ЎЗБЕКИСТОН: МУЛКДОР БЎЛАЙ ДЕСАНГИЗ, КЎЧМАС МУЛК КАДАСТР ХИЗМАТИГА ИШГА КИРИНГ, КАМ БЎЛМАЙСИЗ!!!

 

АСРОР АКА СОККАСИНИ ХОМЧУТ КИЛМОКДА

 

        Бизнинг Ўзбекистон деб аталмиш ўлкада порахўрлик, таъмагирлик шу даражада урчиб, болалаб кетганки, айтсангиз, адо бўлмайди.

         Бу юртда  қозиман дегани  порахўр, прокурори таъмагир. Шифокори  касалнинг қўлига қарайдиган каззоб,  жарроҳлари пул бермасанг, мисоли қассоб. Ҳокимлари кўрдим демай ямламасдан ютади,  домлалалари илҳақ бўлиб  имтиҳонни кутади. Устозлари ўқувчидан синф фонди йиғади,  вазирларнинг оғзи катта, аждарҳо ҳам сиғади… Боғча опа иккиланмай гўдак ҳаққини ейди,  ГАИлари тушидаям  “шопир”ларда  “нарушения” бўла  қолсайди дейди…   Миршаби дер: “Худонинг бермиш куни “налево”дан тушум бўлса қанийди?”…                                            

         Лекинчи, шу ёшга кириб ҳукумат тизимида яна бир ташкилот борлигини, ул макон гарчи торлигини, аммо соққага конлигини билмас эканман-ай!

         Ҳай, ҳай, ҳай,  тер тўкмасдан бой бўлай, кишнамасдан той бўлай десангиз, ўғил қизингизни   Ўзбекистон Республикаси ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри ДАВЛАТ ҚЎМИТАСИ”  деб номланувчи ташкилотнинг бирорта шаҳар ё туман бўлимига ишга тиқиштиринг-қўйинг.  Нега дейсизми?  Унда мен гапирай, сиз эшитинг:

          Худо бериб укаларимдан бири Тошкенту азимдан уйлик бўлиб қолди. Бу борада уй даллоллари – “маклер” деб аталгувчи учарларнинг хизмати катта.  Хуллас,  мазкур иншоатга бўлган эгалик ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказганлик тўғрисидаги ГУВОҲНОМАни қўлга киритиш илинжида опа-ука Тошкент шаҳар “Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастр хизмати” давлат унитар корхонасининг Учтепа туман хизмати биносига бошлашиб бордик. Бу идора шундоққина Учтепа туман ҳокимиятининг биқинида жойлашган, агар билсангиз.

АСРОР АКА МИЖОЗЛАР ДАВРАСИДА

             Омадсизликни қаранг, айни соат 16.00 ни кўрсатиб турганида бизнинг “очерид”имиз келиб турибди-да.   Секингина  Асрор ака Асқаровмиди-ей, Қайсаровмиди-ей  (исм-шарифининг нима аҳамияти бор! Бундай тоифадаги ходамлар шунчалар кўпки, санасангиз, саҳифамиз тўлиб кетади!)  хуллас, ходими клонлардан бирининг қабулига тортинибгина бош суқдик.   Асқаров қарасаки, биз – иккавлон, одмигина кийинган қишлоқи башаралар турибмиз қаршисида. Шунданми, ё бошқа илинжданми, ҳартугул Асқаровнинг кўзлари совуқ чақчайди. Кутилмаганда:

–                      Чиқларинг, хонани бўшатларинг. Соат 4 бўлди. Иш пайтим тугади. Эртага келасанлар!, – дея у қўллари билан “кишт-кишт” ишорасини қилиб қолса бўладими?

 Опа-ука бир-биримизга ҳижолатли термулдик.

–                      Ака, бугунги ишни эртага қўйма, дейишган машойихлар. Қолган ишга қор ёғар. Бир дақиқа вақтингизни оламиз, холос. Шу хужжатларимизни олиб қолсангиз бўлгани. Нақд уч соат навбат кутиб ўтирдик, ахир, – дея олдим минғирлаб.

–                      Кутган бўлсанглар менга нима?  Мен айбдорманми? Борларинг, қабул қилмайман, дедимми, тамом-вассалом!, – Асқаров – Қайсаров аризамизни нақд бетимга улоқтирди, – хонани бўшатиб қўйларинг дедим санларга!

КАДАСТР ХИЗМАТИГА МАРХАМАТ

Шу пайт “маклер” укамизнинг шипшитиб қўйган гаплари уриб қолди денг каллага!

–                      Ака, асабийлашманг. Рози қиламиз, ўзоро келишиб оламиз, хизматингиз биздаям қоп кетмас, –  дедим секингина шивирлаб. Укам худди шуни кутиб тургандек,  илгаридан санаб қўйган саксон минг сўмни секингина столга қўйди, гуё  айб иш қилиб қўйган кишидек терлаб.

ИЛХАК ТУРГАН МИЖОЗЛАР

             Бир даста ўзбек сўмини кўрган Асқаров ҳозир пулларни ҳам юзимизга отқиласа керак деб чўчиб тургандим. Адашган эканман. Қайда, аксинча, ул зотнинг юз-кўзида мамнунлик, майинлик жилваланди. Бир зумда 360 градусга ўзгара оладиган мавжудодлар тоифасидан эканда одамзод, нима дейсиз энди…   Пора олиш қандай бўларкин, билмадиму, аммо бериш ўлимдан ҳам қийин экан-ай.  Ўғирлик устида қўлга тушган одамдек роса титрадик-да, ўзиям.

–                      Яхши, қачонга тайёр бўлиши керак?, –  деди Қайсаров – Асқаров   соққани беписандгина олиб, столининг тортмасига ташларкан, – Хўш?

–                      Уч кунда тайёр қилиб беринг, акажон. Укам узоқ сафарга кетаётганди, – дедим унинг айнаб қолишидан ҳадиксираб шоша-пиша.

КАДАСТРДА КУТГАН ОДАМЛАР

         Иш пишди. Уч кундан кейин соат 10.00 да биз истаган ҳужжат қўлимизда нақд бўладиган бўлди. Уддабурролигимиздан  мамнун бўлиб, қабулхонадан қушдек учиб чиқдик, гуё.  Йўлакка чиқиб, қарасам, иш тугаган бўлишига қарамасдан, навбатда ҳали одам тирбанд….  Агар лоф бўлмаса, нақд қирқ киши бор-ов….

        Аслида-чи,  бу идорада “Бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома”ни қўлга киритишнинг йўли, усули шунақа бўларкан… Агар 80 минг сўмни ( бу квитанция – тўлов қоғози олиш учун идоранинг ҳисоб рақамига тўланадиган сўммадан ташқари, албатта!)  “чўзиб” қўйсангиз, ошиғингиз олчи,  ишингиз беш, уч кунда битди, деяверинг. Мабодо, зиқналик қилсангиз, тамом. Ҳужжатларингиз Тошкент шаҳар “Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастр хизмати” давлат унитар корхонасининг Учтепа туман хизмати биносида нақд бир ой чанг босиб қолавераркан…  Энди биз  инсон боласи, ўзингизга маълум, бешикдан то қабргадовур бир умр шошиб эмас, чопиб яшаймиз…  Барча юмушимиз тезроқ битишини истаймиз…  Мана бу эшик тагида ўтирган 40 дан ортиқ оадмларнинг ҳам илинжи шу: биз  каби муддаосига қисқа муддатда етиш. Истак олдида эса 80 минг сўм деган соққа нима бўпти, ахир! Шу тобда менинг “математик”лигим тутиб кетди, денг. Соққани оладиган, ҳамёнига соладиган Асрор  Асқаров-ку, бир кунлик тушумни мен тушмагур хомчўт қилиб кетибман. Қизиқ, бу “арбоб” бир кунда қанча фуқаронинг “мушкулини асон” қиларкин? Юзта десам, ишонмайсиз, лоф дейсиз. Амммо-чи, рости, бир кунда камида 80 та бўлмасаям 70 нафар “клиент”и нақд. Нима қиламиз?  80 000 сўмни 70 га кўпайтириб кўрамизми?  Уҳ-ҳу-у-у-у, 5600000 ( беш миллон олти юз минг) сўмми? Адашмадимми, тўғри ҳисобладимми? Бир кунда-я?!

              Сизни билмадиму, аммо шу тобда мен Асрор ака Асқаровнинг уйини, иморатини  кўргим келди, жудаям. Итининг ҳам туваги тиллодан бўлса керак, ҳой-наҳой.  Бир кунда беш миллон  сўмдан ортиқ (!) “ишлаб” олади-ю, бўлмасинми? Йўқ, адашдим, жа-аа, беш миллон эмас-ов. Ахир “тушум”ни раҳбар билан арра қилиш масаласи-чи? 50 га 50 бўлган тақдирда ҳам бир кунлик даромад икки миллон сўмдан ортиқ, ёмон эмас-а, нима дедингиз?

ОДАМЛАРГА ОРКА УГИРИБ...

         Айрим одамлар “Тошкент шаҳар ер тузиш ва кўчмас мулк кадастр хизмати” идораси ишини назар қилмайди. Хў-ўўш, эндичи? Нима дейсиз? Болаларингиз – боврингизни ул идорага ишга жойлайсизми? У ҳолда таъмагирлар сафини тўлдириншга шошилинг-а….

           Эй-ййй, бу юртда бўлгани пора, турган битгани таъма-да,  нима қилмоқ керак энди?….

 

Орзигул ХУДОЁРОВА 

“Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракати  фаоли

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares