
Жуда қадим замонлардан буён қўшнилар ўртасидаги меҳр-оқибат жуда қадрланиб келади. Бу борада элимиз орасида ибратли бўлган мақоллар жуда кўп. Масалан, «Ҳовли олма – қўшни ол», «Қўшнинг тинч – сен тинч», «Яхши қўшни ота-онанг» каби мақолларни кўплаб келтиришимиз мумкин. Айтишларича, ҳатто у дунёда ҳам бизнинг қандайлигимизни қўшниларимиздан сўрар экан.
Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, қилган жинояти учун жазо муқарарлигини билса-да, орамизда бундай меҳр–оқибатга хиёнат қилаётган нафси бузуқ кимсалар ҳамон ҳаракатда.
Радио, телевиденияда тинимсиз огоҳлантирилишига, Қишлоқ фуқаролар йиғини раисларининг, маҳалла фаолларининг доимий тушунтириш олиб боришига, кўчаларга «Қулликка рози бўлманг!» дея ҳар хил расмлар осиб қўйилган рекламаларга қарамасдан алданиб қолаётганлар учрамокда.
– Қизимни турмушга узатгач, анчадан буён тушакда ётиб қолган чолим Оллоҳга омонатини топшириб, бандаликни бажо келтирди, – дея гап бошлади Пахтакор тумани, Пахтачи қишлоғида яшовчи Турдиҳол опа.
– Эл орасида «Тирик ёпар, ўлик очар» деган нақл бор. «Қўл синса енг ичида» қабилида чолимнинг маракаларини ўтказдик. Рўзғоримнинг бор сирларидан бохабар бўлган ён қўшним Эшонқул уйимга ҳол сўраб келиб, «Қўшни, мен сизга бир ёрдам қилай. Тушунаман, ўзбекларда тўй- марака ўтказишнинг ўзи бўлмайди. Қийналиб қолдингиз. Бунинг устига кўпчиликсизлар. Бу ерда ишлагани билан ойлик йўқ, иш йўқ. Менинг синглим бир неча йиллардан буён эри билан Россияда ишлаяпти. Ўзларининг краска заводи бор. Ҳозир уларга ишчи зарур экан. Мен ўғлим Дилмуродни шу ерга ишга жўнатаяпман. Сиз ҳам болаларингизни жўнатинг. Иши тайин, ётар жойи тайин, еб-ичишидан умуман ҳавотирланманг. Иш ҳақи ойига 400 $ (тўрт юз). Болаларингиз ишлаб келса рўзғорингиз анча бутланиб қоларди» деди. Қўшнимга уларни жўнатиш учун ҳозир йўл пули ҳам йўқлигини айтгандим. У киши “Сиз бундан ҳижолат бўлманг, керакли одамлар ўзлари йўл пулини тўлаб олиб кетишади» деди.
Қўшним кетгач, кўнглимдан «Болаларимни сотиб юборса-я?» деган хаёл ҳам ўтди. Аммо ўзимнинг ўйлаган ўйимдан ўзим уялдим. Кўздай қўшним алдаб, болаларимни сотиб юборади деб ўйлаб, қўшнига нисбатан кўнглимда гумон ўйғонганидан Оллоҳдан кечирим сўрадим. Қўшнимнинг ёрдамидан хурсанд бўлдим. 2011 йилнинг 10 октябр куни ўғли Дилмуродга қўшиб менинг икки болам, Олимжон, Элмурод, яна бир қўшни йигит – Қосимхонлар Россияга жўнаб кетишди.
Орадан бир ой ўтса-да, болаларим билан гаплашолмадим. Фақат қўшним Эшонқул келади-да, болалар билан гаплашганлигини, ишлари жойидалигини, соғликлари яхшилигини, ишлаётганларини, яқин ўртада пул жўнатишларини айтиб кетади. “Телефон рақамини беринг, биз ҳам гаплашайлик десак, телефон рақами уйда эди, албатта, бераман дейди-ю, лекин бермайди. Баъзан эса “Улар ҳозир иш билан банд экан. Ўзлари телефон қилади” дейди. Хуллас, болаларим билан гаплашишимни ҳоҳламасди. Шунда ҳам хаёлимга ёмон фикр келсачи? Ишлагани кетганидан кейин ишлаётгандир-да деб ўйлабман.
Кунларнинг бирида болаларимнинг ўзлари телефон қилиб, ишлаган ишларига иш ҳақи тўламаётганлигини, оч-наҳор қийналаётганликларини, Ўзбекистонга қайтиб кетишлари учун пул зарурлигини, тезроқ 800.000 сўм пул жўнатишимизни, қолган гапларни уйга боргач гапириб беришларини айтишди.
Югира-югира қўшнимникига бордим. Қўшним пинагини ҳам бузмай «Ваҳима қилманг. Болаларингиз илгари қийналишмаган-да. Урганиб кетади. Иш ҳақларини ҳаммасини бир қилиб тўлайди. Мен улар билан гаплашдим» деди.
Уйга қайтиб келдим-да, бисотимда невараларим ва болаларимга ризқ бериб турган тургшан биттагина сигирим қолганди. Бозорни ҳам кутмадим. Шуни сотишга тушдим. Бераман деса, берди Худо, оламан деса олди Худо экан. Сотишга мажбурлигимни кўриб тургач, кимга борсам, ярим нархига сўрашди. Болаларимнинг бош кўзидан садақа дедим-да, арзимаган пулга сигиримни сотдиб, пулни жўнатдим.
2012 йил январининг ўрталарида болаларим касал ҳолда уйимга кириб келди. Иккаласини ҳам касалхонага ётқизишга мажбур бўлдим. Бирининг оёқлари шишиб кетган, бири тинимсиз йўталарди. Иссиғи тушмасди. Бири ўн кун, иккинчиси сал кўпроқ касалхонада ётиб, даволанди. Яна даволаниши керак эди, бироқ иқтисодим буни кўтармади.
Фарзандларимнинг айтишича, улар қўшнимнинг ўғли Дилмурод билан бирга 2011 йил 10 октябр куни Пахтакордан Тошкентга боришган. Тошкентда уларни Шароф исимли йигит кутиб олган ва Россияга кетаётган автобусга ўтқазиб қўйиш учун ҳар биридан 50.000 сўмдан пул йиғиб олган. Йигит пулни олгач эса, унинг ўзи эмас, бошқа бир киши Дамас русмли автомашинада Россияга автобус жўнаб кетадиган жойга олиб бориб қўйган. Улар қарайиб уч кун оч-наҳор юриб, айланма йўллар орқали Росияга етиб боришган. У жойда болаларни Раҳим исимли йигит кутиб олган. Раҳим қўшним Эшонқулнинг синглиси Саодатнинг (қонунийми, ноқонунийми, аниқ эмас) эри экан. Саодат шу заҳотиёқ болаларнинг паспортларини йиғиштириб олибди. Борган жойларида ҳеч қандай завод йўқ экан. Чала ётган бир қурулиш бор экан. Болаларни ўша жойга ишлашга мажбур қилишибди. Қўшнимнинг болаларим билан бирга кетган ўғли Дилмурод аммаси Саодат ва поччаси Раҳимлар билан бирга овқатланибди. Ката ўғлим Олимжон борган куниёқ сотиб юборилганлигини сезган экан. Болалар очлик, зўрлик, хорликда жуда қийналишибди. Ишлаган ишларига бир сўм ҳам ҳақ тўлашмабди. Қорин тўйдиришлари ҳам муаммо бўлиб қолибди. Ўзбекистонга қайтиб кетамиз деб паспортларини сўрашса, ҳатто, калтаклашибди. Охир-оқибат паспортларини олиб қочишибди. Улар Ўзбекистонга қайтаётган автобусга ўтирганларида, Раҳим 3 та тожик йигитини ўзи билан бирга етаклаб келиб, болалардан «Россияга ўз ҳоҳишим билан келганман. Ҳеч кимдан иш ҳақи талаб қилмайман. Ўзбекистонга боргач, ҳеч қандай орган ходимларига шикоят қилмайман» деган мазмунда тилхат ёздириб олибди.
Болаларим балки мени қийналмасин деб шу ерда ҳам калтак еганликларини айтмаётгандир? Раҳим бекорга ўзи билан бирга 3 та тожик йигитини етаклаб бормагандир? Бу ёғи менга гумон.
Қўшним Эшонқулнинг устидан Пахтакор туман ИИБ га шикоят қилдим. ИИБ ходимлари қўшнимнинг оёғини ерга текизмай олиб бориб, қамаб қўйишди. Эртаси куни бордим. Қўшнимни олиб келишди. Болалардан 50.000 сўм йиғиб олган Шарф исимли йигит ҳам ўша жойда экан.
Бир пайт қўшним олдимда тиз чўкиб, эркак киши йиғлаб турибди. «Жон қўшни, мени кечиринг. Жами харажатингизни, йўл кира-ю, касалхона харажатини ҳам, икки болангизнинг 4 ойлик иш ҳақини ҳам тўлатиб бераман. Фақат, илтимос, шикоятингизни қайтариб олинг. Мана бу йигит Шароф бўлади. Участкасини сотиб бўлса-да, Сизнинг пулингизни берамиз. Маҳала раисини, оқсоқолни, қишлоқдошларни чақиринг. Мен уларнинг олдида сўз бераман, тилхат ёзиб бераман», дея йиғлаб ялинаверди.
Эркак кишининг тиз чўкиб, йиғлаб ялинганини 60 ёшга кириб кўрмагандим. Раҳмим келди. «Командир болам, шикоятимни вақтинча тўхтатиб туринг. Илтимос. Қўшним ўзи касал. Имконият беринг. Харажатларимни тўласа, бўлди» дедим.
Шундан сўнг қўшним оқсоқол, маҳалладошлар олди-да сўз берди. Харажатларини тўлаб бериши тўғрисида тилхат ёзиб берди.
Қўшнимга ёмонлик қилмаганимдан мен ҳам хурсанд бўлгандим.
Аммо сал вақт ўтгач қўшним йўқ бўлиб қолди. Лабссиз, имонсиз, юзсиз қўшним на ўзининг уйига келади, на меникига. Эшитишимча, битта менинг боламни эмас, бошқа болаларини ҳам сотиб юборган экан. Шу кунларда ИИБ ходимлари ҳам қидириб топаолишмаяпти, – дея афсус билан бош чайқайди Турдиҳол опа, – Қуйидаги гапларимни кўпчиликка етказсангиз: Иниларим! Сингилларим! Ўғиллаларим! Қизларим! Сиз қаерда булманг, ким билан бўлманг ЎЗБЕКСИЗ!!! Меҳр-оқибатли, ғурурли, матонатли, имонли, мағрур миллат фарзандларисиз! Ҳар жойда, ҳоҳ давлат ичкарисида, ҳоҳ давлат ташқарисида бўлманг бир-бирингизга елкадош бўлинг! Бир–бирингизга нисбатан меҳр-оқибатли, қийналганга мададкор бўлинг, илло, вақти келиб бунинг мукофатини Оллоҳдан албатта олажаксиз!
Саида КУРБОН
“Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракати Жиззах вилояти бўлими етакчиси



