АЙНИТАР

Бахтиёр Маҳмудов

БАХТИЁР МАҲМУД

Имони сустларни замон айнитар,

Ишончи йўқларни гумон айнитар,

Кимни мушкул, кимни осон айнитар,

Кўрилган яхши-ю ёмон айнитар.

Одам гуноҳ қилар билмай ё билиб,

Фойда, кайфу сафо изидан елиб,

Валади зинолар дунёга келиб,

Наслни хиёнат, ёлғон айнитар.

Қўзғаб турли-туман можароларни,

Юзага келтириб муаммоларни,

Дўстлар, қариндошлар, ошноларни

Ғийбат эркин олган забон айнитар.

Дўстларинг кўпаяр юқори юрсанг,

Аслида ҳаммаси душмандир билсанг,

Яшрин тўсиқлардан асаблар таранг,

Умр ҳавосини бўҳтон айнитар.

Учсанг гар зинокор кимса макрига,

Умр косанг тўлар илон заҳрига,

Оёқ қўйиб ҳалол инсон меҳрига,

Қалбингни залолат чандон айнитар.

Замон ҳам айнимас ўзи ўзидан,

Ранг олар шоҳ ила гадо сўзидан,

Ҳақ нури йўқолиб дили, кўзидан,

Замонни ҳар нопок инсон айнитар.

Маҳмуд, тўғри йўл тут, руҳинг тушмасин,

Ҳисларинг нодонга айланишмасин,

Мустаҳкам имоннинг ўлмаслиги чин,

Вақт, замон олтинни қачон айнитар?

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares