АЛЛОҲДАН СЎРАНГ, ШИФОКОРЛАРГА ИШИНГИЗ ТУШМАСИН…

Самарқанд шаҳар Даҳбит кўчасида жойлашган  Хаваси тез ёрдам  шифохонасининг  шифокорлари бизнес қилишмоқда . Худо кўрсатмасин,  мабодо киши жарроҳлик столига ётгудек бўлса, беморнинг нақд  уч-тўрт миллион пули бўлиши шарт.  Бита тайёр иссиқ кўрпа фалон сўм, кўрпа-ёстиқ жилди  ҳам арзон эмас.   Ўзингиз билан барчасини албатта касалхонага олиб боришингиз лозим. Қўйингчи,  шприцдан тортиб “бинт” дейсизми, “вата”ми, ёхуд спирт, ҳатто тиббиёт  «перчатка»гадовур беморнинг гарданида.

 Муолажа олиш ва шифохонада ётиш учун керакли барча зарурий анжомлар, дори-дармонлар, тиббиёт асбобларини ғамлаб олганингиздан сўнг мазкур касалхонанинг ҳисоб рақамига – кассага нақд  70 000 ( етмиш минг) сўмни ( ўн кунлик даволаниш учун бу!) қуртдек санаб берасиз. Бу ҳам камлик қилгандиек,  совун, соданинг ҳам соққасини тўлаб қўйишга мажбурсиз. Жарроҳлик амалиётига  киргудек бўлсангиз  операцияга ишлатиладиган тиббиёт асбоб-анжомлари учун 250000 сўм,  “наркоз” берувчига эса  80000 сум “ҳадя” қилишингиз керак.  Шифокорнинг “қўл ҳаққи”ни эса унинг ўзи билан  олдиндан келишиб олишингиз шарт. Мабодо  юқорида санаб ўтилган сўммаларни  бераолмаса беморнинг  ўлиб кетгани билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Бирор бир зоғ касал кишига қарай демайди. Бу каби кўргуликларни шахсан ўзим з бошимдан кечирдим. Қарасам, ҳамширалар ишлатилган шприц йиғиш билан овора. Бунинг сабабига қизиқиб кўрсам,  ҳамширалар ишлатилган шприцларни аптекаларга топширишаркан. Шу “меҳнати”нинг орқасидан қўшимча даромад – соққа топшиаркан. 

Бу шифохона  хусусий бўлса, кошки эди. Афсуски, ҳукуматга  қарашли.

Энди сизга бошқа бир мисол кeлтирай:  Мени Россия давлати тасарруфидаги  33- им профессор А.АОстроумов номи билан аталмиш шифохонага тез ёрдаммашинасида келтиришди.   Ортимдан хабар олгани келган дўстларим  шифокор билан гаплашмоқчи бўлишганди, шифокор кулимсираб  “Бизга аптекадан ҳеч қанақақа дори керак эмас. Шифохонани  дори-дармон билан давлат таминлайди. Бу давлатнинг шифохонаси” деди. Мазкур касалхона ниҳоятда  тоза-озода. Ҳамшираларнинг ҳар ярим соатда биз -беморларнинг ҳолидан хабар олишини кўриб, очиғи,  ўзингиз ҳижолат бўласиз.

Бир куни мени бошқа мутахассиз кўригидан ўтказиш учун ўзга бўлибга олиб боришлари керак эди.  Ўзим юриб бораман,  деганимга қаврамасдан  шифокор “йўқ,  каляскада олиб боришади. Қизлар шунинг учун маош олишади” деб айтди. Шифохонадан соғайиб чиқаётганимда “Хизмат ҳаққи қанча бўлади?” деб сўраганимда,  ҳамширалар  “Ундай деманг, врач хафа бўлади. Бизда порахўрлик йўқ” дейищди. Хурсанд бўлганимдан чин юракдан чиройли гулдаста туҳфа қилдим.  Шифокорлар   хуш кайфиятда хушмуомалалик билан хайрлашишди.

Ўзимизнинг  Ўзбекистонимиздаги шифохонадан чиқишимдан олдин шифокор келиб,  “завотдел келишилган пулни сўраяпти”, деди гуё қарзини қичаётган кишидек шошириб.  Операция бўлганлигим сабабли юра олмасдим. “Насилка”да олиб тушишлари учун  5 000   сум пул бердим.   “Оперция жойи битмаган-ку?” деган саволимга шифокордан   “Уйингизда битиб ктеади” деган жавобни олдим. ..

 Бугун шунчаки  Ўзбекистон  ва  Россия шифохоналари ўртасидаги тафовутни таққосладим, холос. Баъзан ўйлаб, ҳатто ташкишга тушиб қоласан киши:  Оиласини зўрға боқаётган инсон операция ҳолига келса ҳоли нима кечади?   Наҳотки  Соғлиқни сақлаш вазирлиги,  Самарқанд  вилоят ва  шаҳар Соғлиқни саклаш бошқармаси республикамизда, хусусан Самарқанд вилоятидаги мавжуд тиббиёт муассасаларидаги бундай таъмагирликлардан бехабар бўлса?

Азиз юртдошлар, ватандошларим, Ўзбекистон аҳолиси,  Аллоҳдан сўранг, тўрт мучангиз соғ бўлсин.  Ҳеч қачон ишингиз тушмасин шифокорларга.

 

Зарифа Мирзаева

“Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракати Самарқанд вилояти, Жомбой туман фаоли

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares