ПУЛПАРАСТЛАР ЎЗ ЭЛДОШЛАРИНИ ХЎРЛАШИГА ЙЎЛ ҚЎЙИЛМОҚДА

Бахтиёр Маҳмудов

 

Хоразм вилоятида Россия Федерациясига ишга кетаётганларнинг алдов қопқонига илиниши ҳамон тўхтамаяпти. Қишлоқларга бориб, оддий халқ даврасида ўтирсангиз,  кўпинча шундан гап кетади. Ишга олиб кетувчиларнинг бири ҳатто қариндошини ҳам қулликка сотиб кетувчи уста одамсотар, яна бири ўзи олиб борган одамларнинг пулидан гиёҳванд модда сотиб олишда фойдаланадиган бангги, яна бири қотилликдан ҳам қайтмайдиган ёвуз кимса бўлиб чиқади. 

 

Ҳазорасп туманида яшовчи Ойбек Собиров ва Гавҳар Нуруллавеваларга кўра, уларни ишга олиб кетган элдоши Адолат Қўчқорова уларни ишлатиш жараёнида ҳам қулликка сотган, ҳам ёвузлик қилган. 2011 йил январь ойида юқоридаги инсонларнинг уйига одам юбортириб, Россияда ишлашга одам керак, қишлоқ хўжалиги ишларида ишлайсизлар,  ўзим билан олиб кетаман, деб хабар қилади. Улар буни эшитгач, одам тўплаб,  келишув учун Адолатнинг уйига борадилар. Адолат уларга катта миқдорда пул ваъда қилиб, йўл харажати, овқатланиш, кийим-бош, даволаниш учун тўловлар иш ҳақидан ушлаб қолинмаслигини, айтади. Ўртада шартнома тузилади.

 

“Биз оиламизни боқиш илинжида 2011 йилнинг феврал ойи ўрталарида 30 киши бўлиб, Россияга Адолат билан бирга йўл олдик. Россия Федерациясининг Волгоград вилояти Вольжский тумани Заканалье қисмидаги Погромний қишлоғига бориб, иситилмайдиган вагончикларга жойлашдик. Март ойида ишга тушдик. Аввал пиёз экдик. Кейин ўтоқ қилдик.  1 мартдан 25 июнгача ойлик, 25 июндан 7 ноябргача кунлик иш ҳақи бўйича ишладик. Лекин февралдан ноябрга қадар бир маротаба ҳам иш ҳақини олмадик.  Ҳатто касал пайтимизда ҳам дўқ-пўписа қилиб, даволатмай, ишлатишди. Адолат бизга берилиши керак бўлган пулларни иш берувчи александр Соловьевдан ёз ойларида олиб, уйига юбориб турди, Шу пуллар ҳисобидан болаларининг номига 2 та жой ўрни (ер участкаси) сотиб олиб,   иккала иморатини ам тезда қуриб битказди. Қайтишда йўл харажатини учун зўрға пул ундириб, Россияда уришганнинг фойдаси йўқ деб, қўрқиб, қайтавердик” – дейди Гавҳар Нуруллаева.

 

“Қайтадиган кунимизгача Адолат паспортларимизни бермади. Қулдек ишлатди. Адолат Хоразмдан  олиб борган мигрантларнинг жами сони 200 нафар зиёд экан. Шулардан 58 нафари Адолатни яқин қариндошлари бўлиб, улар нисбатан енгил  ишларни бажариб, тўқ ва файзли шароитда яшадилар. Қолган кўпчилик эса жуда оғир шароитда, оч-наҳор кун кечирди. Уларнинг ичимлик суви ифлос, овқати эса фақат қайнатилган макарондан иборат эди. Иш берувчи томонидан берилаётган яхши озиқ-овқатлар, тухум, сариёғ, қанд-конфетлар, тортлар ва бошқалар Адолатнинг қариндошлари дастурхонидан ўрин олди, қолганлари дўконга топширилиб сотилди. Орадан уч ойча вақт ўтгач, зулмга чидолмай, иш ташлаш уюштирдик, аммо Адолат  чақирган чечен ва рус миллатига мансуб ёлланган муштумзўрлар кўпчилигимизни мажруҳ бўлгунча калтаклаб, ҳақоратлади. Айниқса, етим бола  Маҳмуд Собировни ўласи қилиб уриб,  бошқаларни қўрқўвга солишди. Бемор бўлиб,  ички аъзоларидан қон кетиб ётган Гулистон Рўзметовага умуман тиббий ёрдам кўрсатилмади, доимо адолатни талаб қилган Гавҳар Нуруллаевани эса кавланган ерга танасининг ярмигача  кўмиб, “ҳеч қандай даъвом йўқ” деган  тилхат ёздириб олишди. Йил охирига келиб, Адолат иш берувчи Александр Соловьевдан аллақачон иш ҳақлари ҳисобидан 2 миллион рубль олиб, Хоразмдаги қишлоғида 2 та катта иморат қурилиши ва безалишига ишлатиб юборгани учун факат  иш берувчи томонидан  ҳар биримизнинг қўлимизга берилган 8000 рубль билан зўрға уйга йўл олдик” – дейди Ойбек Собиров.

 

Шундан кейин Адолат Қўчқорова  қайтаётган умидсиз фуқароларни аввало яна бир хоразмлик Адолат исмли шахснинг автобусига жойлайди.  У аёл ҳам товламачилик қилиб,  улардан ортиқча пул ундирган ва Россиядан Қозоғистон чегарасига чиқариб қўйган. Кейин эса хоразмлик Зумрад Машарипованинг автобусида зўрға Хоразмга етиб келишган. Гувоҳ инсонлар гапига қараганда, бу учала аёл, яъни икки Адолат ва Зумрад Россиянинг Волгоград вилояти бўйича товламачилик гуруҳини тузиб, хоразмлик фуқароларни турли зўравонликларга дучор қилиб, ўзларига жарақ-жарақ пул ишлаётган эканлар. Россиялик жиноятчилар билан тил бириктриб, адолат талаб қилган кўпчилик фуқароларимизни талашмоқда ва ҳатто ўлдириб ҳам юборишмоқда. Уларнинг гапига кириб, ишга борган фуқароларнинг паспортлари Хоразмдаёқ улар томонидан ҳар хил баҳоналар билан олиб қўйилади, рўйхатга киритиш баҳонасида то йил охригача уларга берилмайди, улар ҳеч кимни кўришмайди, чунки сабзавот ва полиз майдонларида соқчилар мавжуд, сал овозини кўтарган ишчи мигрант азоб тагида қолиб кетади.

 

 

 “Ўртада шартнома бўлгани учун, уйга қайтгач, Хоразм вилояти ҳуқуқ-тартибот идороларига мурожаат қилдик. Олдинига масъул ички ишлар нозирлари томонидан ўзларимиз ёзган ариза ва тушунтиришлар қабул қилинди. Кейин эса негадир тушунчаларни ўзларининг мақсадларига мослаб қайтадан ёзиб беришимизни, шунда масала ҳал бўлишини айтишди. Ҳазорасп тумани ички ишлар бўлими ва прокуратураси ҳамда вилоят прокурори  текшириш олиб борди. аммо сал ўтмай ишни пулдор Адолатнинг фойдасига ҳал қилиб, жиноят аломатлари йўқ, асносидаги жавоб беришди. Бизга иш ҳақларимизни олганлигимиз тўғрисидаги қалбаки қайдномаларни кўрсатишди. Уларга биз ҳеч қандай имзо қўймаганмиз, бизнинг номимиздан қалбаки имзо қўйилган” дейишмоқда жабрланганлар. Лекин уларнинг додини ҳеч ким тингламаяпти.

 

БАХТИЁР МАҲМУДОВ

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares