
Қорақум барханлари орасида, Амударёдан анча узоқда, Ўзбекистон ва Туркманистон чегараси яқинида тахминан 3000 йиллик тарихга эга бўлган қадимий бир маскан мавжуд. Ушбу ҳайратли сир-синоатни бағрида жамлаган жой – “Қалажиқ” қалъасидир. Қадим замонларда Буюк Ипак Йўли орқали сафарга чиққан катта-катта карвонлар Қалажиқда бир қур тўхтаб ўтганлар.
Қадимий ривоятлардан бирида ҳикоя қилинишича, бир вақтлари Ҳазрати Довуд шу ерда темирчилик билан шуғулланган. Қалажиқнинг бир бўлаги бўлмиш “Довудқалъа” обидасининг келиб чиқиши ана шу афсонага бориб тақалади. Унда айтлишича, агар қалби пок ва имонли инсонлар ярим тунда қалъага борсалар, унинг бағридан Довуд пирнинг темирчилик асбоблари садоси эшитилиб тураркан.
XX аср бошларида бу ерда археологик қазиш ишлари олиб борилган, ноаниқ сабабларга кўра, охирига етказилмаган ва ҳозирги кунда “Довуд қалъа” деярли хароба кўринишини олган.
Қалажиққа ҳеч бўлмаганда бир марта борган бўлсангиз, кўргандирсиз, қалъанинг бутун ички майдони юмшоққина туз қатлами билан қопланган, марказий қисмида эса кичкина кўл ўрин эгаллаган. Айтишларича, ушбу кўл, дарё тошқинидан кейин қалъа атрофида пайдо бўлган кўллардан сизган ер ости сувлари воситасида юзага келган.
Бу маскан қум саҳроси қўйнида жойлашганига қарамай ҳавоси мўътадил ва мусаффо. Айниқса, эрта тонгда қуёш эндигина ердан бош кўтараётганда буни чуқур ҳис қиласиз. Кўл бўйида 30 минут ўтирган одам ўзига хос бир тетикликни, танасига илоҳий бир қувват қуйилиб келаётганини ҳис қилади, юраги бахт ва нафосат туйғулари билан лиммо-лим тўлади. Кўл бўйида ўтириб, ҳаётдаги барча қайғу-аламларни буткул унутасан.
Ҳар йили Қалажиққа минглаб инсонлар ташриф буюрадилар. Кимлардир “Довудқалъа” обидасини томоша қилгани, яна кимлардир турли касалликлардан даволангани келади. Кўлда чўмилиш, унинг қирғоғидаги лойга ва шу яқиндаги, жазирама офтобда қизиган қумга танани кўмиб ётиш қон айланишини яхшилайди, асабни тинчлантиради, шамолаш касалликларини даволайди. Бу муолажалар фақат ревматизм ва бошқа бўғим касалликларинигина эмас, умуртқа поғонаси остеохондрози, тери касаликлари, аёлларнинг шамоллаш касаллликларини ҳам даволайди.

Бу жойнинг ажойиб бир мўъжизаси бор: Қалажиқ кўлининг шўр сувида ҳеч ким ҳеч қачон чўкмаган. Тузли сув чўмилган одамни юқори кўтаради ва аллалайди. Бемалол осмонга қараб, газета ўқиб ётишингиз мумкин. Яна бир қизиқ феномени шуки, 2000,2002, 2011 йилларда Хоразмда қурғоқчилик бўлганида кўлнинг суви кўпайган, сув кўпайган йилларда эса, аксинча, кўлнинг суви камайган. Бу сирни олимлар бир ўрганиб кўришлари керакка ўхшайди.
Қалажиқнинг даволовчи хусусияти атроф-муҳит билан боғлиқ бўлса керак. Қалъа атрофида кўплаб сув ҳавзалари ўрин эгаллаган, Қорақум четлари эса доривор гиёҳлар ва ёввойи ҳайвонларга бой. Кўлда чўмилганингда елкангдан оғир юк олиб қўйилгандай туюлади, барча қайғу ва аламлар ортга чекиниб, сен бахт қанотида баланд-баландларга кўтариласан. Саксовул турларидан бири бўлган созоқ ўтинида пишган шўрвани айтмайсизми? Бундай мазали шўрва дунёда топилмайди. Қадимий усулда дамланган чой, маҳаллий кўлда овланган балиққа нима етсин!
Ушбу дам олиш ва даволаниш масканида кейинги пайтларда кўнгилдагидек шароитлар яратилмоқда. Тиббий, маиший, маданий ва савдо хизматлари кўрсатилмоқда. Саёҳатчилар енгил шабада эсиб турган чайлаларда дам олсалар, даволанишга келганлар ичкарида мўътадил иқлимни сақлаб турувчи қора уй – юрталарни маъқул кўрадилар.
Аввалари Қалажиққа қўшни туманлар, вилоятлардан келишарди, эндиликда қўшни мамлакатлар ва узоқ хориждан ҳам ташриф буюрадиганлар сони ортиб бормоқда. Шифокорлар таъкидига кўра, Қалажиқ кўлининг сувида фойдали элементлар жуда кўп экан. Улар қон айланишини, юрак фаолиятини яхшилайдилар, тери микроблардан тозаланади, асаб тинчланади, бўғимлар ва терида содир бўладиган негатив жараёнлар секинлашади, даво топади. Қумга кўмилиб ётиш организмдаги зарарли суюқликни сиқиб чиқаради, уни микроблар ва зарарли элементлардан тозалайди, буйрак фаолиятини яхшилайди.
Бугунги кунда қадимий қалъа янги мавсумга тайёргарлик кўрмоқда. Мўъжизага иштиёқмандлар ва шифога муҳтож дардмандларни яна ўз бағрига чорламоқда.
Бахтиёр МАҲМУДОВ, хоразмлик журналист.



