Эшитдингизми, иқтисодиёт батқоғига ботган Ўзбекистон йўлбошчилари ўйлай-ўйлай, эндигилик кунда қовоқ экмоқчи, шу йўл билан ночорликдан чиқмоқчи эмиш.
Ҳатто эрта баҳордан ерга, аниқроғи, йўл бўйларига қовоқ уруғини қадаш мавсумини жаддаллаштириш борасида тепадан оғзаки “дастур” ҳам ишлаб чиқилган.
Юқоридан, янаям аниқроғи мамлакат бош вазири Шавкат Миромонович томонидан берилган ана шу кўрсатмага асосан, Ўзбекистоннинг барча вилоят ва тумналарида қовоқ қадаш компанияси бошлаб юборилган.
Ўт кетса, ҳўлу-қуруқ баробар ёнади, деганларидек, қовоқ экиш мавсумига мамлактанинг етти ёшидан етмиш ёшигача бўлган фуқаролар: ўқитувчи дейсизми, ўқувчи дейсизми, боғча опалардан тортиб ҳатто боғча болаларигача сафарбар этилган. Фермерлар-ку, биринчи навбатда.
Тонг саҳарда мамлакат бўйлаб сафарга чиқсангиз, йўл четига ёшу-қари қовоқ уруғини қадаётганига гувоҳ бўласиз. Талаб шунчалар кучлики, табиат инжиқликлари сабаб “ҳосил” нобут бўлмаслиги учун, ишонасизми, йўқми, ҳар бир қадалган уруғ устига бокалашкани қоқ кесиб, “кийдириб”, сунъний “парник” ҳосил қилинмоқда. Бир ойдирки, шу аҳвол. Қовоқ экиш мавсумининг ўта муҳимлиги сабаб, деҳқоннинг даласи, пахта-ю ғалласи, аҳолининг томорқаси ҳам қаровсиз қолиб кетди ҳисоби.
Лекинчи, ҳамма нарсанинг, ҳатто талабнинг ҳам меъёрида бўлгани яхши экан. Қовоқ экаман, унга бокалажкадан “қалпоқ” кийдираман деб бечора халқнинг тинка-мадори қуриб, безиллаб қолди. Охийри, қишлоқ аҳолиси қовоқ қадаш учун йўл бўйларига чиқишга тихирлик қила бошлашди.
Аҳолининг бундай “бебошлиги” табиийки, Ҳокимият раҳбарларининг таъбини тирриқ қилди.
Тепа қилган кўрсатма ижросини жаддаллаштириш истагида ёнаётган Оқдарё туман ҳокими Нурали Бердибоев оташин бўлиб, шошилинч равишда барча маҳалла, корхона ва ташкилот, муассаса, мактаб ва боғча ходимларини мажлислар залига чорлади.
– Мен билмайман, ўн кун ичида туманда йўл борки, барчасининг бўйига қовоқ экилган бўлсин! Нега ишлар сусайиб ктеди? Нега йўл четида ишлаётган одамларни кўрмаяпман!!!, – деди тутақиб Бредибоев, – Маҳаллада жон борки, барчасини далага қувасиз, тушунарлими, гап тамом!
Ўтирганлар жим. Нафас олишга ҳам ҳайиқиб, пусиб ўтиришибди. Шундай “қалтис” вазиятда, жонидан тўйганми, тумандаги мавжуд маҳалла оқсоқолларидан бири дик этиб ўрнидан турди:
– Ҳоким бова, сизам тушунинг-да энди. Маҳалла аҳли қовоқ экишдан толган, безиллаб қолган. Эндигилик кунда бош тортишмоқда…, – маҳалла фуқаролар йиғини раисининг сўзлари бўғзида қолди.
– Бу нима деганингиз?! У ҳолда сиз маҳаллада номаъқулнинг нонини еб ўтирибсизми? Одамларни қовоқ экишга қувасиз дедимми, қувасиз!
Ҳокимнинг бундай беписанд муомаласи оқсоқолнинг иззат-нафсини қўзғатдими, билмадигу:
– Маҳалла аҳлини қовоқ қадашга қувмайман дедимми, қувмайман!, – деб юборса бўладими баралла.
Унинг жавобидан шундайин ҳам дутаб турган Нурали Бердибоев ёниб, қизариб-бўзариб кетди:
– Нима? Тилингиз чиқиб қолдими ҳали?! Ҳур, озод яшаётганингиз камлик қилиб қолдими? Қаматаман!, – дағда қилди ҳоким ер депсиниб.
– Қамоқ бўлса, қамоқда, ҳоким бова, – бошини сарак-сарак қилди тақдирига тан берган маҳалла раиси.
– Шунақами ҳали?!!, – Нурали Бердибоев қўл телефонидан туман ички ишлар бўлими бошлиғининг рақамини терди, – Бу ерда қутирганлар бор экан, бирор кимни қопиб олмасидан бурун, тезда келиб, хавфсизроқ жойга жойлаб қўйларинг! Қўшимча куч ҳам юборинг, ҳали яна бир-иккита қутирганлар чиқиб қолиши ҳам мумкин!, – деди мажлислар залида ўтирган 300 чоғли одамнинг олдида ўшқириб.
Бу билан ҳоким жаноблари бир ўқ билан иккита қуённи отди. Биринчидан, “ўзбошимча” маҳалла раисининг танобини тортиб қўйган бўлса, иккинчидан, залда ўтирган аҳолига “қудрати”ни кўрсатиб қўйди.
Кўп куттирмай етиб келган ички ишлар ходамлари “бебош” маҳалла раисининг “эсини киритиб қўйиш” мақсадида олиб кетишди.
“Ўзбошимча” оқсоқол ишдан олиндими, ва ё 15 сутка ўтириб чиқдими, бунисини билмадигу, аммо шу нарса аёнки, Ўзбекистон қовоқ етиштириш орқали бой бўлмайди. Бу аниқ. Ё ҳукумат аҳолинининг қорнини буғдой қолиб, қовоқ билан тўйдириш илинжидамикин? Ёхуд қовоқнинг шифобахш жиҳатлари юрт раҳбарларидан бирортасининг қулоғига етдимикин? Қовоқ экиш қай бир қавоқ калладан чиққан ўзи? А, алббай?
Фотима МУҲАММАД қизи
“Бирдамлик” Халқ Ҳаракати Самарқанд вилоят бўлими фаоли




