Қ У Т Л О В

29 апрель  куни энг жонкуяр, таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси, «Бирдамлик» халқ демократик ҳаракатининг  жонкуяр аъзоси  Ёдгор Турлибеков бугун ўзининг муборак 75 ёшини  дўстлари, яқинлари даврасида нишонламоқда.

       

Ёдгор аканинг таваллуд кунига бағишланган тадбир АҚШнинг Миссури штатида, “Бирдамлик” халқ демократик ҳаракатининг раҳбари Баҳодир Чориевнинг хонадонида бўлиб ўтмоқда.

         Бугун тадбир “гуноҳкор”ини қутлаш учун Чориевлар хонадони Ёдгор Турлибековнинг дўсту ёрлари, биродарлари, сафдошлари билан гавжум.

         Ўз тақдирини мамлакат фуқароларининг тақдиридан айро тасаввур қила олмайдиган мустақил журналист, таниқли ҳуқуқбон,  “Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати фаолини қутлаш учун ташриф буюрганлар талайгина.  Сабабки,  мана шундай шукуҳли лаҳзаларда ҳамиша ўзгалар дарди билан яшашга одатланган Ёдгор аканинг ёнида бўлиш истагида барча таниш-билишлари, дўстлари  шу ерда жамул-жам.  

         Туғилган кун тантанасида шунга амин бўлдикки,  халқ ҳимояси учун ҳамиша ёниб-елгувчи  Ёдгор Турлибеков таваллуд кун баҳона машаққатли меҳнатлари, чеккан заҳматларининг мевасини, маҳсулини кўргандек, атрофидаги одамларнинг меҳри-муҳабати тафтини сезгандек. Қадрдонлари қуршовида қувончдан сармаст бўлаётган, эътибор ва эъзоздан кўнгли тоғдек ўсаётган   Ёдгор аканинг гулгун чеҳраси худди ана шундан далолат берарди. Кишилар корига керак бўлиб яшаш, ўзгаларга кўмак бериб, қувониш ва ҳамиша одамлар қуршовида бўлмоқлик, қадирдонлар меҳрини, тафтини туйиб яшамоқлик қандай бахт экан-а… Шундай бахт барчамизга-да насиб этсин дея тилак қилдик.

          Инчинун, “Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракати Ўзбекистон бўлими фаолларининг ҳам кўнгиллари бетакрор онларда  Ёдгор Турлибековнинг қувончига шерик бўлиш, туғилган кун соҳибини самимий қутлаш иштиёқи билан лиммо-лим.    

             Қадрли Ёдгор ака!

         Қутлуғ  75 ёш муборак!

         Биз, “Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракатининг Ўзбекистон бўлими фаоллари     сизни  Ҳаракатнинг тиниб-тинчимас фаоли, мустақил журналист, таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида яхши таниймиз ва ўзимизга устоз деб биламиз.

          Муҳтарам устоз!

           Биз, Ўзбекистонлик “Бирдамлик” фаоллари сизни қутлуғ ёшингиз билан самимий қутлаймиз!

           Умрингизнинг юзинчи баҳорини ҳам қадрдонлар даврасида кутиб олиш насиб этсин. Танангизни соғлик, лабингизни табассум, кўнглингизни қувончу хотиржамлик ҳеч қачон тарк этмасин!

            Оллоҳ барча орзуларингиз рўёбини берсин. Кейинги таваллуд айёмингизни Ватанда, киндик қони тўқилган замин – Ўзбекистонда, биз, шогирдларингиз, сафдошларингиз билан шоду хуррам кутиб олиш насиб этсин!   

               

                          “Бирдамлик” Халқ Ҳаракати Ўзбекистон бўлими Матбуот маркази

                

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares