
Бугунги кунда деярли ҳар бир ўзбек хонадонида, хусусан, Хоразм вилоятида, оила аъзоларидан камида бир киши, аксарият хондонларда икки-уч киши, Қозоғистон ёки Россияга ишлаш учун кетиши ҳеч кимга сир эмас. Бутун оиласи билан кетиб ишлаётганлар ҳам талайгина. Бунинг сабаби – оддий иқтисодий қийинчилик, рўзғор тебратиш ташвиши.
Кўпчилик уйига бир, икки ёки уч йилда бир марта озгина муддатга келиб кетади. Беш-ўн йилдан бери туғилиб ўсган маконига келолмай юрганлар қанча. Ўша қисқа фурсатга таътилган келганларнинг сўзларига қулоқ тутсангиз, “Бизни у ерларда қоралар деб аташади” дейишади. Ўзларининг гувоҳлик беришича, “қоралар” дейилишининг асосий сабаби – энг оғир ишларни ўта паст иш ҳақи эвазига бажариб кетаверишларидир. Улар топширилган ишни ҳеч кимдан қолишмаган ҳолда, ҳатто бошқаларга нисбатан тез ва сифатли бажарсаларда, маҳаллий, Украина, Белоруссия ва бошқа шунга ўхшаш мамлакатлардан борган ишчиларга нисбатан бир неча баравар кам ҳақ оладилар.
“Иш берувчининг ҳар қандай шартига кўнишга мажбурмиз, – дейди қоралардан бири, – Чунки улар миллий валютамиз жуда қадрсизлигини, 200-300 доллар биз учун катта пуллигини яхши билишади”.
Дилроз ҚУЛМУҲАММАД.



