САМАРҚАНД ҲУКУМАТ ЁЛЛАГАН ҚОРА НИҚОБЛИ КИШИЛАР ҚАМАЛИДА

           Мана, бир неча кундирки, Ҳукуматнинг қора ниқоб таққан “қароқчи”лари  давлат идораларида ишловчи амалдорларни “ов”лаш билан банд.

             Қора ниқоблиларнинг бу галги нишони қозиларга қаратилган чоғи, аввалига улар Тошкентдаги судьяларни тўрга туширишганди. Энди навбат Самарқандга етиб келди.

             Ишончли манбаанинг гувоҳлик беришича, қора ниқоб таққан кимсалар  Самарқанд шаҳри ва айрим туман суд биноларига ҳужум уюштирган. Ушбу “босқинчилик”, бирваракайига 5-6 нафар судьянинг “асир” олиниша демаса, деярли беталофат кечган. Энг қизиғи, қозикалонларнинг айнан  қай бир гуноҳи учун қўлга олинганлиги мавҳум. Шунингдек, айни дамда  қора ниқоб таққан кимсаларнинг қўлга киритган “ўлжа”лари ҳам қаерда сақланаётганлиги номаълум. Қўлга киритилган каззоблар, йўғ-э, қозилар айни дамда   ИИБ қамоғидами, МХХ подвалидами, негадир сир сақланмоқда.

            Самарқанд аҳолиси ўртасида тарқалган миш-мишларга қараганда, ушбу “тозалаш” операцияси Карим отанинг яқингинада КОТТАЛАРнинг йиғилишида “Порахўрликни қуритиш керак!”  деган мазмундаги каломи билан боғлиқмиш.

           Биргина вилоятдан бира тўла 5-6 та қозининг қамоққа олинганига қараганда, мамлакатда порахўрлик ўта болалаб кетганга, масала жудаааа жиддийга ўхшайди. Аммо гап унда эмас. Буғдойда!  Ҳукумат томонидан уюштирилган бу “бос-бос!”, “ушла! қоч!” ларнинг натижаси нма билан тугайди, мана гап қаерда!

             Бу каби “ур-сурлар”дан муддао, Ҳукумат  ростдан ҳам порахўрлик иллатининг илдизини қирқмоқчими, ё қози шўрликларни қўрқитиш орқали уларнинг “мисқоллаб йиққан-терганини” қай бир  арбоб ботмонлаб қўлга киритмоқчими? Ҳартугул, шу йўл билан ҳукумат устунларидан бири молиявий қувват, қуч-қудрат тўплаб олмоқчи бўлмаса кераг-ов…  Воқеалар ривожини кузатамиз…

 

Фотима МУҲАММАД қизи

“Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракати Самарқанд вилоят бўлими фаоли

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares