ИГОРЬ САВИЦКИЙНИНГ ЎЛМАС МЕРОСИ ЁҲУД “ЧЎЛ БАҒРИДАГИ ЛУВР”

Бахтиёр Маҳмудов

БАХТИЁР МАҲМУДОВ

 

Ҳамма нарсага қора кўзойнак орқали араш мумкин эмас. Яхшини яхши, ёмонни ёмон, оқни оқ, қорани қорани қора, дейиш, аниқ ҳақиқатни юзага чиқаради. Қорақалпоғистон Республикаснинг Нукус шаҳрида рус рассоми ва этнографи Игорь Витальевич Савицкий томонидан яратилган санъат музейи чиндан ҳам Ўзбекистонга буюк хизмат тимсолидир.  Савицкийнинг ўз номи билан аталадиган бу нафосат масканида, Шўролар замонида, халққа ҳеч кераги йўқ, деб, ҳисобланган рус авангардчиларининг катталикда жаҳон бўйича Санкт-Петербургдаги рус музейидан кейин иккинчи ўринда турадиган коллекцияси ва Марказий Осиё халқлари ҳунармандчилиги ва қадимий санъатининг энг катта тўпламларидан бири жойлашган.

 

Музей асосчиси, рус рассоми И.В.Савицкий (1915-1984) Украинанинг Полтава шаҳрида туғилган. Москвадаги Суриков номли мусаввирлар институтини тамомлаган. Собиқ Иттифоқ рассомлар уюшмасига аъзо бўлган. Унинг устози шу институт профессори, модернчи рассом Роберт Фальк бўлган. У илк бор Хоразм ва Қорақалпоғистонга 1950 йилда, номи жаҳонга машҳур олим-профессор Сергей Павлович Толстов раҳбарлигидаги Хоразм археологик-этнографик экспедицияси рассоми сифатида ташриф буюрган. Экспедицция ишлари тугалланганидан кейин (1950-57)  саҳро халқи ва унинг маданиятига мафтун бўлиб, Қорақалпоғистонда яшаб қолган. Қадимги Хоразм ва қорақалпоқ гиламлари, миллий кийимлари, қадимий тақинчоқлар ва бошқа санъат намуналарини, Қорақалпоғистон, Хоразм, Туркманистон қишлоқларини кезиб, тўплаган. Кейинчалик у рассомларнинг Марказий Осиё билан боғлиқ асарларини, 1950 йилларнинг охири 1960 йилларнинг бошида эса Совет ҳукумати томонидан йўқ қилиниши буюрилган рус авангард санъатини бир жойга йиғган.  

 

Бугунги кунда музейда график асарлар, картиналар ва ҳайкалларни, шунингдек, мингта қадимги замонлардан ҳозиргача бўлган кийим-кечак ва безак-тақинчоқларни ўз ичига олган 90 мингта буюм мавжуд. Шуни айтиш керакки, мазкур музейни Савицкий аввалига Хивада ташкил қилмоқчи бўлган. Лекин ўша вақтдаги маҳаллий амалдорлар дарвешсифат, афтодаҳол бир рус рассомининг гапига бепарволик билан қараб, у тўплаган экспонатлар – тунг, нақшинкор эшиклар, жангчи либослари, қадимий гиламлар, тақинчоқларни эски-тускилар сифатида санаб, писанд қилмаганлар. Шундан кейингина у музейни Нукусда ташкил этиш ғоясини илгари сурган.

 

Бир вақтлар мен муҳаррирлик қилган “Кеч ёқтилик” номли вилоят мустақил ҳафтаномасининг 2004 йил 17 апрель сонида эълон қилинган модернчи шоир Баҳром Рўзимуҳаммад қаламига мансуб “Савицкий ким эди?” сарлавҳали интервью мақоласида Ўзбекистон халқ рассоми Тўра Қурёзовнинг таъриф беришича, Савицкий ҳаётида жуда кўп қийинчиликларни бошидан кечирган. Шахсий суҳбатларда Сталинни ёмон кўришини айтган. “Сталин буюк рассомларни хор қилди. Не-не буюк даҳолар турмаларда чириб кетди. Гадой алфозига тушдилар, қувғинга учрадилар” дегувчи эди. У дарвешларча яшаган. Ўзининг бутун борлиғини санъатга бахшида этган. Оила қурмаган. Оддий кийинган. Тансиқ таомларни хуш кўрмаган. Аксарият ҳолларда шўрва ичган. Шунга қарамай, ниҳоятда бақувват бўлган.

 

Савицкий қолдирган мероснинг ўзига хос томони шундаки, унинг юзага келишида қзиқ бир  парадоксал ҳолат диққатни жалб этади. Музей ташкил қилинган Қорақалпоғиcтон – Ўзбекистоннинг шимолий-ғарбидаги  узов бир минтақа, У собий Совет Иттифоқи ҳудудидаги энг камбағал минтақалардан бири эди. Буни қарангки, шундай оғир иқтисодий аҳволда ҳам Қорақалпоғғистон ўз санъатини асраб қолиб, 1966 йилда Савицкий номидаги музей яратилишида интеллектуал замин вазифасини ўтаган. Бундан ташқари, Музей, рус авангард модернизми  социалистик реализм асарларига ёнма-ён намойиш этилган камдан-кам жойлардан бири. Яна десангиз, авангард Совет давлатининг ўткир танқидига учраган. Музейда бундай асарлар сақланиши ва молияланишига  Нукуснинг “ёпиқ” статуси ва И. Савицкийнинг маҳаллий ҳукумат билан дўстона муносабати имкон яратган.

 

 

 

Қуриб бораётган Орол денгизининг шундоққина ёнгинасида жолашган бу саҳро марваридини  французларнинг “Телерама” журнали “Чўлдаги Лувр” деб атаган. Буюк Ипак йўлидаги Самарқанд, Бухоро, Хива шаҳарларининг қадимий ёдгорликлари кўпроқ машҳур бўлсалар-да, Нукус санъат музейи  Ўзбекистондаги обидалар ичида аҳамияти жиҳатидан тўртинчи ўринда туради.  Британиянинг “Гардиан” газетаси И. Савицкий коллекциясига “жаҳоннинг энг ажойиб музейларидан бири”, деб,  баҳо берган. Альберт Гор ва Жак Ширак ҳам бу музей дунёнинг энг яхши музейларидан бири эканлигини таъкидалаган.

 

Лувр, Эрмитаж, Дрезден  суратлар галереяси, Савицкий номидаги Нукус давлат санъат музейи. Унинг номи шунчалик машҳур музейлар билан ёнма-ён тилга олиниши балки кимнидир ажаблантирар. Ажабланиш керак эмас, чунки бу музей ўзидаги ноёб коллекциялар шарофати билан дунёдаги санъат билимдонлари ва қадрловчиларига борган сайин таниқли ва машҳур бўлиб бормоқда. Музейнинг тўлиқ жамланмаси замон жиҳатидан 3 минг йилга яқин тарихий даврни ўз ичига олади. Ўзининг Москванинг Арбатидаги қулинг ўргилсин квартирасини ташлаб, чўлда яшашани маъқул топган, қорақалпоқ ва ўзбекка ўз миллатдошидан-да мўлроқ ва каттароқ яхшилик намунасини кўрсатган Игорь Савицкийнинг руҳи шод, тупроғи енгил бўлсин. Ҳозир ушбу санъат музейи топаётган шараф – айнан шу инсоннинг машаққатли меҳнати мевасидир.

 

 

Музейда сақланаётган коллекцияларни Америка, Европа ва Осиёнинг йирик мамлакатлари раҳбарлари, элчилари, маслаҳатчилари ва атташелари, ЮНЕСКО ва бошқа халқаро ташкилотларнинг вакиллари  завқ билан томоша қилиб ва қайдлар китобига ўз тассуротларини ёзиб қолдирмоқдалар. Музей экспонатларидан намуналар турли мамлакатлардаги машҳур музейлар кўргазмаларига олиб борилиб, кенг намойиш қилинади. Музейда турли халқаро анжуманлар, учрашувлар, семинарлар ўтказилади. Мана бу йил 5-6 май кунлари Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа туманида Фонд Форум ва ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхона лойиҳаси асосидаги “Асрлар садоси”  анъанавий маданият фестивалининг бешинчиси бўлиб ўтади. У бундан аввал Шаҳрисабз яқинида, Тошкент вилояти, Хива ҳамда Бухорода бўлиб ўтган. Нукусдаги Тупроққалъа тарихий ёдгорлиги ва Савицкий номидаги музей фестивалнинг асосий объектларига айланиши кутилмоқда. Фестиваль меҳмонлари музейга ташриф буюриб, муҳим тадбирлардан бирини шу ерда ўтказишади. Демак, ҳадемай “Марказий Осиёнинг Третьякови” тўплаган ва унинг давомчилари кўпайтирган экспонатлар яна жаҳонни лол қолдиради.

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares