НАРХЛАР ОШДИ, АММО ХИЗМАТЛАР ҲАМОН СИФАТСИЗ

Бахтиёр Маҳмудов

 

Бахтиёр МАҲМУДОВ

 

        Хоразм вилоятида 1 апрелдан бошлаб айрим коммунал хизматларнинг нархи ошиши эълон қилинганлиги фуқаролар учун Наврўз байрами “туҳфаси” бўлди.

 

“Хоразм иссиқлик манбаи” очиқ акциядорлик жамиятининг маълум қилишича, иссиқлик энергияси билан 1квадрат метр майдон иситилиши учун бир ойга 538 сўм , 1 киши 1 ойда иссиқ сув билан таъминлангани учун 6714 сўм, иссиқ сув ўлчагичи бўйича эса 1 метр куб сув учун 2098 сўм пул олинади. Корхона ва ташкилотлар учун 1 Г. Кал иссиқлик энергиясининг баҳоси ҚҚС билан 36525 сўм 60 тийин қилиб белгиланган. Иссиқлик энергияси учун тўлов баҳоси аҳоли учун йилнинг 12 ойига тенг тақсимланган.

 

Туямўйин-Урганч минтақалараро сув қувуридан фойдаланиш бошқармаси маълумотига кўра,  янги тарифлар қуйидагича: аҳолига 1 метр куб ичимлик суви – 329 сўм, 1 метр куб оқава сув хизмати – 215 сўм, бюджет ҳисобидаги ташкилотларга 1 метр куб ичимлик суви – 675 сўм, 1 метр куб оқава сув хизмати – 468 сўм, бошқа улгуржи ташкилотларга 1 метр куб ичимлик суви – 770 сўм, 1 метр куб оқава сув хизмати – 468 сўм.

 

Нарх-навонинг бу тақдилдда  ошиши аҳолининг чўнтагини қуритади, аммо унга ҳеч қандай фойда бермайди. Чунки “Иссиқлик манбаи” қувурларидан иссиқ сув кўпинча гоҳ сал илитилиб, гоҳ худди совуқ сув каби муздай бўлиб хонадонларга етиб боради. Лекин хонадон эгалари унга совуқ сувдан қарийб 8-9 баравар қиммат пул тўлашга мажбурлар. Иссиқлик энергияси ҳам батареяларни қишда иситмайди, камдан кам ҳолларда сал илитиши мумкин, лекин фуқаро бунинг учун йил бўйи пул тўлайди.

 

Совуқ сув эса Урганч шаҳридаги хонадонларга эрталаб соат 6.00 дан 9.00 гача, туш пайти 12.00 дан 14.00 гача, кечаси 18.00 дан 24.00 гача берилади. Электр қуввати узилиб қолса, бу ҳам йўқ. Қишлоқларнинг кўпчилигида кўчаларга қувурлар ўрнатилганча қолган,  сув хонадонларга етиб бормаган. Ичимлик суви хусусий артезиан қудуғидан олинади.

 “Емаган сомсасига пул тўлайди” деб худди мана шунга айтсалар керак-да…

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares