ҒАЛАБА ШУКУҲИ МУБОРАК!

 

1941-45 йиллар  инсоният тарихида, аниқроғи, халқимиз ҳаётидаги энг оғир, ўта даҳшатли давр сифатида тарихга муҳирланган.

 

         Бешафқат бу йилларда  Она юрт тупроғини мардонавор ҳимоя қилиш учун қанчадан-қанча бегуноҳ инсонлар қони тўкилди. Ҳамюртларимиз жанг майдонларида, ўқ ёмғирлари остида юрт учун, мамлакат тақдири учун жон олиб, жон берган бўлса, фронт ортида тер тўккан заҳматкашларга ҳам осон бўлган эмас.

          Ниҳоят, 1945 йилда эзгулик ёвузлик устидан ғалаба қозонди. Бу эл иродасини енга олмаслигини англаб етган фашист босқинчилари мағлубият аламидан бармоқларини тишлаб қолдилар.

           Мана,  ана шундай унитилмас улкан ғалабага ҳам 67 йил тўлибди.

           Айни дамда жангоҳларда мисилсиз матонат кўрсатган уруш иштирокчилари орамизда саноқли.

           Бугун уруш аловларида тобланган, ўлим билан юзма-юз келиб ҳам юрт ҳимоясидан тонмаган, билаклари толмаган собиқ жангчиларнинг, фронт орти фидокорларининг кўзлари – юзларида нур, қалбларида қувонч.

          Мана шундай шукуҳли кунларда боболарининг тарифи йўқ қахрамонликлари қаршисида бош эккан навқирон авлод ҳам кекса авлоднинг шодликларига шерик. Зотан, боболар матонати унутилмайди, ҳамиша авлодлардан авлодларга ўтаверади, ёшларимиз қалбига жасорат уруғини қадайверади,  уларга ватанпарварлик,   фидоийликдан сабоқ бераверади.

         9-май куни “Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати Қашқадарё бўлими фаоллари байрам баҳона вилоятда истиқомат қилаётган уруш иштирокчиларининг хонадонида бўлишди. Икки авлод дийдори самимий ва мермазмун бўлди.

         Ҳаракатнинг “Ёшлар қаноти” бўлими аъзолари уруш ветиранларини ғалаба кунлари билан муборокбод этишди. Бир пиёла чой устида қурилган суҳбат ёшларга ибрат мактаби вазифасини ўтган бўлса, кекса жангчилар кўнглини обод қилишга, тоғлар қадар кўтаришга-да хизмат қилди.

            “Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати фаоллари ҳам бешафқат урушнинг  барча афсонавий  қахрамонларини  ғолиблик куни билан  самимий қутлайди!

         Қадрли II- жаҳон уруши иштирокчилари!

         Яқин  ўтмишда жасорат билан инсоният тарихида бетакрор ва бебаҳо ғалабани қўлга киритган муҳтарам собиқ жангчилар!

         Барча-барчангизга буюк ғалаба яна бир бор муборак!

         Ҳамиша соғ-саломат, бардам, хуррам бўлинг!

         Жаҳоннинг жамики шодлиги, бахту иқболи, зафару қувончи сизларга армуғон бўлсин! Буюк ғалабанинг тотли таъмини яна узоқ йиллар туйиш бахти барчангизга-да насиб этсин!

 

           “Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати  матбуот хизмати  

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares