Ёдгор Обид
Чойхонада уч навқирон
Гурунглашар отиб ҳандон.
– Олинг- олинг, қани- қани…
… Юртбошимиз бўлсин омон!
Бири ундоқ, бири мундоқ,
Учисин ҳам кайфи тароқ.
Дер: » ўртада ошли табоқ-
Юртбошимиз бўлсин омон!»
Бири дейди тортиб чилим
– Гар айтмасам куяр тилим,
У бор экан- тоза иқлим…
Юртбошимиз бўлсин омон!
Яна бирин қўли бигиз,
Дейди: » Йўқдир хабарингиз,
Сигиримиз туғди эгиз-
Юртбошимиз бўлсин омон!»
Ундан қолмоқ нияти йўқ-
Бошқа бирин кўзлари лўқ,
Сўз бошлайди ургандай дўқ:
-Юртбошимиз бўлсин омон!
Кўзи ёриб доруломон
Бизнинг хотин айни замон
Туғиб берди учта ўғлон…
Юртбошимиз бўлсин омон!
Бу гапларни тинглаб пеш- пеш
Узоқ юртдан келган дарвеш
Дейди: Балли, кетвордим «беш»…
Юртбошингиз бўлсин омон!
Иқлимга-ку, майли, чидай,
Гоҳи ундай, гоҳи бундай.
Бўлақолсин сиз айтгандай…
Юртбошингиз бўлсин омон.
Гар бу гаплар эмас мубҳам-
Хотининг ҳам, сигиринг ҳам
Бўғоз қилган ўша одам-
Юртбошингиз бўлсин омон!
Шундай кетса иш ҳармаҳал
Келиб қолар сизга ҳам гал…
Масалангиз бўлгунча ҳал-
Юртбошингиз бўлсин омон!




