фарғона вилоят бўйича етакчиси Гулҳаё Бобожоновадан эса, “Норозилик пикетига бормайман. пикетда иштирок этмайман” деган мазмунда тилхат ёзмагани учун эрини ишга солишга интилишлари Ўзбекистон кучишлатар тизимларининг ҳали ҳам шўро давридаги усуллардан фойдаланишаётганини кўрсатади. 12 июнда Малоҳат Эшонқулова бошлиқ бирдамликчилардан ўндан ортиқ кишининг ИИБга олиб кетилиши ўлганнинг устига тепган бўлибди…

 

Шу хил воқеалар ҳақида эшитганлар, ўқиганлар онгида, Ўзбекистон куч ишлатар тизимлари ходимлари миллатнинг дўстими ёки ғанимими, деган табиий савол туғилади. Кучишлатар тизимлари фаолларга Қирғизистон ҳукуматига ўзларининг оддий норозиликларини ифодалашга йўл бермаётган бўлса, бир пайтлар, ҳамма ёқ ёниб битгандан кейин, Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги масъули В. Норовнинг халқаро мажлисда Қирғизистондаги 2010 йил июнидаги қатлиомларни халқаро текширувдан ўтказиш керак, деган маънода гапиришининг қандай маъноси бор? Шу ҳаракатнинг ўзидан Ўзбекистон масъулларининг жаҳон жамоатчилигига ўзбекнинг ҳомийси сифатида кўрсатишга интилиш хўжакўрсинга эканлиги маълум бўлиб қолмоқдаку! Ўзлари қатлиомдан норози бўлган масъуллар қандайига ўз фуқароларининг оддий ҳаракатига йўл қўйишмайди? Агар масъуллар миллатнинг дўсти бўлса, ўз миллатдошларининг қайғусини чекаётганларга нега бундай муносабатда бўлишмоқда?!

 

Б. Норбоев, С. Байдуллаев.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares