ЎЗБЕКИСТОН: ҲОКИМ ХОТИНБОЗЛИГИНИНГ ҲОТИМАСИ

            Оқдарё туман ҳокими Нурали Бердиёров халққа зулм ўтказувчи золимми десак, ажабтовур хотинбоз ҳам экан. “Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин ҳам чиқади” деган гап бор-ку, биласиз-а. Аммо-чи, замон тезкорлиги таъсиридами, ҳартугул,  бугунги кунда қинғир ишнинг қийиғи 40 йилда эмас, 40 кунга қолмасдан чиқиб, оммага ошкор бўлмоқда экан, агар билсангиз.

        Оқдарё одамларини оёғи остига олиб ҳузур қилаётган Нуралибой бунингдек  кирдикорларидан қониққан эмас.  Ҳокиму мутлақ жанобларининг кўнгли жазман тусаб қолди.  Олазарак бўлган  кўзи туман марказидаги катта дўконларнинг бирига кўрк бериб ўтирган Озадаойга тушиб, тамшаниб қўйди.

Нуралибой гарчи девқомат, кингконг келбат, айиқпалвондек  бесунақай лапанглаб юрса-да, Озодахон ҳам “гаҳ” деса, қўлга қўнадиганлардан чиқиб қолди, денг! (Ҳарқалай, кўнгилу ишқ иши эмас, пул, молу давлат дардидир-да бу!).

            Кўркамликда кўзни қамаштирадиган Озодаой билан топишди-ю, Оқдарё ҳокими базму-жамшиддан, оромгоҳлардан ортмай қолди.  Кўнгил ўлгурнинг кўчасини қарангки, ҳар иккиси ҳам ҳирс йўлида ҳаммасини: оила, бола чақа, умр йўлдош, масъулият, ибо, ҳаё, ору номус, уят деган ибораларни унутди-қўйди.

          Замонавий “Лайли – Мажнун”нинг қиссаси китоб бўлмай қолармиди?! Бутун Самарқандда нақд достон бўлди.

           Эри бўлмиш Нуралибой Бердиёровнинг эгри қадам қўяётганидан хабар топган аёли шўрлик Шерлок Холмс бўлиб кетди, денг. Аапрель ойи ўрталарида ўз ёстиқдошини  Ўзбекистон оромгоҳларидан бирида жазмани билан “қўлга олди”.

      Эҳ, аёл кишининг оғзида гап турмайди деганлари рост. Аввалига, Оқдарё ҳокими Нурали Бердиёровнинг завжа-ю муҳтарамаси жазманининг жазосини бериб қўйди. Оқибатда, Озодаой бир тутам сочидан, қиммат куйлагидан мусавво бўлди. Бу ҳам етмагандек, эри бўлмиш – кимсан  Оқдарё туман ҳокимининг хотинбозлиги  ҳақида етти  маҳаллага эмас, нақд етти иқлимга овоза қилди…

      Ҳоким Нуралибой-ку, хотини билан тил топишиб кетар. Озодаойнинг эгни ҳам янги куйлакларни ҳали  кў-ўўўп кўрар, эҳтимол, бошидан яна қайта тук ҳам чиқару, аммо қийиндан қийин ор-номусига чидай олмаган Тўлқин акага қийин бўлди.

      Хотинининг енгилтабиатлигидан, туман ҳокими билан дон олишиб юрганидан хабар топган Озодонинг эри бундай иснодга дош бераолмади. Хотини билан ҳокимнинг “ишқий саргузаштлари” ҳақидаги хабар қулоғига етган кун эрталаб Тўлқин акани ўз уйининг ҳаммомида осилган ҳолатда топишди.  Унга  кўмакка келганларида, унинг танаси совиб улгурган эди….  Оқдарё туман марказий  касалхонасида  болалар шифокори бўлиб ишлайдиган Тўлқин ака ўзини осиб ўлдириш нақадар азоб эканлигини шифокор сифатида  жуда яхши билган бўлиши керак. Аммо шунга қарамай, ўлимни ихтиёр этган… “Уят ўлимдан қаттиқ” деб шунга айтсалар керак-да! Аммо Оқдарё туман ҳокими Нурали Бердиёровчи, умр йўлдоши, бола-чақаси, оиласи бўла туриб,  пул учун, дунё учун ўзга эркакнинг этагига суйкалган ва оқибатда… бегуноҳ эрининг бошига етган Озодаойчи? Элнинг кўзига қандай қараркин? Ундайларни  ер қандоқ кўтариб тураркин?

 

 

Мақсуда ҚИЛИЧЕВА

“Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракати Самарқанд вилоят бўлими фаоли

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares