БОЛАЛАРНИНГ АЙБИ НИМА?

Саида ҚУРБОНОВА

– Мен собиқ турмуш ўртоғим Норқулов Алишер билан ота-онамнинг ҳоҳиши ва розилигига асосан 1996 йилнинг ноябрь ойида қонуний никоҳдан ўтиб, турмуш қурганим. Қайнотам отам билан калин дўст эди, – дея ҳикоя қилади ҳамқишлоғим Дилфуза Пардаева.
– Қайнотам ўқитувчи, тушунган киши эди. Бироқ, қайнонамнинг кўнглини тополмадим. Ўтирсам ўпоқ, турсам супоқ бўлиб яшайвердим. Турмушимиз давомида 1997 йили август ойида ва 1999 йили март ойида қизларим туғилди. Кейинчалик эса эрим ҳам қайнонамга қўшилиб мени камситадиган, уйингга кет дейдиган, мунтазам спиртли ичимлик ичиб, маст ҳолатда келиб жанжал кўтариб, сен билан яшамайман, уйингга кет дейдиган одат чиқарди.
Ниҳоят, Алишер билан 6 йил турмуш қуриб, 2002 йилнинг апрел ойида икки нафар гўдакларимни етаклаб, отамникига кайтиб келдим.
Ота-онам кўнглимга, қош-қовогимга қараб яшашса-да, кўнглимнинг қаеридир кемтик турарди. Болаларим шўхлик қилишса отам ёки онам болаларимга «Тўполон қилманглар, чарчаганман, жим ўтиринглар» деса ҳам, оила аъзоларим бир-бирдларига қаттиқроқ гапиришса ҳам менга малол келар, қовоқларим уюлиб қоларди.
2003 йил 16 сентябр куни фуқаролик ишлари бўйича Оқолтин туман судининг ҳал қилув қарорига асосан Норқулов Алишер Билан ўртамиздаги қонуний никоҳимиз бекор қилинди.
Ўзим ҳам, ота-онам ҳам, умуман, оиламиздагиларнинг барчаси мени деб қийналди.
Пешонам шўрлигини қаранг: шунча азоблар етмаганидек, Оллоҳим иккинчи қизимни ногирон қилиб берди. Ўтган йили Алишерга «боламизни даволатайлик.» деганимда, «Хўп, қовун-тарвуз экканман. Пишсин. Даволатамиз» деганди. Шу бўйи на ўзи бор, на алимент жўнатади.
– Собиқ турмуш ўртоғинг қаерда ишлайди, қанча алимент оласан?- деб сўрадим.
– Ҳеч қаерда ишламайди. Ер сотиб олиб, қовун-тарвуз экади. Ойига икки нафар болам учун 25.000 (йигирма беш мин) сўм алимент тўлайди, – деди.

– Илгари, ажралишган пайтингда 25000 сўм тулармида ёки ҳозир шунча тўлаяптими?, деб сўрадим.
– Ажралишган пайтимда 5000 сўм тўларди. Кейинчалик, 8000, кейин 12000, хуллас, шу 3 йил ичида 25000 сум бўлди. Ҳозирги кунда икки нафар боламга 25000 сўм алимент бераяпти. Мана, қарайиб бир йилдирки, шуниям тўламаяпти. Илтимос, шу алиментимни ундиришимга ёрдам беринг. Ўзим неча маратоба бордим. Фойдаси бўлмаяпти. Боламни даволатаман. Докторлар болангиз ҳали ёш, даволатсангиз бўлади. Суяги қотгандан сўнг даволатишнинг фойдаси бўлмайди дейишаяпти. Қизим келажакда мендан норози бўлмасин дейман. Тенгқурларидан кам бўлса «Ая, даволатганингизда соғайиб кетардим» деса, мен узимни кечиролмайман.
Саида опа, илтимос, ёрдам беринг. Боламни даволатишим керак. Илтимос.
Дилфуза гапирарди-ю, кўз ёшларини артиб, тугатолмасди.
Хўш, отачи?! Ота қаерда!? Ойига 25 минг сўм, ҳар бир болага 12 500 сўмдан алимент бераётган, шуни ҳам ойлар давомида тўламай келаётган ота тирикми?
Тирик бўлса, ўз боласидан, боласининг ногиронлигини била туриб хабар олмайдими?
Нима учун фақат бола учун она қайгуриши керак?
Дилфузанинг илтимоига кўра, 11 май куни иккаламиз Сирдарё вилоятига бордик. Сардоба туман суд ижрочилари бўлимининг катта суд ижрочиси О.А. Абдураҳимовга учрашдик. Воқеани айтдик, қизининг ҳозирги ҳолатни тушунтирдик. Маслахатлашиб, алиментни энг кам иш ҳақига қаратишини, тўланмай қолган ойларни ҳам шу нархда ундириб беришларини сўраб, суд ижрочиси номига ариза ёзиб, алиментни қисқа кунлар ичида ундириб беришларини илтимос қилдик.
Баъзи оталар болаларнинг дунёга келишида сабабчилигини, моддий ва маънавий таъминлаш вазифаси эканлигини наҳот тушунмайди?
Нима учун виждони қийналмайди?
Болалари катта бўлганида қандай юзига қарайди?
Бундай оталарнинг оталик даъво қилишга ҳақлари бормикин?
Бу каби саволлар қуйилиб келаверади.
Шундай ҳолатларни ҳам кузатамизки, оталар ўз боласи учун икки-уч йиллаб алимент тўламасдан қочиб юришади. Алимент ундиришда баъзи Суд ижрочилари ҳам ўта сусткашлик қилишади. Маъсулиятсиз, виждонсиз оталарнинг ялло қилиб юришларига суд ижрочилари томонидан имкон яратиб берилади.
Масалан, Пахтакор туман суд ижрочиларининг ҳаракатларида бундай ҳолат жуда кўп кузатилади.
Ижрочиларнинг сусткашлиги эса алимент олаётган аёллар ўртасида жамиятга нисбатан норозиликни кучайтиради.
Улаймизки, Сардоба туман суд ижрочилари бундай иллатлардан ҳоли.
Саида ҚУРБОНОВА
“Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати Жиззах вилоят бўлими етакчиси.
Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares