ЎЗИНГ УЧУН ЎЗИНГИЗ ҚАЙҒУРИНГ….

            Самарқанд вилояти, Жомбой туманидаги Холвойи маҳалласида яшовчи аҳоли газ муаммосидан мана 10 йилдирки, азият чекмоқда. Газ идорасининг  Ботир Қаршиев,  Лолахон отлиғ ходимлари  аҳолининг иҳобидан ҳамёнини қаппайтирмоқда.  Эҳҳе, бунга қанчадан-қанча мисол келтириш мумкин. Келинг, яхшиси,  онамнинг қўшнимиз билан бўлган суҳбатини сўзлаб берай, ўзингиз тушуниб оласиз.

 

–  Қўшнижон,  бу Ботир билан Лолахондан қачон қутиламиз-а? Қутиладиган кун ҳам бормикин, – онамга ҳасрат қила кетди ҳамсоямиз изтироб билан, –  Шуларни деб, мана, бир ҳафтадан буён касалман.  Эшик тақиллаб қолди,  қарасам, Қаршиев Ботир билан Лолахон дарвоза тагида турибди. “Нима гап?” десам, “Холажон, газингизни  ўзамиз. 800 000 сўм қарзингиз бор” деб турибди-да. “Болам, газ ҳисоблагични кўрмасдан қанақасига қарзингиз бор, дейсан-а?Яқинда тўлаб келгандик-ку?” десам, қайда, гапга қулоқ солмайди, “Мен билмайман, қарзсиз, тамом” деб туриб олган. “Набираларим билан уйда ёлғиз қолганман  Газ ҳисоблагични мен тушунмайман. Болаларим ишда, келишсин.   Кўришсин, агар ростдан ҳам қарздор бўлсак, кейин ўзимиз идорангизга бориб тўлаб келамиз” десам, “Илло-билло узаман!” деб туриб олган-да. Шошилганимда шу совуқда оёқ яланг дарвозага чиқибман, денг.  Ҳартугул, газчиларнинг ҳам инсофлиси бор экан. “Оёқяланг юрманг, шимоллайсиз, хола. Тезда уйингизга киринг”, деди  улардан бири, кейин ҳамроҳига қараб, “Ботир ака, ҳақиқатдан ҳам газҳисоблагични тушунмайди, кекса киши эканлар. Қўя қолинг, болалари келишсин, эртага ўзлари ҳал қилишар” деб қолди баракатопгур.                    

Шеригининг гапи билан Ботир ҳам кўна қолди, ортига қайтди. Эртаси куни   туман газ идорасига бордим. Қарасам, компьютерда 45  минг сўм сўм ортиғи билан турибди.    Қанақасига 45 минг сўм бўлиши мумкин. Газга тўлаганимизга ҳали уч кун ҳам бўлган эмас-ку. Тепа сочим тикка бўлиб, бошлиғининг олдига кирдим. “Болам, исм-шарифингни бир қоғозга ёзиб бергин. Ана у Ботир, Лола деган ходамларингни ҳар икки кунда эшигимга юборасан.Худонинг бермиш куни газга деб ҳаммадан пул териб кетади. Ишонмасанг, ана, одамлар, ҳамсоя-халқ шоҳид. Яна ўша ишчиларингиз келгудек бўлса, борми, қувиб соламан” дедим, – дейди қўшни хотин  куйиниб.  

–  Нега ўша пул йиғиб кетувчи Ботир билан Лолахонинг устидан ариза ёзмадингизлар, – гапга аралашдим ноҳақликка чидай олмай.

– Эй, болам-а,  Почталионнинг устидан арз қилганлар нима бўлди? “Ёзувчи” деган номни олганлари қолишди.  Мен ҳам ўшаларнинг ҳолига тушайми, – дейди ҳамсоя хотин ҳафсаласизлик билан.

 Бу бор гап.   Мана, “газовик”лар ён қўшнимизникига келиб,  газ ҳисоблагичига қарамасдан, 1 500 сўмлик қарз уриб кетишибди.   Қишнинг қировли кунлари келди дегунча, Қаршиев Ботир билан Лолахонларнинг куни туғади.  Улар аввалига, маҳалламизни атай  бутунлай газдан узиб қўйишади. Хонадон, оила бошига 40 000 сўмдан  пул йиғиб оолишади. Худо билади, бу пуллар оёқ чиқариб қаерга кетган бўлса?  Бироқ, шуниси аниқки,   ўша пулларнинг сариқ чақаси ҳам аҳоли ҳисобига, банкга кирим бўлмаган.  Бу лолахон деганлари  бир ресторанда  офицант бўлиб ишлар, зўрға кунини кўрарди.  Газ идорасига ўтди-ю, Худо берди. Олти ой ўтмасдан машинали бўлди. Ҳозир эса,  еттинчи қаватда юрибди.    Афсус…  ҳаҳ, одамлар-а, бунча содда бўлмасангиз? Ўзингиз учун ўзингиз қайғурмасангиз, сиз учун  ким жон куйдиради?  Пешона тер билан топган пулингизни газ идорасининг ходимларига бераяпман дея, қачонгача ҳавога совурасиз?

                                  

Зарифа  МИРЗАЕВА

“Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракати Самарқанд вилояти, Жомбой туман бўлими фаоли

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares