Ёдингизда бўлса, “Бирдамлик” сайтида “ Ўзбекистон – “Очиқ осмон остидаги зиндон” маҳбусиман… ми?” сарловҳали мақолам эълон қилинганди.
Мазкур мақолада Тошкент вилояти Ҳорижга чиқиш, кириш, фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси томонидан менга ноқонуний тарзда ҳорижга чиқиш визаси берилмаганлиги ҳақида гап боради.
Эҳ, “Қози ўғри бўлса, дардингни кимга айтасан” деганлари тўри экан.
Мен шўрлик келиб-келиб ноҳақлик хусусида адолатсизликлар шоҳи, султонига нола қилмоқчи бўлибман, денг.
Менга нисбатан қўлланилган адолатсизликдан кейин, фуқаролик ҳуқуқларим оёқ-ости этилганлигини айтиб, паймол бўлган ҳақ-ҳуқуқларимни зудлик билан тиклашларини сўраб Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармаси Ҳорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси раҳбарига икки энлик шикоят ариза ёздим.
Учтепа туман, Чилонзор, 23- мавзеда жойлашган 139- индексли почта алоқа бўлимига бориб, мазкур шикоят аризамни аза-база “заказной письмо” – бюртма хати қилиб, соққа сарфлаб ( майли-да, арзимаган бўлсаям!) кўзланган манзилга – Тошкент вилояти, Қибрай тумани, Бахт – 4 га, (ин: 1112000) – Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармаси Ҳорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи номига шу йилнинг 16 апрель санаси билан жўнатибман-а, қаранг!
Эҳ, соддалигимни кўринг, яна камига, саҳрода сув, ёзда қор кутган кимсадек, ОВИРдан марҳамат кутиб, умидвор бўлиб ў-ўўўитирибман!
Бир пайт эшик тақиллаб қолди. Очам, почта ходими турибди. Қўлида конверт. “Замоннинг шиддаткорлигини қаранг, намунча тез жавоб ёзишибди!” деган хаёлда хурсанд бўлиб кетибман. Қарасам, жавоб хати эмас экан. Ўзимнинг буюртма хатим “хапа бўлиб” изига қайтиб келиб ўтирибди-да. Яначи, конвертимнинг пешонасига Қибрай туманидаги 111200 индексли почта бўлимининг “F -20” рақамли “справка” – маълумотномаси ҳам “қадаб” қўйилган. Мана почта бўлимининг ўша маълумотномаси. Унда шундай сўзлар битилган:
“ТУМАНДА, БАХТ КЎЧА, 4-УЙДА ОВИРдаги ХАТ ҚАБУЛ ҚИЛАДИГАН ХОДИМ БЎШАБ КЕТИБДИ. ХАТНИ ҲЕЧ КИМ ҚАБУЛ ҚИЛМАДИ.
Почта ходимининг имзоси. Почта муҳири сана: 20.04.12.”
Оҳ, ярқираган пешаном-а, менинг! Бунчалар “ омадли” бўлмасам!!!… Гапни қаранг: “…ХАТ ҚАБУЛ ҚИЛАДИГАН ХОДИМ БЎШАБ КЕТИБДИ…” эмиш! Наҳотки, бутун бир бошли Тошкент вилоят ОВИРида хатлар бўлими бўлмаса? Баҳонаям эви билан-да!
Кўрдингизми? Бизда, Ўзбекистонда шунақа! Қонун ижросига масъул ҳуқуқ-тартибод идоралари ходамлари агар исташса фуқароларнинг шикоят аризаларини қабул қилиб олишади, агар ҳоҳлашмаса… Кўриб турганингиздек, э йўқ, бе йўқ, ортига қайтариб қўя қолишади!
Ҳукумат деганлари “Фуқароларнинг шикоят ва аризалари…” тўғрисида терлаб-пишиб битта тўмтоқ қонун чиқарса, чиқарибди-да! Нима бўпти?! Қонун деганларининг ИИБ, ОВИР деган обрули ҳуқуқ-тартибод идоралари амалдорлари олдида сариқ чақалик қиммати йўқ! Бир пул! ИИБда, ОВИРда ишлайдиган ходамларнинг, амалдорларнинг ҳар бири ўзича бир ҳукумат, автоном бир давлат!
Уларнинг ёзилмаган ўз қонунлари бор. Улар учун ҲУКУМАТ чиқарган қонун нима бўпти?!
Тошкент вилоят ОВИРи худди шу тақлидда биргина менинг эмас, юзлаб фуқароларнинг шикоят аризаларини ё қабул қилишмайди, ё аризаларни олиб бориб, ҳожатхонага ташлашади.
Тагларини тозалашади. Бўлгани шу! Бу ҳатти ҳаракатлари ҳалқаро ҳуқуқ нормаларига, инсон ҳақ-ҳуқуқларига не чоғлик тўғри келади ёки йўқ, бу ёғи билан неча пуллик ишлари бор?! Негалигини биласизми? Чунки ИИБ, ОВИР ходамларининг ўзи ҳуқуқ илмининг Ҳ ҳарфидан бехабар одамлардир-да. Мана шунақа. Кўрдингиз? ОВИР идораларида худди ана шунақа ходамлар “тер тўкишади”. Нима дедингиз, фуқаронинг арзини қабул қилмаган Тошкент вилоят ОВИРининг лоқайд, қонунларни менсимайдиган раҳбарларини энди судга берсам, маҳкама идоралари остонасида рангим самондек сарғайиб, сарсон бўлсам, майлими?
Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
“Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати Ўзбекистон бўлими раҳбари




