ЎЗБЕКИСТОН: БУ ГАЛ МХХЧИЛАРГА “БИРДАМЛИК” ЕТАКЧИСИНИНГ ТУРМУШ ЎРТОҒИ НИШОН…

 

       “Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати Ўзбекиcтон бўлими фаоллари томонидан 12 июнь куни соат 11.00 да Қирғизистон элчихонаси биноси олдида ўтказилиши кўзда тутилган норозилик пикетини тўхтатиш йўлида МХХ ва ИИБ ходамлари неки нағмалари бўлса қўллаб кўришмоқда, зўравонликнинг минг бир хил усулини қўллаб кўришмоқда.

        Ҳаракатнинг  Фарғона вилоят бўйича етакчиси Гулҳаё Бобожонова МХХ чиларнинг навбатдаги “ўлчаси” бўлди.  Аниқроғи, Г. Бобожонованинг турмуш ўртоғи МХХ ходимларининг “назарига тушди”. Гап шундаки,   “Бирдамлик” норозилик пикети ўтказишмоқчи” деган хабар қулоқларига  чалинар-чалинмас  Ҳаракатнинг ёш етакчисини ҳузурларига чорлаган Фарғона шаҳар МХХ  ходимлари Гулҳаёдан “Норозилик пикетига бормайман. Пикетда иштирок этмайман” деган мазмунда тилхат ёзиб беришини талаб қилишган эди. Бобожонова ҳам отасининг қизи эмасми, махсус хизмат ходамларининг талабига “хўп” дея кўниб қўя қолмади. Тилхат ёзди, бироқ,  тилхатда “Мен албатта пиктеда иштирок этаман”  деган мазмун касб этди. Аёл киши билан “тиллашиб”, йўғ-э, муштлашиб  бўлмаслигидан алам алангасида қоврилган МХХ ходамлари бу гал таҳдид йўналишини ўзга томонга буриб кўришди. Бир сўз билан айтганда, гулҳаёнинг жон жойидан ушлашди.

       – Кечга яқин эшик қўнғироғи жиринглади. Чиқиб қарасам, икки йигит турибди. Улардан бири “Шу уйда ўз ишининг устаси бўлган уста яшайди дейишди. Шунга устани истаб чиққандик. Азгина юмушимиз бор эйди” деди ўзини таништиришни ҳам унутиб. Турмуш ўртоғим ишсизликдан қоқ ёрилай деб ўтирган эмасми, “буюртмачи”ларнинг таклифига дарҳол розилик бериб қўя қолдилар, – дея гап бошлади Гулҳаё Бобожонова, – Шунда йигитлар “У ҳолда биз билан бирга юринг, ака, иш кўламини кўрсатиб, савдолашамиз” дея эримни олиб чиқиб кетишди. Шу куни болаларимнинг отаси уйга жуда кеч, асаблари таранг ҳолатда  қайтди. Уларнинг айтишларича, фуқаро формасидаги бу икки йигит турмуш ўртоғимни “дом”ларнинг чеккароғига, хилватроқ жойга қадар ана келдик, мана келдик дея алдов йўли билан бошлаб боришган-да, кейин, “Битта хотинингни йиғиштириб ололмасанг қанақанги эркаксан. Белингдаги шимми ё лозим?! Хотининг нега ҳукуматга қaрши чиқаяпти? Нима, ўлгиларинг келганми?  Ёки уйингдан варақа, чўнтагингдан наша чиқишини истайсанми? Билиб қўй, олдингда иккита йўл бор: биринчиси, вақтнинг борида хотинингни йиғиштириб оласан-да, тинчгина яшайсан. Ёки… уйингдан  таъқиқланган варақа топилади, ёхуд чўнтагингдан гиёҳванд модда  олинади-да, умурбод қамоқ жазосига ҳукум қилинасан! Жуда бўлмаганида, камида 14 йилга озодликдан марҳум этиласан! Хўш, сенга қай бир йўл маъқулроқ. Хотинингни изга солишми, ё қамоқ!”  дея таҳдид қилишган, атай ғуруриға тегишган.   Эримнинг сўзларидан кейин  эртасигаёқ Фарғона шаҳар МХХ хизмати ходамларига учрашдим:  “Мен бу ёқда қолиб, нега энди турмуш ўртоғимни сиқувга олаяпсизлар? Шу адолатданми?!” дедим хуноб бўлиб.

           Фарғона шаҳар махсус хизмат ходими, “Биздан ноўрин шубҳа қилаяпсиз, опа,   деди ўта хотиржамлик билан, – Назаримда бу иш МХХ йигитларининг иши эмас, бу аниқ. Балки эрингизга босим ўтказган кимсалар ИИБнинг ходамларидир. Сиз кўпам сиқилаверманг.  Уйингизга фуқаро кишиймида  бориб, эрингизга таҳдид қилганларни ўзимиз қидириб топамиз” дея эримга нисбатан қилинган қитмирликни ўзларидан соқит қилишди… Улар турмуш ўртоғимнинг ғурурига тегишган…. Шунинг учун ҳам хўжайиним  анча хифа бўлдилар. Ўзим ҳам жуда сиқилиб қолдим. Уларнинг қўлидан ҳар нарса келади-да…, –  суҳбатдошимнинг овози жуда маҳзун эди.

             Фарғона шаҳар махсус хизмат ходамлари “тўрмуш ўртоққа тўрт ташлаш”  операцияси билан ҳам қаноат ҳосил қилган эмас.  11 июнь куни Тошкентга – шифохонага отланган Г. Бобожоновадан “Тошкентга борсам, “Бирдамлик”нинг норозилик пикетидан иштирок этмайман” деган мазмунда тилхат олиб олишгачгина, Ҳаракат етакчисини пойтахт томон “қўйиб юборишди”….

       – Пикетда қатнашмайман деб тилхат ёзиб беришга мажбур қилишди. То ёзмагунимга қадар қўйишмади. Ёзганимдан кейингина, Тошкент томон ўтказиб юборишди. Энди эса нима қилишга ҳам ҳайронман…., – дейди Гулҳаё Бобожонова ўйга толиб….

            Шу алфозда Ҳаракат фаоллари махсус хизмат ходимлари томонидан турфа тазйиқлар остида қолмоқда….

 

           “Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракати Ўзбекитсон бўлими матбуот маркази

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares