ШОҚОЛЛАР КЎПАЙМОҚДА

Хоразмнинг чекка қишлоқларида яшовчи аҳоли қорамол, қўй-қўзи ва парррандалари хавфсизлигидан хавотирга тушмоқда. Фуқаролар билан суҳбатларга кўра, бир қишлоқда қиш кунларида бирида шоқоллар (чиябўрилар) галаси тунда тўйдан қайтаётган одамларга ҳам ҳамла қилган.

Кейинги йилларда Хоразм воҳасида шоқоллар кўпайиб кетаяпти. Улар яшайдиган тўқайлар Шўро даврида ва ундан кейин йўқ қилиб юборилганлиги сабабли қишлоқларга туташ дала чеккаларини, канал, ариқ ва зовурлар қирғоғидаги тупроқ уюмларини макон тутишмоқда. Қош қорайиши билан уларнинг жўр бўлиб увиллашлари қишлоқ аҳли юрагига ваҳима солмоқда.

Илгари овчилар шоқоларни отиб ўлдириб, сонлари меъёрдан ошиб кетмаслигини таъминлашарди. Сўнгги даврларда ов милтиқларининг аҳолидан йиғиштириб олиниши, овчилик жамиятига аъзо бўлишнинг мураккаблаштирилгани, ўқ-дориларнинг қимматлиги боис уларни ҳеч ким отмай қўйди.

Шоқоллар одатда тунда тўда-тўда бўлиб овга чиқишади. Ўзлари яшаётган жойдаги қуён ва кемирувчиларни еб битиришган. Уларнинг сони шу тариқ кескин ошиб бораверса, емиш тополмай оч қолган гўштхўр жониворлар молхона, қўра ва товуқхоналарга, одамларга ҳужум қилмайди деб ҳеч ким кафолат бера олмайди.

Дилроз ҚУЛМУҲАММАД.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares