
ТУЛКИНИНГ ХАТОСИ
(масал)
Чопишдан чемпионни,
Шер чақирди Қуённи.
Деди: “Ушла, пул мана,
Йўқотиб қўйма, яна!
Олиб келгин калбаса,
Тез чоп, қорним оч роса!”
Қуён деди: “Албатта,
Менга бу шараф катта.
Бораман-у келаман,
Шамолдан тез еламан…”
Шер асабий деди: “Бас,
Жавур-жувур керакмас.
Сабзи қирғичингни ёп,
Бидирламай, қани чоп!”
***
Қуён чопди дўконга,
Номи “ҳалол бекон”га.
Анда роса ширин хид,
Сервелат қилди харид.
Уни пакетга солди,
Ва ортига йўл олди.
Кетаётса, дафатан,
Тулки чиқди йўлидан.
Деди: “Салом, Қуёнчик!
Кетаяпсан қаёнчик?
Пакетингда нима бор?
Гиёҳмасму доривор?”
Қуён деди: “Калбаса!”
Тулки деди: “Вой, рос-а?!
Қуён қилди тез шама:
“Асло бўлма хомтама!”
Тулки деди: “Хўш, нага?
Озгина бер ошнага!”
Қуён деди: “Сурма ўй,
Шерники бу, билиб қўй!
Ер тагидан топади,
Панжи билан чопади!”
Тулки кериб кўкрагин,
Деди: “Сира қўрқмагин.
Бўлипти бир қулайлик,
Кел, бир маза қилайлик,
Жавоб бераман ўзим,
Яхшилаб эшит сўзим.
Шер, қани деб калбаса,
Икки-уч бор сўраса,
Индамасдан тур андак,
Гуноҳни тушунгандак.
Кейин менга қарагин,
Мен айтаман керагин.
Сўкиб қўяр Шер, холос,
Буткул бўласан халос”.
“Алдама, – деди Қуён,
Ўлдирар Шер, бу аён”.
Ичди Тулки лек қасам:
“Мохов бўлай алдасам!”
Қуён деди: “Ҳўп, майли,
Капчўнкани бўлайли”.
Хуллас, улар ўшатта,
Тирик жон йўқ, хилватта,
“Бисмиллоҳим” дедилар,
Калбасани едилар…
***
Шер турар белин ушлаб…
Қуёнчик лабин тишлаб…
Ёнбошда турар Тулки,
Ичидан қистаб кулги…
Шер ўкирди: “Хўв, галдир,
Томинг кетиб қолгандир!
Қани дейман калбаса?
Гапир, ўлгинг келмаса!
Қуён турар миқ этмай,
Худди-ки, ақли етмай.
Шер бақирди яна бир:
“Калбаса қани, гапир!
Қани дейман, кар қулоқ,
Мияси йўқ, харқулоқ!”
Қуён ҳамон миқ этмас,
Кекирса ҳам “ҳиқ” этмас.
Келишувга мувофиқ,
Тулкига боқди интиқ.
Ўйлади; “қилгай ҳалос”,
Тулки лек деди бехос:
“Сўраяпти сендан Шер,
Гўлаймасдан, жавоб бер!
Қулоғинг қилма динг-динг,
Калбасани на қилдинг?!”
Шер кўтарди панжасин,
Синдиргувчи анчасин…
Ия, бу на ғаройиб,
Қуён бўлибди ғойиб.
Аляскада соғ-омон
Пайдо бўлибди шу он!
Аммо Тулки тутилиб,
Ем бўлибди, титилиб.
Ўйламабди у топқир,
Нечоғли Қуён чопқир.
Шу кичик бир хатоси
Бўлибди интихоси.
Лек бўлгандан у шаҳид,
Бўлдик биз яна шоҳид:
Қазгай ким ўзгага чоҳ,
Тушгай ўзи баногоҳ!
***
31 05 2012
Андижон



