Жиззах вилояти, Пахтакор туман Ички ишлар бўлими Жиноят қидирув бўлинмаси ходамларига “Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати Жиззах вилоят бўйича етакчиси Саида Қурбонованинг йўлини пойлашдан ўзга иш қолмаган экан-да.
– 11 июнь куни Қирғизистон элчихонаси биноси олдида бўладиган пикетда иштирок этиш учун йўлга чиққандим. Айни тушлик маҳалида Жиззах вилоят ҳудудидаги ГАИ постида мен ўтирган машинани йўл патруль хизмати ходамлир тўхтатишди. Қарасам, Пахтакор туман Ички ишлар бўлими жиноят қидирув бўлимининг икки нафар йигити биз томонга қараб келаяпти. Улардан бири менинг машинадан тушишимни талаб қила бошлади. Нега, деб сўрасам, сабабини айтишмайди. Тушасиз, тошкентгa бормайсиз, тамом-вассалом, дейишади. Мен ҳам қайсарлик қилиб, тушмадим, ўтиравердим. Айни тушлик пайти, кун қизигандан қизиган. Биз ўтирган машинада ёш болали аёллар ҳам бор эди. Энг муҳими, такси ҳайдовчиси йўлдан қолаётганига жиғибийрон бўларди. Охийри, бўлмади, ҳайдовчи чидай олмади. “Опажон, биргина сизни деб шунча одам йўлидан қолмасин, илтимос, машинадан тушинг” деб ёлвора бошлади. Ноилож, машинадан тушиб қолишга мажбур бўлдим. Шунда ҳам ноумид бўлиб қайтганим йўқ эди ортимга. 12 июнь куни тонг саҳарда йўлга чиқаман деган умид билан ўз уйимга эмас, бир пайтлар бирга ишлаган дугонамнинг хонадонига бордим. Гуё ўзимча ИИБ ходамларини чалғитмоқ бўлдим. Аммо қаерда дейсиз, ортимдан шу дугонамнинг уйига қадар кузатиб, эргашиб келибди, азаматлар. Мана, эрта тонгда, соат 4.00 да дарвозага чиқсам, жиноят қидирув бўлимининг Ботир, Умид исмли йигитлари туришибди соқчилик қилиб. “Опа, безовта бўлманг, уйга киринг, ҳеч қаерга бормайсиз дедикми, бормайсиз!” деб яна ортимга қайтаришмоқда, – деди Саида Қурбонова тонги соат 4.25 да мобиль телефондан қўнғироқ қиларкан хуноб бўлиб, – Бу йигитлар уйларига кетишган эмас, Шу кеча тун бўйи дугонамнинг уйи атрофида соқчилик қилиб чиқишган. Мана, энди менга Тошкентга бориш учун изн бермай ўтиришибди. Нима қилишга ҳам ҳайронман… «Домашный арист»даман, – Саида опанинг овозидан таъби хира эканлиги шундайгина сезилиб турарди…
Бир сўз билан айтганда, Пахтакор туман ИИБ жиноят қидирув бўлими ходамларининг «фидокорона меҳнатлари» туфайли, норозилик пикети иштирокчилари сони яна биттага камаядиган бўлди…
Юқорида тавсифи келтирилган воқеалар Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг “улуғланиши”дан, мамлакат конституцияси фуқаролар ҳаётини эмас, оқ қоғозларни безаб турганлигидан, гўзал қилганлигидан далолатдир…
“Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати Ўзбекистон бўлими Матбуот Маркази



