
Рустамжон исмли бир киракаш йигит бор. Доим кўришсак, дилдан суҳбатлашамиз. Бундан бир неча йил муқаддам бир иш билан қамалиб чиққан.. Бу йигитнинг бошқалардан фарқи шундаки, у қўрқмасдан ўзини ҳимоя қила олади. Юрагидагини гапира олади. Шу йигит бир воқеани айтиб берди.
« Бир куни Ўзбекистон Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида ишлайдиган депутат машинамга чиқиб қолди. Гаплашиб кетаётиб, мен унга “Нега Олий Мажлис йиғилишларида Россия думасидаги депутатлар сингари талашиб тортишмайсизлар? Ахир ноқонуний ишларни кўриб турибсизлар-ку? Нега халқни муаммолари ҳақида гапирмайсизлар? Сайланаётганда ҳар ҳил ваъдаларни бергансизлар. Сайланиб олгач эса, қарсак чалишдан бошқа нарсага ярамаяпсизлар. Ахир, сизларни халқ сайлаган-ку?”, деб ўзим гувоҳи бўлган, давлатни турли ташкилотларида ишлаётган шахсларнинг ноқонуний ишларини унга айтиб бердим. Гапларимга жавобан у “Ўзингиз биласиз-ку, биз ҳам имконият даражасида ишлаяпмиз”, деб ўзини оқлайдими десам, йўқ. Менга “Сиз ғалати одам экансиз-ку? Бунақа сиёсий гапларни гапирманг. Охири ёмон бўлади”, деб менга насиҳат қила бошлади. Мен ҳам “Мен давлат душмани эмасман. Ватаним учун куйинганимдан, камчилликларни гапираяпман, холос. Сизлар бўлса халқ пулига ишлаб, халқ дардини гапирмаяпсизлар”, деб бўш келмадим”, деб қолди у.
Укамиз айтганидек, ҳақиқатда ҳам депутатларимиз қирғиз, қозоқ, рус депутатлари сингари фаол эмаслар. Ҳозир ҳоҳлаган одамдан сўранг, уларнинг аксарияти, охирги сайловда кимни депутат этиб сайлаганларини ҳам эслай олмайди.
Марҳум олим Озод Шарофиддинов «Ижодни англаш бахти» номли китобларида, ўзбек депутатлари тарихига оид бир китоб ҳақида ёзадилар. Китоб « Россия Давлат Думасидаги мусулмон депутатлар» деб номланган бўлиб, уни 1998 йили Россия Фанлар академияси Уфа илмий марказига қарашли иниститут ходимлари нашрга тайёрлашган экан. Китобда келтирилишича, Думадаги ўзбек депутатлари жуда ҳам фаол бўлишган экан. Маслан, Самарқандлик катта савдогар Тошпўлат Абдужалилов, Сирдарёлик чорводор Аллаберганов, Рус ёзувчиси Лев Толстой билан учрашган Абдувоҳид қори Абдурауф ўғли каби депутатлар думада ўзбек халқининг дарду ҳасратларини, минбардан туриб, қўрқмасдан гапирганлар.
Ушбу китоб хақидаги кичик тақризда О. Шарофиддинов ёзадилар: «Думадаги мусулмон депутатлари шунчаки расмият учун сайлаб қўйилган, мажлисларда қуруқ суратга ўхшаб ўтиришдан бошқасини билмайдиган, фақат овоз беришларда қўлини кўтариб, тушириб турган одамлар бўлган эмас. Аксинча, уларнинг кўпчилиги мусулмонлар дунёси номидан гапириб, унинг манфаатларини ҳимоя қилиб, инсоний ҳақ -ҳуқуқлари учун фаол кураш олиб борганлар. Уларнинг нутқларида ўша даврдаги меҳнаткаш халқ оммасиининг ҳаётига доир энг муҳим ва энг ўткир масалалар қўйилган, мамлакатда меҳнат аҳлига нисбатан йўл қўйилаётган адолатсизликлар, зулм қаттиқ қораланган…»
Олимнинг ушбу жумлаларини ўқиб хайрон қоласан киши, Ахир ҳозир империя даври бўлмаса, мустақилликка эришилганига 20 йилдан ошган бўлса, нега депутатлар мамлакат ичкарисида бўлаётган ижтимоий – сиёсий муаммолар ҳақида гапириб, муҳокама қилмайдилар, халқ манфаатлари йўлида талашиб – тортишмайдилар? Ҳалигача ОАВ ларида “Фалон депутат, фалон фуқоронинг мана бу муммосини юқорига етказиб, ҳал қилиб берди”, деган жумлани ўқиганимиз ёки кўрганимиз йўқ. Ахир фуқоролар депутатларни фақат қонун чиқариш учунгина сайлашмайди-ку.
Носир ЗОКИР
“Бирдамлик” Халқ ҳаракати Фарғона водийси бўйича кординатори



