Шоиртабиат ўзбек шеърталаб халқ. Бадиий адабиётни, ашъорларни хуш кўради. Қўйиб берсанг то тонгга қадар баҳру байт айтиб кўнглин чоғлайди. Ўзбеклар шунақа кўнгил кишилари, шинаванда халқ.
Биз шундай деб турганимизда, улкан океан орти мамлакати одамларининг ҳам қалби шеърга, шеъриятга ошно чиқиб қолдики, бундай хушхабар ўзбек миллатини кўп ва хўп хурсанд қилди.
Адабиётнинг сирли оламига ошуфталик американинг бетакрор шоири, Айова университетидаги Халқаро ёзувчилар дастурининг директори Кристофер Мерриллни меҳр-муҳаббат улкаси Ўзбекистонга етаклади.
Янги йил – Наврўз билан қадамба-қадам диёримизга ташриф буюрган Кристофер Меррилл мана бир ҳафтадирки ўзбекистонлик мухлислари даврасида.
Американинг Ўзбекистондаги элчихонаси ходимларининг саъйи ҳаракати билан бугун, 27 март куни ўзбекистонлик бир гуруҳ шеърият ихлосмандлари, журналистлар, ижодкорлар шоир билан юз кўришиш, суҳбатлашиш бахтига муяссар бўлишди.
“Биз, Америка халқи ҳам шеъриятни, ижодни ниҳоятда қадрлаймиз. Айни дамда АҚШда 40 миллондан ортиқ шоирлар, ижодкорлар мавжуд. Мана шу рақамнинг ўзиёқ сўзларимнинг исботи. Мен ҳам ижод дардига мубтало бўлганлардан бириман” дейди Кристофер Меррилл учрашув чоғида мухлисларга беғубор табассум билан.
Массачусетс штатининг Нортҳэмптон шаҳрида туғилиб, Нью Жерсида ўсиб-улғайган Кристофер Меррилл Мидлбёри коллежи ва Вашингитон университетида таълим олган. Айни дамда шоир тўртта шеърий тўплам муаллифи. У “Қўриқчилик гулхани” тўплами учун Америка шоирлдар академиясининг Питер И.Б. Лаван номидаги “Ёш шоирлар” мукофотига сазовор бўлган. Шоирга кўрсатилган эъзоз-эҳтиромлар орасидан санъат соҳасидаги рицарлик унвони ҳамда француз ҳукуматининг мактублари ҳам ўрин олган.
Кези келганда шуни ҳам таъкидлаш керакки, Кристофер Меррилл нафақат шоир, балки у моҳир таржимон, ажойиб таҳрирчи ҳамдир. Шу маънода шоир ўндан ортиқ тўпламларни таҳрир ва таржима қилган.
Кристофер Меррилл асарлари 25 та тилга таржима қилинган. Айтишимиз мумкинки, шоир асарларининг бир қанча тилларга угрилиши Кристофер Меррилл ижоди бағоят залворли эканлигидан далолат.
Чунончи шоир:
Кўмирнинг устида юрай деб аста
Оёқ кийимимни ечдим, бошладим,
Ўз теримни шилдим, мана, бирпаста
Сени айлантириб ўраб ташладим.
Танамни қийма гўшт этдим, оғринмай,
Сени севмоқ учун асли бу ришта.
Ниҳоят, жонимни суғурдим, атай,
Сенга айланмоқ-чун, фариштам!
дея қалбнинг қиёфасини, руҳиятнинг тимсолини, кўнгилнинг жамолини ўзига хос каломий рангларда тасвирлайди….
Учрашув чоғида Кристофер Мерриллнинг тийран тафаккури, иқдиори, юксак салоҳияти яна бир бор намоён бўлди. Ўз навбатида шоир ўзбек халқининг ижод аҳлини қадрлашдек ажойиб фазилатидан мамнун эканлигини изҳор қилди.
“Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракати матбуот маркази




