ЎЗБЕКИСТОН: АҲОЛИ ЛОТЕРЕЯ ЎЙНАШГА МАЖБУР!

Гулҳаё БОБОЖОНОВА

            Ҳа, шундай! Аниқроғи, Ўзбекистон фуқаролари, янаям аниқроғи, Фарғона вилояти аҳолиси “Омад лoтто” лотерея билетларини харид қилишга маҳкум.

 

          Қандай қилиб дейсизми?

          Гап шундаки, ҳар якшанба кунлари соат 9.45 да Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Yoshlar” телерадиоканали орқали эфирга узатилаётган “Омад лoтто” лотерея ўйини учун мўлжалланган лотерея  билети деб аталувчи “товар”ни “ўтказиш” Фарғона вилоят халқ банкининг чекига тушган чамаси,  банк маъмурияти бу “маҳсулот”ларни пуллашнинг хўп ва антиқа усулини “ихтиро” қилишди.

        Фарғона вилоят халқ банки раҳбариятининг “кашфиёти”га кўра, ҳар ойда  2 ва 16 ёшгача бўлган болаларнинг нафақа пуллари, шунингдек, кам таъминланган оилаларга ажратилган ёрдам маблағлари тарқатилаётган бир пайтда “Омад лoтто” лотерея билетларини  аҳолига мажбурий тарзда  сотиш “қоида”си жорий этилди.

            Ҳар ойда  2 ва 16 ёшгача бўлган болаларнинг нафақа пулларинни, маҳаллалар томонидан  кам таъминланган оилаларга “хайр-эҳсон” қилинадиган маблағларни олиш фурсати етди дегунча, аҳолининг юраги увишади. Негаки, фуқаролар олаётган ана шу арзимасгина сармояси ҳисобидан электр энергияси, табиий газ каби турли коммунал тўловлардан ташқари, қўшимчага эшимча тарзда, “Омад лoтто” лотереясининг ҳар бир донаси учун  “кассир”  жаноблари нақд 3 000 (уч минг) сўмдан “ушлаб” қолишларини жуда яхши билишади-да!  Гапнинг очиғи, аҳолининг асосий қисми “омад латто” деб аталувчи бу матоҳнинг маънисига ҳам боришмайди ҳатто. “Бу лотереянгни олмаймиз!” деб хархаша қилганлар қанча.  Ҳатто кўпчилик фуқаролар “Баски,  маблағимиздан ушлаб қолишинг шарт экан, у ҳолда лотерея билетингни қўй, бизга керак эмас. Яхшиси ўша пулни электр энергиясига,  табиий газга, ёки иссиқ-совуқ сув тўловлари учун  олиб қўя қол!” деб ёлворишгани-ёлворишган. Аммо, қайда, “кассир” дегани мазлум халққа қулоқ тутармиди?!  “Ҳой, ношукур бандалар! Э йўқ, бе йўқ, Ҳукумат йўқ жойдан сизларга ҳар ойда юз мингдан ортиқ соққа берганига шукур қилсангларчи?   Шундай саховатпешалик эвазига уч-тўрт сўмини ушласа, ушлабди-да. Шунга ҳам ота гўри қозиқонами?! Билмайман, тепадан менга сизларнинг нафақа пулларингиздан ушлаб қолиш ва эвазига мана шу “Омад лoтто” лотерея билетларини сотиш ҳақида топшириқ берилган. Бу буйруқ! Нима, сизларга ҳотамтойлик қиламан деб, ишимдан айрилиб қолайми?   Лотереяни оласиз дедимми, оласиз, гап тамом. Акс ҳолда нафақа пулларингиз берилмайди. Боридан ҳам қуруқ қоласиз. Сизларга шу керакми?!” деб иллат қилиб беради. Гарчи нафақа пулидан “ушлаб” қолишган бўлса-да, эвазига тортиқ этилган  “Омад лoтто”ни айрим қайсар аёллар “кассир”нинг башарасига улоқтириб кетишади.  Гоҳо омма орасида  “Агар мажбурлаб лотерея сотадиган бўлсанг, нафақа пулинг ҳам, “Омад лoтто”нг ҳам керакмас!”  деб ортига қайтиб кетганлар ҳам кўп бўлган.  Бироқ, ойлар, йиллар ўтади ҳамки, бу “Омад лoтто” улгурни  ишлаб чиқарадиган корхона касод бўлай демайди. Бир парча қоғозни чиқариб қўйиб, 3 минг сўмга мажбурий пуллашдан чарчамайди. 

                          –  “Омад лoтто” эмас, одамларимиз учун “Офат лoтто” бўлди бу улгур!, – дейя ҳасрат қилади ёш болали оналардан бири, – Бундай бедодликнинг охири бормикин? Болаларимизнинг рисқидан 3 000  сўмни беҳудага кўчага ташлаб кетиш, алам қилади кишига. Бир йилдан бери аҳвол шу. Бироқ, бирор марта маҳалла ё туманимиздан  бир банданинг “Омад лoтто”да ютибди!” деган хушхабарни эшитган эмасмиз. “Гадой гадойга хайр қилса, Худо ҳам томоша қиларкан” деганларидек, ўзи шусиз ҳам зўрға тирикчилик қилаётган аҳолини лотерея баҳонасида тунашгани нимаси?

        –  Э-й-ййй, соддасиз-да, Мастурахон, – гапга  қўшилди аёлнинг шериги, – Афтидан бу “Омад лoтто” лотереяси бирорта министирга тегишли бўлса керакки, кети узилай демайди, на Худодан, на бандасидан қўрқмай халққа мажбуран пуллайди. Бу ўйиннинг бошида уч бошли аждар тургани аниқ….

       Албатта, бу оддий аҳолининг фаразлари.   Мабодо, одамларнинг тахмини тўғри бўлса, ана шу уч бошли аждар ҳамон оғзидан олов пуркаб, фуқароларни куйдири-ии-иииб ўтирибди. Аммо афуски, Ўзбеки стон деб аталмиш мамлакатда ана шу аждарнинг бошини янчадиган бирорта мард йўқ, эртаклардаги Кенжа ботири йўқ бу юртнинг…. Эсиз…

 

Гулҳаё БОБОЖОНОВА

“Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракати Фарғона вилоят бўлими етакчиси

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares