МУСТАСНО ЭМАС

Бахтиёр Маҳмудов

Ўрмонда изғиган йиртқич бўри ҳам

Меҳру муҳаббатдан мустасно эмас.

Одамнинг чўлоғи, кару кўри ҳам

Илоҳий қудратдан мустасно эмас.

Осмонда замин бор, заминда осмон,

Ёмонда яхши бор, яхшида ёмон,

Эл ичра тарқалган қип-қизил ёлғон

Чимдим ҳақиқатдан мустасно эмас.

Энг оппоқ рангга ҳам қора ранг ёрдир,

Ҳушёрлар маст-аласт, мастлар ҳушёрдир,

Муҳаббат бор жойда нафрат ҳам бордир,

Нафрат муҳаббатдан мустасно эмас.

Чарх гоҳи кажрафтор, гоҳида адл,

Иқлим гоҳи кескин, гоҳи мўътадил,

Мусбат манзилида манфий мавжуд, бил,

Манфий ҳам мусбатдан мустасно эмас.

Ким ўзин ўйласа, демангиз, худбин,

Ўзлик туйғусида миллат яширин,

Ҳалол меҳнат ила ўзини таъмин

Ватанга хизматдан мустасно эмас.

Маҳмуд айтар, имон, ишққа ин кўнглим,

Ўзи азон, ўзи муаззин кўнглим,

Балки даҳрийдурман ва лекин кўнглим

Дину диёнатдан мустасно эмас.

 Бахтиёр МАҲМУД

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares