
Мабодо биз сизга Ўзбекистонда бирор бир соҳа раҳбарлари йўқки, порахўрликни касб айламаган бўлса десак, бовар қилмайсиз. Тўғриси, Ўзбекистонда таъма қилмайдиган, “лева”дан соққа топмайдиган бошлиқнинг ўзи йўқ. Шундай раҳбарлар борки, ҳар куни чўнтагига тўрт танга чойчақа тушмаса кечаси ётиб, уйқуси келмайди, ишонаверинг.
Яқинда “ГАИ”да ишлайдиган синфдошимни 15 йилдан сўнг учратиб қолдим. Чойхонада бии-ииир ош ошлашдик… Гап-гап билан суҳбатимиз мавзуси касбимизга келиб тақалди.
– Мен ҳар куни камида 50 минг сўм ишламасам, умуман кайфиятим бўлмайди. Бошимга оғриқ киради. Ҳайдовчилардан пул олиш касалига мубтало бўлганман. Агар кун бўйи кўнгилдагидек топмасам, уйга қовоқларим солиқ, тунд қиёфада кириб бораман. Рангу-рўйимдан онам гап нимада эканлигини дарҳол билиб оладилар: “Ҳа, болам, бугун тушум бўлмадими?” деб қўядилар секингина, кейин эса, “Майли, бугун ҳам қўлинг қуруқ қолмасин” дея нафақа пулидан иримига 10 мингми, 20 минг сўмми, узатадилар. Ана шундан кейингина чеҳрам ёришади, – деб қолди синфдошим ярми ҳазил-ярми чин аралаш…
Ҳокимларнинг, ДАН ходимларининг, домла-ю дўхтирнинг, қози-ю прокурорнинг, хуллас, раҳбарман деган ҳар бир банданинг порадан кун кўришини яхши билардим, аммо истироҳат боғининг раҳбарлари ҳам қинғирликнинг ортидан дунё тўплашини хаёлимга ҳам келтирмаган эканман.
Нима бўлди-ю, куни кеча Тошкент шаҳридаги Ғафур Ғулом номидаги истироҳат боғида музқаймоқ сотадиган қўшним арз қилгани чиқиб қолди.
– Ўзи бизга бир йилда 6 ой, нари борса, 4-5 ой “сезон” бўлади. Шу даврда бир йил давомида оилангизни тебратишга етадиган маблағ топсангиз, топдингиз, йўқса, қаронғи қишда ҳаммоллик қилишимизга тўғри келади. Ғафур Ғулом паркининг директори Баҳодир Султонов эса мен кабиларнинг бозорини касод қилиб ётибди, – дея ҳасратини бошлаб қолди қўшним чапанича сўкинаркан.
– Тушунмадим, Ғафур Ғулом истироҳат боғи раҳбарининг сизнинг даромадингизга нима даҳли бор?, – сўрадим ҳайрон бўлиб.
– Нимасига тушунмайсиз? Қаерда музқаймоқнинг бозори чаққон? Уч ой ёзда паркларда музқаймоқ зўр кетади. Шунинг учун ҳам санэпстанцияга бер, паркнинг каттасига узат, ҳокимиятга ата, электорсетга ҳадя қил, налогнинг оғзини ёғла дегандек, унга бер, бунга бер билан, то налог-палоглардан қоғоз-поғозини тўғрилаб, музқаймоқ сотишга рухсат олгунимча қилган чиқимим шусиз ҳам нақд бир миллоннинг тагига бориб қолганди. Кунлар исиб, энди савдо бароридан келди деганда, парк директори Баҳодир Султоновнинг нафси ҳакалак отиб, савдониям белига тепди, – деди қўшним надоматли бош чайқаб, – Ўзи бутун бир Ғафур Ғулом парки бўйича музқаймоқ, турли яхна ичимликлар, ўйинчоқлар сотиш учун санасангиз, бизнинг, бор-йўғи саккиз кишининг документи бор, холос. Сотишга рухсатни қўлга киритгунимизга қадар она сутимиз нақд оғзимизга келган. Аммо-чи, Баҳодир ака саккизта эмас, саксонта сотувчига савдо қилиш учун енг учида рухсат бериб қўйибди. Ноқонуний тарзда ўйинчоқлар, пуфаклар, пишириқлар, яхна ичимликлар совдоси билан шуғулланувчиларни, турли лотерея ўйинларини ўтказаётганлару, сураткашларнинг сонини санамай қўя туринг, паркда ҳужжат-пужжатсиз биргина музқаймоқ сотувчилар сонининг ўзи 20 дан ортиқ. Бирортасининг документи йўқ сотишга. Давлатга налог ҳам бермайди. Билганим шуки, улар парк ҳудудида савдо қилишга рухсат берганлиги, жой ажратганлари учун ҳар ойда Баҳодир Султоновга 500 000 минг сўм “ижара ҳақи”ини қуртдек санаб беришаркан. Мен каби сотишга рухсат олган, документи борларга қийин, икки томонлама харажат қилишимизга тўғри келади. Ҳам давлатга солиқ тўлаймиз, ҳам парк директорига ҳар ойда улуш ажратиб турамиз. Тўғри, ноқонуний савдо билан шуғулланганлар каби, ҳар ойджа 500000 сўм бермаймиз ҳарҳолда. Аммо давлатга бераётган солиғимиз, санэпстанцияга, ўт ўчирувчлиарга, электросет ходамларига, парк директорига “узат-узат”ларнинг ҳаммасини қўшиб ҳисоблаганда бир ойга 500 000 сўмдан ҳам ошиб кетади.
Биз-ку, шунисигаям рози эдик-а, аммо Ғафур Ғулом парки ҳудудида ғайриқонуний равишда музқаймоқ савдоси билан шуғулланишга директордан рухсат олган 20 нафардан ортиқ сотувчилар савдомнинг белига тепмоқда. Бу туришда банкрот бўлишим ҳеч гап эмас. Яна айтаман, паркда битта музқаймоқ эмас, ноқонуний тарзда яхна ичимлик сувларини, турфа ўйинчоқларни сотиш, майдонларда ҳап хил лотерея ўйинларини уюштиришга директор томонидан хуфёна тарзда изин берилган. Масалан, менга, давлатга солиқ тўлаб, савдо фаолияти билан шуғулланаётган одамга бу нарса жуда алам қилаяпти. Қўлингиздан келса, сиз ана шулар ҳақида ёзинг, – сўзларини якунлади суҳбатдошим оғиргина хурсиниб….
Қўшнимнинг гапидан англадимки, Гафур Ғулом истироҳат боғининг директори Баҳодир Султонов бир йилда бор йўғи бир бор “сезон” келади, териб қолай, тўплаб олай дея ўнта бармоғини оғзига тиққанлар хилидан экан. Дейлик, 50 нафар кишининг ноқонуний садо фаолияти билан шуғулланишига изин берган директор уларнинг ҳар биридан 500 000 мингдан “ўлпон” терган тақдирда ҳам, барибир бой бўлмайди, ўзига юқмайди. Чунки қинғирлик ортидан келаётган бу соққалар туман, шаҳар ҳокимиятидаги мутасаддиларга, солиқ, прокуратурадаги текинтамоқларга ҳам тариқдек сочилик кетади. Ўтники ўтга, сувники сувга деб мана шунга айтсалар керак-да! Ҳа, сиз нима деб ўйлагандингиз? Ўзбекистон бесўроқми, шаҳар бедарвоза деб хаёл қилганмидингиз? Э, йўқ, бу диёрда ҳамма нарсанинг ҳисоб китоби бор. Ҳокимият тепасидагилар, тегишли идоралар арқонни узун ташлаб, кузатувчи бўлиб турадилар, ой охирида арқонни тортмайдилар, шунчаки секингина бир силтаб қўядилар. Қарабсизки, “даромад жилғалари”нинг бири – истироҳат боғидан ўз-ўзидан сармоя оқиииббб келиб турибди-да! Акс ҳолда Ғафур Ғулом истироҳат боғи директори Баҳодир Султонов “ўзи хон, кўланкаси майдон” бўла олармиди? Нима дедингиз, а?
Паҳлавон МАҲМУД
Мустақил журналист



