“БИРДАМЛИК”НИНГ ФАРҒОНА ВИЛОЯТИ БЎЛИМИГА ЯНГИ РАҲБАР ТАЙИНЛАНДИ

Гулҳаё Бобожонова

            Кейинги пайтларда “Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати Ўзбекистон бўлими ҳаракатчан, ҳақиқат йўлида собит фаоллар ҳисобига бойиб бормоқда. Бунинг натижаси улароқ, Ҳаракатнинг Ўзбекистон  бўлими фаоллари янада жипслашиб, Ҳаракат фаолияти кун сайин ривож топмоқда.

 

          Ҳаракатнинг низом ва дастурини дастуриламал қилган фаоллар қадамма-қадам ўз олдиларига қўйган олий мақсадлари томон дадил одим отмоқдалар.

          Табиийки, фаоллар жипслиги, ҳамжиҳатлигини сақлаш, танланган йўлдан оғишмай олға бориш қайсидир маънода жойлардаги Ҳаракат бўлимлари раҳбарларининг фаоллиги, жонкуярлиги, йўлбошчилик маҳорати-ю дунёқарашининг кенглигига, билим доирасининг юксаклигига бевосита боғлиқ.

        Шу маънода    муносиб раҳбар танлай билиш Ҳаракатнинг кейинги тақдирини белгилаб берувчи энг муҳим омиллардан бири саналади.

        Раҳбар одамларни ўз ғояларига ишонтира оладиган, ўзгаларни ортидан эргаштира биладиган, дуч келиши мумкин бўлган ҳар қандай муаммо қаршисида собит туришга қодир шахс бўлиши талаб этилиши барчага маълум.

       Ана шу талабдан келиб чиққан  “Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракати бошқаруви  Ўзбекистоннинг вилоят бўлимларида фаолият олиб бораётган Ҳаракат раҳбарларининг иш кўламига танқидий назар ташлаб, атрофлича таҳлил этишликни, сараланган, салоҳиятли фаолларни раҳбарларлик ўринларига тайинлашлик борасида амалий  ишларни бошлаб юборди.

         Режага мувофиқ,  кўзланган мақсадга қаратилган Ҳаракатнинг илк йиғилиши 3 май куни Фарғона вилоятида бўлиб ўтди.

         Эътиборли жиҳати шундаки, компьютер ва мобиль телефонлари ривожи кульманацион нуқтасига чиқаётган техника асрида, фаолларни бир том остига тўплашга ҳам ҳожат қолмади. Мавжуд вазият ва шароитдан келиб чиққан ҳолда, ҳаракат раҳбарияти мазкур йиғилишни интернетнинг скайп тармоғи ва мобиль телефон кўмагида амалга оширишни лозим деб топди.

Саиджаҳон Зайнобиддинов

        Техника тармоқлари орқали бўлиб ўтган мазкур йиғилишда кун тартибига қўйилган асосий масала: Ҳаракатнинг Фарғона вилоят бўлимига раҳбар тайинлаш масаласи кўриб чиқилди.

       Йиғилишда сўз олган Саиджаҳон Зайнобиддинов “Бирдамлик” халқ демократик ҳаракатининг Фарғона вилоят бўлими раҳбарлигига жонкуяр фаол Гулҳаёхон Бобожонованинг номзодини тавсия қилди.

      “Гулхаёхон ўзимизнинг шогирдлардан. Атрофда содир бўлаётган ноҳақликларга қарши курашишда тиним билмайди, толмайдиган аёлларимиздан. Ўйлайманки, у раҳбар сифатида  Ҳаракатга фуқароларнинг бошини бирлаштира оладиган, ортидан одамларни эргаштира биладиган фидоийлардан”, деди С. Зайнобиддинов сўзининг якунида.

Носир Зокир

     Шундан сўнг ҳаракатнинг Фарғона ва Наманган вилоятлари бўйича координатори Носир Зокир  ўз фикрларини қуйдагича баён этди:“Мен Гулҳаё Бобожонова хусусида илиқ гапларни узоқ айтишим мумкин. Гулхаёхон толмас курашчи Эргаш Бобожоновнинг қизлари. Гулҳаё ҳам отаси изидан бориб, эсини танибдики, ҳақсизликка қарши курашиб келади. Назаримда, Фарғона вилоят бўлимига Гулҳаё Бобожонованинг тайинланиши бу Ҳаракатнинг навбатдаги энг катта ютуқларидан бири бўлади. Бу шубҳасиз”,  деди Носир Зокир сўзи сўнгида.

      Мазкур йиғилишда хизмат юзасидан Водийда  сафарида бўлган “Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракати Ўзбекистон бўлими раҳбари Малоҳат Эшонқулова  ҳам иштирок этиб,  ўз мулоҳазаларини йиғилганлар билан ўртоқлашди:

Малоҳат Эшонқулова

   – Муҳайё билан танишганимга кўп бўлган эмас. Аммо у билан бўлган суҳбатдан англадимки, сафдошимизнинг кўксида айрим йигитларимизга ҳам насиб этмаган жуда катта юрак бор.  Ўт бўлиб, олов бўлиб уриб турибди. Мен Носир аканинг фикрларига қўшиламан. Ҳаракатнинг  Фарғона вилоят бўлими раҳбарлигига  тавсия этилган  Гулҳаё Бобожонованинг  номзодини тўла қўллаб-қувватлайман, – дея Эшонқулова  сўзига якун ясади.

         Билдирилган фикр-мулоҳазаларнинг мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, йиғилиш қарор  қабул қилди. Йиғилиш қарорига қўра, Гулхаёхон Бобожонова “Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати Фарғона вилоят бўлими раҳбарли этиб тайинланди.

        Йиғилиш шу билан хотима топган эмас.  С. Зайнобиддинов, Носир Зокир, М. Эшонқуловалар Гулхаёхон Бобожонова билан ўз иш тажрибаларини ўртоқлашдилар. Янги раҳбарнинг келгусидаги ишларига омадлар тиланди. Керакли маслаҳат ва ўгитлар берилди.

      “Бирдамлик” халқ демократик Ҳаракати бошқаруви ҳам Гулҳаёхон Бобожоновага масъулиятли вазифа юклар экан, унга юксак ютуқлар тилайди ва ўз навбатида, Гулхаёхоннинг   салоҳиятига, келгуси муваффақиятларига ишониб, ишонч билдириб қолади.

 

              “Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати Фарғона вилоят бўлими матбуот маркази

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares