ЎЗБЕКИСТОН: ДЎЛАНАЛАРНИНГ ДОДИ БЕРИЛМОҚДА

Зулфия ЧОРИЕВА

 

       Қашқадарё воҳасида жойлашган Паландара даштлари, қир-адирларида азал азалдан жийдалари, ҳусункор дўланалари билан кўзни қувонтириб келарди…

 

        “Келарди” дея ўтган замон феълида айтишимизнинг боиси бор.  Нега? Чунки, афсуски, бугунги кунда қашқадарёликлар Паландаранинг сервиқор дўлана дарахтлари билан мақтаниша олмайди. Сабаби, қишда-ку, қишда, ҳатто саратонда ҳам Қашқадарёда табиий газ муаммоси одамларга азоб бермоқда. Қишда уйларни истиши, ош-овқат учун ўчоққа қалаш учун ўтин қахат. Аана шу сабабдан, аҳоли болтасини белига қистириб, азборойи ноиложликдан паландара даштлари томон йўл солади. 

          Мутахассисларнинг айтишларича, битта дўлана дарахтининг вояга етиб, ҳосилга кириши учун 40 йил керак бўларкан. Аммо айни кунда аҳоли  Паландарага кўрк бериб турган дўлана дарахтларини кечиб, ўтинга айлантиришга мажбур.

           Табиатга озор бериш орқали кўзимизу нафсимизни тўйдирамиз, аммо “Эртанги авлодга нима қолади? Дўлана деганини болаларимиз келажакда фақат Қизил Китобда кўришадими?” деб ўйлаб кўриш керак эмасмикин?  Табиат биз инсонларга нисбатан саховатпеша, сахий, ҳамиша танти. Ўз эҳтиёжларимизни қонтириш учун она табиатнинг тантилигини суистеъмол қилишимиз тўғримикин? Эҳ, афсус, мабодо Қашқадарёда табиий газ муаммоси ўз ечимини топганида эди, аҳоли қўлига “қурол” олиб Паландара адирларига, жийда-ю дўланаларга, дов-дарахтларга ҳужум қилмаган бўлишарди? Аммо халқини  ўйламайдиган бу Ҳукумат дов-дарахтлар ҳақида қайғурармиди, ғам чекармиди?

 

Зулфия  ЧОРИЕВА

“Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракати Китоб туман фаоли    

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares